Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 18:49

Андижон мактабларида ССВ тақиқлаган дезинфекция туннели ўрнатиш буюрилди


Андижондаги дезинфекция туннели

Андижон вилоят халқ таълими расмийлари жорий ҳафтадан умумтаълим мактабларида дезинфекция туннеллари ўрнатиш ҳақида оғзаки буйруқ берди.

Мактаблар раҳбарлари аъзо бўлган ички Телеграм гуруҳида эркак мулозим барча мактабларга дезинфекцион туннел ўрнатиш ҳақида буйруқ беради. (Озодлик ихтиёрида мавжуд ушбу аудио уни юборган ходим илтимосига биноан эълон қилинмаяпти)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йилда расман тақиқланган дезинфекция туннелларини нима асосда Андижон умумтаълим мактабларида ўрнатишга буруқ берилди?

Озодлик бу саволни Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида телефон гўшагини кўтарган ва исми айтилмаслигини сўраган мулозимга берди. Умумтаълим мактаблари учун маъсул бўлган бу мулозим¸ мамлакатда COVID-19 билан боғлиқ вазият қайта ëмонлашгани муносабати билан республиканинг барча мактабларида гигиена хавфсизлиги бўйича тадбирлар амалга оширилгани, аммо бу тадбирлар доирасида дезинфекция туннели ўрнатиш кўзда тутилмаганини маълум қилди.

Дезинфекция туннели
Дезинфекция туннели

Ўзбекистонда тақиқланган

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилнинг сентябрь ойида махсус билдириш эълон қилиб, дезинфекция туннелларининг коронавирусга қарши курашда фойдасиз чора эканлигини тан олган эди.

Туннел тақиқланганига оид ССВ тезкор хабари
Туннел тақиқланганига оид ССВ тезкор хабари

Вазирлик ўз билдиришида дезинфекция туннели инсон организмига салбий таъсир қилиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.

«Мактаблар фаолиятини қайта тиклаш масаласи ўртага чиққанда, болаларнинг соғлигига салбий таъсирлари инобатга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим муассасалари олдида дезинфекция туннелларини ўрнатиш қатъиян ман этилишини таъкидлаган эди», — дейилади расмий хабарда.

Бошқарма бошлиғи буюрди

Жорий йилнинг 6 апрель куни Андижон вилояти мактаб директорларининг Телеграм гуруҳида тарқатилган аудиода эркак мулозим “Бошқарма бошлиғи буйруғига биноан ҳар бир мактаб олдига дезинфекция туннеллари ўрнатиш шартлигини” таъкидлайди. Аудиони тақдим этган Озодлик манбаси буйруқни директорларга етказган халқ таълими бошқармаси мулозимининг исми-шарифини беролмаслигини айтди.

Аудиодаги мулозимнинг сўзларига кўра¸ мактаб кираверишига дезинфекция туннеллари ўрнатиш жорий йилнинг 5 апрелида Андижон вилоят ҳокимлиги халқ таълими бошқармаси бошлиғи тарафидан берилган.

Топшириққа кўра¸ гигиена воситалари¸ маскалар захираси ва туннел учун кетадиган ҳаражатлар ота оналардан пул йиғиш ëки ҳомийлар кўмагида амалга оширилиши кўрсатилган.

Озодликка боғланган мактаб директорлари бу вазифаларни амалга ошириш харажати улар зиммасига юкланганидан шикоят қилди.

Харажати ўқитувчиларнинг бўйнида

Андижон мактабларидан бирида хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган мулозимга кўра¸ ўтган йили йиғиштириб олинган ëки омборларда тўпланиб қолган туннеллар мактабларга ўтказилмоқда.

“Ўтган йилгидан фарқи тепада хлор сепадиган души йўқ. Унинг ўрнига туннел полига хлорли ванна ëки хлорли тўшама қўйилган”.

Пахтаободдаги мактаб директори ўтган йили Озодлик билан суҳбатда дезинфекция туннели 1 миллион 500 минг сўмдан ўрнатиб берилганини айтган эди.

“Пулини ўқитувчиларнинг август ойи ойлигидан олиб қолиш лозимлиги айтилди. Кейин ҳар ойда дезинфекция учун камида 20 минг сўмлик хлор ишлатилар экан. Унинг пули ҳам мактаб зиммасида. Бу дегани, яна ўқитувчилар ва мактаб ходимларидан пул йиғилади, дегани”.

Соғлиққа зарар

Касб касалликлари бўйича мутахассис¸ олий тоифали шифокор Шафоат Оқмирзаеванинг Озодликка айтишича, “дезинфекция туннелларида фойдаланиладиган хлорли эритмалар инсон саломатлигига зарар келтиргани боис” ўтган йили вазирлик уни тақиқлаган.

“Хлорнинг инсон организми ва айниқса, болаларнинг нафас йўлларига тушиши ëмон оқибатларга олиб келиши тасдиқланган. Дезинфикцион туннел ичидан тез-тез ўтган ўқитувчи ва ўқувчилар астма¸ аллергик ринит каби касалликларга чалиниши мумкин. Андижонлик ота-оналар ва мактаб мутасаддилари бу масалага жиддий қараши лозим. Тунеллар ëпиқ макон бўлгани учун ичида вируслар тўпланадиган инкубаторга ҳам айланиб қолади. Болалар соғлигини ўйласак, туннелларни ўрнатмаслик керак. Агар ўрнатилган бўлса, демонтаж қилиш керак”¸ - деди Шафоат Оқмирзаева.

Озодлик Андижон мактабларида бошланган дезинфекция туннели ўрнатиш амалиëти мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги таълим муассасаларида ҳам кузатилаётгани ёки йўқлиги борасида ҳозирча маълумотга эга эмас.

XS
SM
MD
LG