Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2025, Тошкент вақти: 06:01

АҚШ Конгресси сайловлари: “Октябрь сюрпризи” ҳақида эшитганмисиз?


АҚШ Конгрессига сайловлар 6 ноябрга белгиланган¸ аммо кўп штатларда муддатидан олдин овоз бериш қутилари очилди.
АҚШ Конгрессига сайловлар 6 ноябрга белгиланган¸ аммо кўп штатларда муддатидан олдин овоз бериш қутилари очилди.

1972 йилнинг 26 октябрида ўтказилган сайловлардан 12 кун олдин АҚШ президенти Ричард Никсоннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳенри Киссинжер Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қатнашган эди.

- Биз тинчликка жуда яқин қолганига ишонамиз, - деган эди Киссинжер.

Таҳлилчилар маслаҳатчининг ушбу баёноти Никсоннинг президентликка қайта сайланишида муҳим ўрин тутганини айтиб келади.

Киссинжернинг бу гапи АҚШ сиёсатида “октябрь сюрпризи“ номи билан танилган ҳодиса мисолидир. Бу каби ҳодисалар олдиндан режалаштирилган ёки режалаштирилмаганидан қатъий назар, миллий сайловлардан олдин америкалик сайловчилар фикрини кутилмаганда ўзгартиргани учун шундай номланади.

6 ноябрда бўлиб ўтадиган Конгресс сайловлари кейинги йилларда кузатилган энг мунозарали сайловлардан бирига айланмоқда. Сайловда ғолиб чиққан партия Конгресс бошқарувини қўлга киритади.

Жорий йилги сайлов олдидан бирорта “октябрь сюрпризи“ тайёрлагани ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда,аммо бундай сюрпризга бир неча номзод бор.

Тарих

Сиёсий тарихчилар ўртасида ушбу тушунча қачон пайда бўлгани ҳақида турли қарашлар мавжуд. Айримлар 19-асрдаёқ бундай стратегия қўлланилганини айтиб келади.

Аммо мутахассисларнинг айтишича, “октябрь сюрпризи“ атамаси 1980 йил республикачи Рональд Рейган ҳамда демократ Жимми Картер беллашаётган пайтда юзага келган. Ўшанда Эрон 52 нафар америкаликни бир йилдан бери асирликда ушлаб келаётган, Картернинг уларни ҳарбий амалиёт ёрдамида озод қилишга уриниши муваффақиятсиз якунланган эди.

Сайлов арафасида Рейганни қўлловчи республикачилар Картер Эрон расмийлари билан асирларни озод қилиш бўйича музокара олиб бораётгани ҳақида нолишди. Пировардида бундай келишувга эришилмади, сайловда Рейган ғолиб чиқди, асирлар Рейган инаугурацияси куни қўйиб юборилди.

Кейинроқ демократлар Рейганнинг ҳамкорларини асирларни эртароқ озодликка чиқаришга қодир бўлса-да, “октярбрь сюрпризи“ учун уларни озодликка чиқаришни атайин кечиктиришда айблади. Бу айбловлар Рейган икки президентлик муддатини якунлагунича тинчимади. 1991 йилга келиб Конгресс ушбу ҳолатни тергов қилиш учун махсус кенгаш тузди. Тергов бундай режа бўлмаган, деган хулоса билан якунланди.

Клинтон ва Трамп

2016 йилги сайловдан олдин ўтказилган сўровномаларда демократ Ҳиллари Клинтон октябрь ойигача рақиби республикачи Дональд Трампдан озгина олдинда эди.

Октябрь бошидаThe Washington Post газетаси Трамп бир неча йил олдин аёлларга тажовузкорлик қилгани ҳақида мақтанаётгани акс этган видеони ёйинлади. Мақола чоп этилган кун WikiLeaks сайти Клинтон сайлов кампанияси аъзоларининг ҳакерлар ёрдамида қўлга киритилган электрон мактубларини эълон қила бошлади.

Клинтоннинг электрон мактублари бир неча ой олдин ҳам муҳокама қилинган эди. Хусусан, республикачилар уни давлат котиби ўлароқ ишлаган пайтида қоидаларга зид равишда махфий маълумотларни хусусий компьютер сервери орқали юбориш ва олишда айблади.

Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми июль ойида Клинтонга жиноий айблов қўйилмаслигини эълон қилди. 28 октябрь куни, яъни сайловга 11 кун қолганда Коми Конгрессга мактуб юбориб, юқори лавозимли маслаҳатчининг турмуш ўртоғи компьтеридан топилган, Клинтонга алоқадор бўлган электрон мактубларбюро томонидан ўрганилаётганини билдирди.

6 ноябрь куни – сайловга икки кун қолганда – Коми Конгрессга июлдаги фикрлари ўзгармагани ҳақида иккинчи мактуб юборди.

Сайловда Трамп ғалаба қозонди.

Виржиния университетининг Сиёсат маркази таҳлилчиси Кайл Кондик мазкур ҳолат АҚШ тарихидаги энг таниқли “октябрь сюрпризларидан“ бири бўлганига ишонади.

- Клинтон ушбу ҳолат туфайли мағлуб бўлдими, йўқми, билмайман, аммо бу ҳодиса Клинтон учун ўта ёмон пайтда содир бўлди. Коми сайловдан олдинги якшанбада тергов ҳеч нима аниқламагани ҳақида юборган мактуби вазиятни кескинлаштирган бўлиши мумкин. Бу эса пировардида Трампга овоз берган сайловчилар хаёлида қолган бўлиши мумкин. Иккиси ҳамаксар сайловчиларга мақбул бўлмаган номзод ўртасидаги кампанияда янгиликларнинг асосий мавзуси бўлмаслик яхши аслида.

2018 йилги сайлов

Жорий йилда АҚШ сиёсатида икки партия ўртасидаги адоват кучайди. 6 ноябрга белгиланган сайлов Трампнинг турли чегаралардан чиқиб келаётган лидерлик услуби учун синов бўлади.

Бу ҳолат эса сиёсий кузатувчилар учун “октябрь сюпризини“ аниқлашни мушкуллаштирди.

The Wall Street Journal газетаси мухбири Дэниел Ҳеннингер Марказий Америкадан АҚШга отланган юзлаб муҳожир бу йилги сайловларнинг асосий мавзуси эканлигини айтди.

“Муҳожир карвони“ номи берилган ушбу гуруҳни консерватив матбуот исбот-далилсиз АҚШга терроризм ва иллат олиб келувчи одамлар ўлароқ тасвирлаб келмоқда. Бу қарашлар эса Трампнинг иммиграцияга қарши сиёсатига мос тушади.

Ҳеннингер 24 октябрь куни ёзган мақоласида Трамп республикачи сайловчиларни овоз беришга рағбатлантиришда кутилмаган бу ҳодисадан фойдаланаётганини айтади.

- Афтидан, 2018 йил сайловнинг “октябрь сюрпризи“ келиб қолди – Гондурасдан, - деб ёзди у.

- Амалдаги президент оралиқ сайловларга икки ҳафта қолган, Намояндалар палатаси бошқаруви демократлар қўлига ўтиши мумкин бўлган бир паллада ушбу ҳодисадан ўзи кўзлаган мақсадга эришиш учун фойдаланаяптими?

Бу йилги Конгресс сайловлари олдидан “октябрь сюрпризи“ дея таърифлаш мумкин бўлган бошқа ҳодисалар ҳам кўп содир бўлди.

Булар орасида 26 октябрь куни ҳозирги ва собиқ демократ етакчилар, ҳамда Трамп билан тўқнашган бошқа шахсларга портловчи ускуна солинган хат юборган ашаддий Трамп тарафдорининг қўлга олинганини айтиб ўтиш мумкин. Бошқа номзод эса 27 ноябрь куни синагогда амалга оширилган ва 11 одам ўлимига сабаб бўлган қуролли ҳужумдир. АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер етакчилигида олиб борилаётган, Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви ҳамда Трамп ҳамкорларининг Россия расмийлари билан алоқаси ҳам бундай сюрпризга мисол бўла олади. Аксар демократ ушбу терговлар Республикачилар партиясини қўлловчилар сонини озайтиришига умид қилиб келади.

Тилга олинган бу ҳодисаларнинг сайловга қандай таъсир ўтказиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Бир неча штатда сайлов кунидан олдин овоз бериш мумкин бўлгани учун, сайлов кунида газеталар бош саҳифаларини эгаллайдиган ҳодисалар сайлов натижасига унча катта таъсир кўрсатмаслигини кутиш мумкин.

2016 йилги сайловни ўрганган FiveThirtyEight сайти ходими Ҳарри Энтен сайловга яқин қолганда маълум бўлган ҳодисалар сайловчиларга оз таъсир кўрсатишини хулоса қилган.

- Бошқача қилиб айтганда, “октябрь сюрпризлари“ октябрда ошкор бўлгани учун ҳам уларнинг таъсири озроқ бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG