Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 21:20

АҚШ ҳукумати Россияни йирик киберҳужумларда гумон қилмоқда


АҚШ жосуслик хизматларининг ишонишича, рус ҳакерларининг мақсади разведка маълумотларини тўплаш бўлган

5 январь куни АҚШ ҳукумати, дастлабки хулосаларга кўра, мамлакатдаги давлат ва хусусий компаниялар тармоқларига қилинган йирик ҳакерлик ҳужуми ортида Россия турганини маълум қилди.

Ўтган ой аниқланган ҳужум уюштирувчилари бир неча ой давомида федерал ҳукумат тармоқларидан маълумотларни қўлга киритишни кўзлаган.

АҚШ Миллий разведкаси директори, Федерал қидирув бюроси ва бошқа тергов идоралари томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда эътироф этилишича, АҚШ ҳукумати ҳали-ҳануз ҳужумни тўлиқ ўрганиб чиқишга ва унинг оқибатларини бартараф этишга уринмоқда.

Ҳужжатга кўра, бугунга қадар ўтказилган тергов натижалари асосида ҳужум ортида «келиб чиқиши россиялик» ҳакерлар турганини хулоса қилиш мумкин.

«Уларнинг мақсади разведка маълумотларини тўплаш бўлган. Улар ўз уринишларини ҳануз давом эттиряпти, деб ҳисоблаймиз», дейилади баёнотда.

АҚШнинг энг юқори мартабали амалдорлари, жумладан, Давлат котиби Майк Помпео бундан олдин ҳам мураккаб ҳужум ортида Россия жосуслик хизматлари турганини айтган эди. Москва бу айбловларни рад этиб келади.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса киберҳужумнинг кўлами ва таъсирини озайтириб кўрсатди ва унинг ортида Россия турганига шубҳа билдирди. Бунинг ўрнига у ўз қўлида ишлаётган расмийлар ва мутахассислар баёнотларига қарши чиқиб, ҳужум ортида Хитой турган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Аммо 5 январь куни эълон қилинган баёнот Трамп маъмурияти Россияни расмий равишда айблаган илк баёнот бўлди.

Баёнотда ҳакерларнинг мақсади очиқланди. Афтидан, улар аввал тахмин қилингандек, инфратузилма тармоқларини ишдан чиқаришни эмас, балки разведка маълумотларини тўплашни кўзлаган.

Йирик ҳужум ўтган йилнинг март ойида бошланган. Ўшанда ҳакерлар ҳукумат ва минглаб корхона ва ташкилотлар фойдаланадиган SolarWinds дастурий таъминотининг янги версиясига зарарли кодни киритишган. Ҳужумдан биринчи бўлиб 2020 йил декабрида FireEyE киберхавфсизлик фирмаси хабар топган. FireEyE бу ҳақда хабар топишига ширкатнинг ўзи ҳужумга учрагани сабаб бўлган.

Баёнотда қайд этилишича, SolarWinds ширкатининг Orion дастуридан фойдаланиб келган тахминан 18 минг давлат ва хусусий сектор мижозлари ҳакерлик ҳужуми қурбони бўлган.

Аммо терговчилар уларнинг «анча кичик қисми» кейинги ҳаракатлар қурбони бўлганини айтишмоқда.

«Биз ҳозиргача ушбу тоифага кирадиган ўндан кам АҚШ давлат идорасини аниқладик ва ҳозирги кунда зарар кўрган бўлиши мумкин бўлган ташкилотларни аниқлаш ва хабардор қилиш устида иш олиб бормоқдамиз», дейилади баёнотда.

«Бу жиддий ҳужум бўлиб, унинг оқибатларини бартараф этиш учун мунтазам ва жиддий курашиш керак бўлади», дейилади ҳужжатда.

Баёнотда АҚШнинг айнан қайси давлат идоралари хавф остида эканлиги ҳақида маълумот берилмади. Шундай бўлса-да, ҳужумга учраганлар орасида ғазначилик, тижорат, давлат, ички хавфсизлик ва мудофаа вазирликлари борлиги айтилди.

XS
SM
MD
LG