Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

"Америка орзуси"да. Марказий осиёлик мигрантлар Мексика чегарасига оқиб келмоқда


Мексика-АҚШ чегарасидаги мигрантлар. 10 май, 2023
Мексика-АҚШ чегарасидаги мигрантлар. 10 май, 2023

Тожикистонлик Саодат Жумабоева ва унинг уч кишилик оиласи жорий ҳафтада АҚШда янги ва яхшироқ ҳаёт бошлаш илинжида узоқ саёҳат бошлайди. Саёҳатнинг биринчи манзили - Истанбул.

Жумабоевлар оиласи ҳамда яна беш одам – бир нафар тожикистонлик ва тўрт нафар қирғизистонлик бу саёҳатга бир неча ой ҳозирланган. Улар бир-бирлари билан Москвада меҳнат муҳожирлигида танишишган.

Уларнинг ҳеч бирида АҚШ визаси йўқ, визага топшириш ниятлари ҳам йўқ.

Бунинг ўрнига, улар "Америка орзуси"га эришиш учун Мексика орқали АҚШга ноқонуний тарзда ўтишга қарор қилишган. Бу йўл билан бошпана сўраш марказий осиёликлар ва россияликлар орасида тобора оммалашиб бормоқда.

“Ўтган йили Россия паспортидан фойдаланиб, Мексикага борган кўплаб қирғиз ва ўзбекларни биламиз. Улар аллақачон Америкада. У ерда ишлаб, пул топишяпи”, - деди Жумабоева 17 май куни Озодлик билан суҳбатда.

“Биз ҳам омадимизни синаб кўрамиз”.

Жумабоевлар саёҳат таҳликали бўлиши мумкинлигидан хавотирда эмаслар. Айрим гувоҳларнинг сўзларига кўра, Мексика орқали АҚШга ўтмоқчи бўлганлар талон-торрж ва ҳужумлар қурбони бўлиши, қамоққа тушиши ёки ҳатто йўлда нобуд бўлиши мумкин.

Улар, шунингдек, Мексика орқали АҚШга ўтганларни бошпана сўраш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин бўлган янги, қатъийроқ АҚШ иммиграция қонунларидан қўрқмайдилар.

Жорий ойда кучга кирган янги қоидаларга кўра, агар муҳожирлар мамлакатга киришга уринишдан олдин бошпана сўраб онлайн ариза топширмаган бўлсалар ёки АҚШга етиб боришдан олдин бошқа мамлакатлардан бошпана сўрамаган бўлсалар, чегарадан қайтарилишлари мумкин.

АҚШга ноқонуний ўтганлар депортация қилиниши ва мамлакатдан беш йилга бадарға қилиниши мумкин.

Жумабоевлар ва уларнинг дўстлари Россия паспортини олишган. Россия ватандошлари Мексикага визасиз кириш ҳуқуқига эга. Гуруҳ аъзолари айнан шу имкониятдан фодаланиб, Мексикага бормоқчилар.

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг бошидан буён Мексика орқали АҚШга кирган Россия ватандошлари сони сезиларли даражада ошган. Кўпчилик бу тенденцияни Москванинг Украинага босқини билан боғламоқда. Уруш бошланганидан кейин Россияни минглаб одам тарк этди.

АҚШ Божхона ва чегара ҳимояси маълумотларига кўра, 2022 молия йилида (2021 йилнинг 1 октябридан бошлаб) 36 271 нафар Россия ватандоши АҚШнинг жанубий чегаралари орқали киришга уринган бўлса, аввалги йилда бу кўрсаткич 13 240 ни ташкил қилган.

2022 йил октябирдан 2023 йил мартигача 38 259 нафар россиялик Мексика орқали АҚШ чегарасига борган.

АҚШ ҳукумати маълумотларига кўра, октябрдан январгача бўлган даврда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ватандошларининг бошпана сўраб қилган мурожаатларини маъқуллаш ҳолатлари кўпайган.

Никарагуа орқали кириш

Қирғизистон матбуоти хабарларига кўра, Мексикадан АҚШга ўтган қирғизистонликларнинг аксарияти Россия паспортига ҳам эга бўлган.

Аммо иккинчи паспорти бўлмаганлар Марказий ва Жанубий Америка орқали етиб олиш учун бошқа йўлларни кўриб чиқишади.

Айрим Қозоғистон ватандошлари дастлаб Бразилияга қўнишади, чунки қозоғистонликлар Бразилияга визасиз бориши мумкин.

Қирғизистонликлар ва ўзбекистонликлар эса тобора кўпроқ Никарагуага, сўнгра Мексикага боришмоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган қирғизистонлик шахс май ойи бошида Истанбулдан Манагуага учганида учоқда 30 га яқин Қирғизистон ватандоши бўлганини айтди.

Бу қирғизистонликлар АҚШга етиб олиш ниятида Никарагуага отланишган.

Унинг сўзларига кўра, қириғизстонликлар Никарагуадан Гондурас ва Гватемала орқали Мексика жанубидаги Тапачула шаҳрига етиб олиш учун контрабандачиларга пул тўлаганлар.

Озодлик билан суҳбатлашган шахс Тапачула шаҳридаги олти қаватли меҳмонхонада қолгани, у ерда яшаётганларнинг аксарияти Қирғизистон ватандошлари эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бинодаги 120 та хонанинг 90 га яқинида қирғизистонликлар қолган. Ҳар бир хонада тўрт-беш нафар одам яшаяпти. Унинг айтишича, меҳмонхонада ўзбекистонликлар ва бошқа марказий осиёликлар ҳам бор, аммо уларнинг сони озроқ.

Муҳожирларнинг аксарияти АҚШга отланишдан олдин АҚШдан бошпана сўраб онлайн ариза топширишган.

Россия ҳамон марказий осиёлик муҳожирлар энг кўп борадиган давлат бўлса-да, сўнгги йилларда минтақадаги беш собиқ совет республикасидан минглаб одам қонуний ва ноқонуний йўллар билан АҚШга етиб олган.

“Бошпана сўрови”

Москвада Жумабоевлар ўз машиналарини сотиб, ижарага олган уйларидан чиқишган. Саёҳатларини молиялаштириш учун “ҳам нақд, ҳам картада” пул олганлар.

Ўтган йили Россияни тарк этиб, Чикагога етиб олган танишларининг маслаҳатига кўра, Жумабоевлар агар ҳаммаси режадагидек кетса, манзилга етиб олишлари учун ҳар бир кишига тахминан 15 минг доллар керак бўлишини тахмин қилишмоқда.

Жумабоевлар ва уларнинг шериклари – ҳаммаси 30 ёшдан ошган шахслар – қандай қилиб расман бошпана сўрашлари ҳақида ўйлаб кўришган.

Тоғли Бадахшон вилоятида улғайган тожикистонлик шахс таъқиб остида бўлган этник гуруҳ вакили ўлароқ ҳимоя сўрайди.

“Унинг иши бизникидан кўра кучлироқ”, - деди Жумабоева.

“Эрим билан қирғиз дўстларимиз Россиядаги ҳарбий сафарбарликдан қочишяпти”.

Россия паспортига эга марказий осиёлик муҳожирлар Украинадаги урушга чиндан жўнатилиши мумкин бўлса-да, Жумабоева Америкага боришдан мақсад асосан “яхшироқ иқтисодий имкониятлар ва яхши яшаш” эканлигини тан олади.

Гинекология бўйича ҳамшираликка ўқиган Жумабоева Америкада энага ёки қарияларга ёрдамчи бўлиб ишлашни хоҳлайди. Келажакда туғруқхонада яхши маошли иш топишни орзу қилади.

Эри ветеринар, Москвада такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. АҚШда юк машинаси ҳайдашни хоҳлайди. Кўплаб марказий осиёлик эркак муҳожирлар айнан ҳайдовчилик қилишади.

Жумабоева уларни бошпана олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин бўлган янги иммиграция қонунлари ҳақидаги саволга жавобан шундай деди:

“Бу Америка гайкаларни янада қаттиқроқ бурашидан олдин у ерга етиб олишимиз керак, дегани”.

“Уруш бошланганидан кейин дарҳол тарк этмаганимиздан афсусдаман”, - дейди у.

“Чикагодаги дўстларимиз тез орада боришимиз кераклигини айтишди, чунки (АҚШнинг собиқ президенти Дональд) Трамп кейинги сайловда ғалаба қозониб, муҳожирлар учун Америка эшикларини буткул ёпиб қўйиши мумкин”.

Форум

XS
SM
MD
LG