Линклар

Шошилинч хабар
26 май 2019, Тошкент вақти: 14:48

Теҳрон таҳдидлари ортидан Вашингтон Эронга қарши яна санкция жорий қилди


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва АҚШ президенти Дональд Трамп

Эрон жаҳоннинг етакчи давлатлари билан эришилган ядровий шартноманинг айрим шартларига риоя қилишни тўхтатиши мумкинлигини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб АҚШ Теҳронга нисбатан янги санкцияларни жорий этди.

Янги санкциялар Эроннинг пўлат, алюминий, мис ва темир ишлаб чиқариш саноатини нишонга олади. Санкциялар Эрондан мамлакат иқтисоди учун муҳим бўлган мазкур маҳсулотларни сотиб олиш ва унга сотишни чеклайди.

Оқ уйнинг ушбу баёнотидан бир неча соат олдин Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Россия, Франция, Британия, Хитой ва Германия¸ Теҳрон манфаатларини АҚШ санкцияларидан ҳимоя қилмаса, мамлакат уранни бойитиш жараёнини қайта бошлашидан огоҳлантирди.

Руҳоний¸ келишувни имзолаган давлатлар 60 кун ичида Эрон нефть ва банк секторини АҚШ санкцияларидан ҳимоялаш тўғрисида бир қарорга келмаса, Теҳрон уранни ядровий қурол ишлаб чиқиш учун ишлатиш мумкин бўлган даражагача бойитишини айтиб, таҳдид солди.

Бундан роппа-роса бир йил олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон 2015 йили Ғарб давлатлари ва Эрон ўртасида тузилган ядровий келишувдан чиққанини эълон қилиб, Эронга қарши санкциялар қайта жорий қилинишини маълум қилган эди.

Эроннинг янги таҳдидлари Европа Иттифоқи расмийлари томонидан ҳам танқид қилинди. Жумладан, Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант:

- Британия ядровий шартномани қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ядровий қуролларни тарқатмаслик йўналишидаги глобал миқёсдаги асосий ҳужжатдир. Ҳужжат бизнинг хавфсизлик соҳасидаги умумий манфаатларимизга жавоб беради. Бироқ Теҳроннинг бугунги баёноти ҳаддан ошиш бўлди, - деб фикр билдирди.

Келишувни имзолаган давлатлардан бири бўлган Россия Эроннинг бу ҳаракатларига Вашингтон айбдор эканлигини таъкидлади.

Трамп ушбу мавзуда эълон қилган баёнотида янги санкциялар “Эроннинг индустриал металлардан оладиган даромади – экспортининг 10 фоизини мўлжалга олади ва бошқа давлатларга Эрон пўлати ва бошқа металларини ўз портларига киритишларига бошқа бефарқ қараб ўтирмаслигимизни кўрсатади”, дейилади.

Вашингтон бундан аввал Эрон иқтисоди учун муҳим бўлган нефть экспортларига чекловлар жорий қилган.

Айни пайтда Трамп музокара ўтказишга тайёр эканлигини айтар экан,

- Теҳрон ўзини тутишни ўзгартирмаса, янада кўпроқ чора кўрилишини кутса бўлади, - деди.

8 май куни Руҳоний Эрон халқига қилган мурожаатида Теҳрон оз бойитилган уран ҳамда ядровий реакторларда ишлатиладиган оғир сув заҳираларини оширишини таъкидлади.

Руҳоний келишувни имзолаган бошқа давлатлар - Германия, Франция, Британия, Россия ва Хитойга Эроннинг банк ва нефть соҳаларини АҚШ қайта жорий қилган санкциялардан ҳимоя қилиш учун 60 кун муддат берилишини, агар бирор натижа бўлмаса, Эрон уранни келишувда белгиланган 3,67 фоиздан кўпроқ бойитишни бошлашини айтди.

Шундай бўлса-да¸ Эрон президенти ўз мамлакати келишувни ҳануз қўллашини қўшимча қилди.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон кейинги чораларни кўришдан аввал Эрон ҳаракатларини кузатишини айтди.

Трамп ўтган йилда келишувни танқид қилиб, АҚШни ундан чиқарганидан бери Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар кескин таранглашди. Трамп келишувда Эроннинг баллистик ракета дастурига ҳамда Яқин Шарқдаги фаолиятларига чеклов қўймаганини учун уни танқид қилиб келади.

Кейинги бир йил ичида АҚШ Эронга қарши қатор санкцияларни жорий қилди.

Аммо Халқаро атом энергияси агентлигининг маълум қилишича, АҚШ ҳаракатларига қарамасдан, ҳозиргача Теҳрон келишув шартларига амал қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG