Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:23

АҚШ: Оқ денгизидаги портлашга сувга қулаган рус ядровий ракетаси сабаб бўлган


АҚШ Давлат департаменти расмийсининг билдиришича, августда Оқ денгизда содир бўлган сирли портлаш - Россиянинг ядро двигателига эга қанотли ракетани сув остидан олиб чиқиш амалиёти пайтида содир бўлган, деган хулосага келинган.

8 август кунги портлаш ортидан таҳлилчилар унга нима сабаб бўлганини аниқлаш учун бош қотира бошлаган эди.

Россия федерал ва маҳаллий расмийлари эса портлаш ҳақида бир-бирига зид баёнотлар берди.

Хабарларга кўра, 10 октябрь куни БМТ қўмитасида сўзлаган АҚШ давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Томас Динанно:

- Қўшма Штатлар портлаш - рус ядровий қанотли ракетасини денгиз тубидан олиб чиқиш давомида содир бўлган ядровий реакция натижасида юзага келганини хулоса қилди, - деган.

Аввалроқ Озодлик Нёнокса синов полигонида содир бўлган портлаш ҳақида ҳисобот тайёрлаган ва айни хулосага келган эди.

- Ракета Оқ денгиз тубида, йирик аҳоли пунктига яқин жойда ўтган йилнинг бошида муваффақиятсиз якунланган синовдан бери ётган бўлган, - деган Динанно.

АҚШнинг 8 август куни содир бўлган ҳодиса ҳақида ўз разведкаси хулосаларини нима сабабдан бугунга келиб ошкор қилаётгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Нёнокса шаҳарчасидан 30 км. шарқда жойлашган Северодвинск шаҳрида портлаш ҳақида илк хабарлар пайдо бўлиши биланоқ дорихоналардаги барча йод томчилари талаш бўлиб кетди. Маълумки, йод қалқонсимон безни радиациядан ҳимоялаш учун илк восита ўлароқ қабул қилинади.

Северодвинск йирик портга эга бўлиб, шаҳарда кемасозлик саноати ривожланган. Шаҳарда Россия ҳарбий-денгиз флоти учун ядровий сувости кемалари қурилади.

Портлаш содир бўлган кун Россия Мудофаа вазирлиги ҳалокат содир бўлганини тасдиқлади ва икки одам ҳалок бўлганини билдирди.

Икки кун ўтиб, “Росатом” ракета двигателини синовдан ўтказаётган беш нафар ходими ҳалок бўлганини маълум қилди.

Портлаш ортидан Росгидромет 8 августда Северодвинскдаги гамма-нурланиш меъёрдагидан 4 – 16 баробар баланд эканини маълум қилди. Аммо ТАСС “Росатом” агентлигига асосланиб, радиация даражаси одамлар ҳаёти учун хавфсиз экани тўғрисида ёзди.

Айрим кузатувчилар портлаш президент Владимир Путин ўтган йили мақтанган янгича ядровий ракета лойиҳаси билан боғлиқ эканини тахмин қилди.

Хабарларга кўра, “Буревестник” номи берилган ракета синовлари бир неча марта муваффақиятсизликка учраган.

Путин портлаш янги қурол синови давомида содир бўлганини айтди, аммо бошқа тафсилотларни ошкор қилмади. Путин раҳбарлигидаги Россия ўзининг ядровий қуроллар арсенали ҳамда ҳарбий тизимларини такомиллаштириб келмоқда.

Портлашдан кейинги ҳафталарда Нёнокса шаҳарчаси турғунлари ҳодиса ҳақида маълумот бермаган расмийларни танқид қилди. Шаҳарча соҳилларида портлаган қурол бўлакларига ўхшаш чиқиндилар пайдо бўлгани маҳаллий аҳоли ғазабини янада кучайтирди.

Ўтган ойда Озодлик мухбирининг маҳаллий аҳоли шикоятлари ҳақидаги саволига “Росатом” расмийси:

- “Росатом” махфий мудофаа контрактлари ҳамда ҳарбий синовларни шарҳлашга қодир эмас, - дейиш билан чекланди.

Динанно АҚШнинг синов ҳақидаги хулосаларини БМТ қошидаги Биринчи қўмитанинг Нью-Йоркдаги йиғинида маълум қилди.

Ушбу қўмита БМТнинг олти қўмитасидан бири бўлиб, қуролсизлантириш ҳамда қуроллар кўламини назорат қилиш масалалари учун масъулдир.

XS
SM
MD
LG