Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2022, Тошкент вақти: 15:14

АҚШ янги элчиси: Москва билан алоқаларни яхшилашда Украинанинг ўрни муҳим


АҚШнинг Россиядаги янги элчиси Жон Хантсман (чапда) президент Владимир Путин билан

АҚШнинг Россиядаги янги элчиси Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқани яхшилашда Украинанинг яхлит суверенитетини тиклаш муҳим рол ўйнашини таъкидлади.

Юта штатининг собиқ губернатори Жон Хантсман 7 октябр куни Россия билан алоқани яхшилашни исташи, аммо бунинг учун Москва Украинанинг халқаро ҳамжамият тан олинган чегарасини тиклаши кераклигини айтди.

- Бу масала нафақат Қўшма Штатлар, балки Европа, Канада ва деярли ҳар бир ривожланган мамлакатга тааллуқлидир,- деди Хантсман.

Москва Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларни дастаклаб келади. Украина шарқидаги тўқнашувларда 2014 йилдан бери 10 мингдан ошиқ одам ўлди.

АҚШ, бошқа ғарб мамлакатлари ҳамда Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари учун санкция жорий қилган.

3 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашган Хантсман Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета дастурлари бўйича юзага келган бўҳронни ҳал этиш учун Москва билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини айтди.

Элчи Пхеньян нафақат АҚШ, балки Россия ва бошқа давлатларга ҳам таҳдид солишини айтди.

- Ўйлаймизки, Қўшма Штатлар ва Россия ҳамкорликда Шимолий Корея тузумини дипломатик ечим топиш учун музокара олиб боришга мажбурлай олади,- деди Хантсман.

Аммо 1 октябр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter тармоғида Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета дастурлари бўйича музокара олиб боришни “беҳуда вақт сарфлашга” тенглаштирди.

Хантсман “Ислом давлати” экстремист гуруҳини тор-мор қилиш ҳамда Сурияда олти йилдан бери тинмаётган фуқаролар урушини тўхтатиш учун ҳам Москва билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини айтди.

Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар совуб кетишининг яна бир сабаби Москванинг 2016 йилги АҚШ президенти сайловига аралашгани ҳақидаги мабуот хабарларидир.

19 сентябр куни Сенат кенгаши олдида чиқиш қилган қилган Хантсман:

- Россия ҳукумати ўтган йилда АҚШ сайловига аралашганига ҳеч қандай шубҳа йўқ, қайтараман, ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қолаверса, Москва дўстларимиз ва ҳамкорларимизнинг демократик жараёнларига бурнини суқишда давом этмоқда, - деди.

Хантсман кекса Жорж Буш президент бўлган пайтда АҚШнинг Сингапурдаги элчиси ўлароқ, Барака Обама президентлиги давомида эса АҚШнинг Хитойдаги элчиси ўлароқ ишлаган.

XS
SM
MD
LG