Линклар

АҚШ БМТни санкцияни бузаётган Эронни жазоламаётир, дея танқид қилди


АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Никки Ҳалей Хавфсизлик Кенгашини Эронга қарши ҳеч қандай чора кўрмаётгани учун кескин танқид қилди.

Унинг фикрича, бу мамлакат «Хавфсизлик Кенгаши жорий қилган санкцияларни «қайта-қайта ва атай» бузиб келмоқда.

Хавфсизлик Кенгаши ушбу қонунбузарликларга қарши чора кўриш йўлида кичик қадамларни ҳам қўймади, – деди Ҳалей кенгашнинг 29 июнь кунги мажлисида. – Биз Эрон томонига БМТ қарорларини намойишкорона бажармаслигига қараб турмаслигимизни кўрсатиб қўйишимиз шарт.

Санкцияларнинг аксарият қисми бир ярим йил олдин, ядро дастурини чеклаш хусусида дунёнинг етакчи мамлакатлари билан тузилган битимдан сўнг, бекор қилинган эди. Аммо, Эронга нисбатан ядро дастури бўйича битимга кирмаган қурол-яроғ эмбаргоси ва бошқа чекловлар ҳалигача амал қилиб турибди.

БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жеффри Фелтман Хавфсизлик Кенгашига Антонио Гутерришнинг учинчи маърузаси ҳақида қисқача маълумот берди. Маъруза Эронга қарши 2231-қарорда белгилаб қўйилган санкцияларни қўллашга бағишланади.

Бош котибнинг маърузасида Эрон Хавфсизлик Кенгашининг 2231-қарорини бузаётгани очиқ-ойдин айтилган. «Энди кенгаш бунга қандай чора кўради?» деган савол туғилади, – деди Ҳалей.

Аммо Хавфсизлик Кенашининг ҳеч бир аъзоси Эронга қарши бирор чора қўллаш ҳақида таклиф бермади. Дипломатларнинг айтишича, вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган Россия билан Хитойнинг аксарият чораларга рози бўлиши даргумон.

Россия томони мажлисда Гутерришнинг маърузасидаги айрим хулосалардан қониқмаганини билдирди.

Маърузада Франция ҳарбий-денгиз кучлари 2016 йил мартида Ҳинд океани шимолида қурол-яроғ қўлга туширилгани баён қилинади. Фелдманнинг айтишича, БМТнинг «қўлга туширилган қурол-яроғ Эронда тайёрланганига ва ушбу мамлакатдан жўнатилгани»га ишончи комил.

Яна айтилишича, Эрон 27 январь куни баллистик ракета учирган эди, аммо Хавфсизлик Кенгашида бу ракета учирилишига қандай жавоб бериш хусусида муросага эришиб бўлмади.

Ракета синовларига қарши қандай чора кўриш мумкинлиги тўғрисида бирор келишув йўқ. Бироқ, Гутерришнинг маърузасида Эрон «тангликни келтириб чиқариши мумкин бўлган баллистик ракеталарни учирмаслик»ка даъват этилади.

Бир йил муқаддам Гутерришининг ўтмишдоши Пан Ги Мун Эроннинг баллистик ракеталар учираётганини ядро дастури бўйича битимнинг «конструктив руҳига мос келмаслиги»ни айтган эди.

БМТ қарорида Эрон ядро қуроли ташиши мумкин бўлган баллистик ракеталар устида иш олиб боришни саккиз йил тўхтатиб туришга «даъват қилинади». Теҳрон билан Москва қарор матнида бу ҳол мажбурий экани кўрсатилмаганини айтмоқда.

АҚШ президенти маъмурияти келишувни қайта кўриб чиқмоқда, Трамп унинг имзоланишини «фалокат» деб атади. Аммо Ҳалей, «қайта кўриб чиқиш тугалланмагунча, олган мажбуриятларимизга мос иш тутамиз ва Эрон ҳам шундай қилишини кутамиз», деди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бошқа аъзолари, жумладан, АҚШнинг яқин иттифоқчилари ядро дастури бўйича битимни тарихий воқеа, деб атаган ва бунинг учун Эронни мақтаган эди.

Британиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Питер Уилсон битимни «дипломатиянинг яқин вақт ичида эришган энг муҳим ютуқларидан бири» деб атади.

Энди эса Уилсон Ҳалейнинг Эроннинг ракета синовлари тақиқини бузаётгани ва қурол-яроғ сотаётгани масаласи кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги гапларини маъқуллади.

Ҳалей Қўшма Штатлар келгусида бундай қоидабузарликларга «кўз юма олмаслиги», БМТ қарори билан тақиқланган юкларни ташишга йўл қўймаслиги, шунингдек, Эронга қарши ўз санкцияларини қўллашини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG