Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:24

Миллер: Президент суриялик қочқинларни АҚШга киритмаслигига судья тўсқинлик қилолмайди


АҚШ президенти Дональд Трампнинг катта сиёсий маслаҳатчиси Стивен Миллер муҳожирларга оид президент фармони юзасидан АҚШдаги қатор ахборот воситалари саволларига жавоб берди. Якшанба оқшом CBS, ABC ва Fox News телевидениеларига берган интервьюлари чоғида Миллер Дональд Трамп 27 январь куни имзолаган фармон юзасидан АҚШ судларига чиқарилган ҳукмлар масаласига тўхталди.

Стивен Миллерга кўра, президент маъмурияти асосий эътиборни АҚШ хавфсизлигига қаратмоқда.

“Ўйлайманки, бу ерда муҳими мана будир: ўтган йили (2016 йилда) 80 миллион одам аэропорт, денгиз ҳамда қуруқлик орқали АҚШга саёҳат қилди. Биз мустақил давлат сифатида ўз хавфсизлигимизни, ҳаётимиз даражаси ҳамда иқтисодий ва молиявий фаровонлигимизни таъминлаш учун зарурий чекловларни қўллаш ҳуқуқига эгамиз. Қисқаси, Сиэтлдаги округ судьяси АҚШ учун иммиграция сиёситини белгилаб бера олмайди, Қўшма Штатлар президенти суриялик қочқинларни мамлакатга киритмаслигига тўсқинлик қила олмайди”, деди Стивен Миллер АҚШ матбуотига берган интервьюсида.

Яъни Миллерга кўра, Сиэтлдаги округ суди судьяси ўз шахсий қарашларига таяниб, Қўшма Штатлар президентини қонунларни ўзгартиришга мажбурлай олмайди.

Бироқ, Оқ уй мулозими Сиэтл округ суди судясининг қарори юқори иснстация суди томонидан тасдиқлангани ва ўз кучида қолдирилгани ҳақида тўхталмади, балки яна бир бор хориждан келаётган муҳожирларни эҳтимолий жиноятчи сифатида кўриб, уларни чиқариб юбориш АҚШ хавфсизлиги учун муҳим, дея таъкидлади.

“Қўшма Штатлар қонунларига бўйсунамиз. Уларга риоя қилар эканмиз, жиноий тарихга эга шахсларни бу мамлакатдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Агар биз 10 нафар хорижий жиноятчини чиқариб юборсак ва бунинг натижасида икки, уч ёки тўрт америкалик ҳаётини сақлаб қолсак, бу ажойиб бўлади”, деди Миллер.

Шунингдек, тақиқланган 7 давлат фуқаролари томонидан содир этилган террорчилик ҳаракатига оид фактлар йўқлиги ҳақидаги саволларга жавобан Миллер, аслида АҚШга киргач, террорчилик қилишга уринган ёки бунга ҳозирлик кўрган хорижликлар ҳақида кўплаб мисол келтира олишини айтди, аммо яна бирорта ҳам мисол келтирмади.

“Мен сизга мамлакатимизга киритилганидан кейин даҳшатли террор ҳужумларини амалга оширган ёки шундай қилмоқчи бўлган шахслар ҳақида сон-саноқсиз, батафсил мисол келтира оламан. Терроризмда ёки терроризмга алоқадор ҳаракатларда айбланган шахсларнинг кўпчилиги ушбу мамлакатлардан (яъни, 27 январь куни президент имзолаган фармонда тилга олинган давлатлардан) келган”, деди АҚШ президенти маслаҳатчиси.

Ваҳоланки, 7 давлат фуқароларининг АҚШга киришини тақиқловчи фармон чиққанидан буён бу масалани ўрганаётган америка матбуоти ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, жамоатчилик фаоллари айнан шу давлат фуқаролари террорчилик ҳаракати содир этганига оид факт топилмаганини айтиб келмоқдалар.

Буни изоҳсиз қолдирган Стивен Миллер, аксинча, матбуотни АҚШ президентига овоз берган 300 миллионлик аҳолиси танловини инобатга олишга чақирди.

“Сайланмаган судья бутун Америка Қўшма Штатларининг иммиграция қонунларини ва сиёсатини ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас. Президент бундай қила олади. Бу масала 300 миллион АҚШ фуқароси олдига ташланди. Улар мамлакатимиз Франция, Германия ҳамда Бельгиянинг айрим ҳудудларидагидек доимий радикализм ичида қолмаслиги ёки терроризм ҳаётимизнинг оддий аспектига айланмаслиги учун ноябрь ойида ўз сайлов қоғозлари билан янги, кучли назорат чораларни жорий қилинишини қўллаб овоз бердилар”, деди АҚШ президенти Дональд Трампнинг катта сиёсий маслаҳатчиси Стивен Миллер.

Миллерга кўра, тез орада Доналд Трамп маъмурияти муҳожирларнинг АҚШга кириши тартибига оид яна бир фармонни эълон қилади, аммо у янги ҳужжат мазмуни борасида бирор маълумот бермади.

XS
SM
MD
LG