Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 01:30

Помпео: Эрон халқи овозига қулоқ солинишини истаймиз (ВИДЕО)


АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Озод Европа/Озодлик радиоси саволларига жавоб бермоқда. Варшава шаҳри, 2019, 14 февраль

Эрон Ислом Республикасига юборилаётган ҳар қандай пул Ислом инқилоби сипоҳлари корпуси раҳбари Қосим Сулаймонийнинг қўлига бориб тушади ва номақбул мақсадлар, қолаверса, энг ёмони – Эрон халқига қийинчиликлар туғдириш учун ишлатилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Яқин Шарқ масалаларига бағишлаб Варшавада ўтказилган конференция давомида Озод Европа/Озодлик радиосига берган суҳбатида баёнот берди.

Қуйида Давлат котиби билан билан суҳбатни ўқишингиз мумкин.

Савол: Жаноб Помпео, суҳбатимизни АҚШ маъмуриятининг Эрон Ислом Республикасига қарши халқаро коалиция тузиш борасидаги саъй-ҳаракатларидан бошласак. Бу ҳақда вице-президент Майк Пенс маърузасида маълум қилди. Сизнингча, бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Чунки ЕИ мамлакатлари JCPOA (Ҳамкорликдаги кенг қамровли ҳаракатлар дастури) ҳақида гап кетганда, ўз мақсадларини кўзламоқда. Хабарингиз бор, улар яқинда Эрон билан савдо-сотиқни енгиллаштириш учун SPVни (Махсус мақсадлар учун компания) ишга туширди.

Помпео: Эрон халқи овозига қулоқ солинишини истаймиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:02 0:00

Жавоб: Йиғилишнинг мақсади Бутун Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш эди. Шу сабабли 60 дан ошиқ мамлакат вакиллари Ямандаги ҳал этиш мушкул муаммолар, Сурия муаммолари, фаластинликлар ва Исроил давлати ўртасидаги можаро билан боғлиқ хавфсизликка таҳдидлар ҳақида фикр алмашиш ва уларни ҳал этиш юзасидан ҳамкорлик қилиш учун йиғилди. Биз шу мақсадда бу ерга тўпландик. Гап шундаки, “Ҳезбаллоҳ” ҳақида сўз кетганда, Эрон ҳақида гапириш керак; Ямандаги хуси қабилалари бошига тушган фожиа ҳақида гапирганда, Эрон ҳақида гапириш керак. Эрон конференцияда муҳокама қилинган масалалардан бири бўлди. Лекин мен сизга коалиция жипс эканини айтмоқчиман. Эрон таҳдиди мавжуд эканини ҳеч ким, ҳеч бир мамлакат – хоҳ Осиё, хоҳ Жанубий Америка, хоҳ Яқин Шарқ мамлакати бўлсин – инкор этмади. Ҳамма Эрон Ислом Республикасидан ватандошларига таҳдид борлигини англаб етди. Биз мана шу масалаларни муҳокама қилдик. Муаммони қандай ҳал этиш бўйича принципиал тафовутлар бор. Европаликлар JCPOAни маъқул кўради, биз эса бошқа қарорга келдик. Биз Эрон Ислом Республикасига юборилаётган ҳар қандай пул мамлакат IRGC (Ислом инқилоби сипоҳлари корпуси) раҳбари Қосим Сулаймонийнинг қўлига бориб тушади ва номақбул мақсадлар, қолаверса, энг ёмони – Эрон халқига қийинчиликлар туғдириш учун ишлатилади. Биз Эрон халқига қулоқ солинишига ишонч ҳосил қилиш масаласида қатъиймиз. Бугун 14 февраль куни бу ерга одамларни йиғдик, ўз далилларимизни айтдик ва ишончим комилки, биз бутун Яқин Шарқда мавжуд таҳдидларни биргаликда ҳал этиш йўлида жипслашдик.

Савол: Лекин Эрон ҳақида гап кетганда, сиз айтаётган таҳдидлар қандай бартараф этилиши мумкин? Кўпчилик ушбу конференцияни Вашингтоннинг Эрондаги ҳокимиятни ўзгартириш учун йўл топиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг бир бўлаги деб ҳисоблайди. Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

Жавоб: Мен конференция тарихий воқеа бўлганини айтмоқчиман. Ўзингиз кўрдингиз, исроилликлар билан араблар бирга ўтириб, Эроннинг таҳдиди ҳақида суҳбатлашди. Бунга уларни Вашингтон мажбурлагани йўқ. Биз Эрон Ислом Республикаси ҳақидаги хавотирларимизни ойдинлаштириб олдик ҳамда таҳдидларни камайтириш учун анча-мунча ресурсларни йўналтирдик. Бу ишни давом эттирамиз, чунки пировардида Эрон халқининг овозига қулоқ солинишини истаймиз. Биз режимнинг табиати ўзгаришини ва унинг бошида турганлар нормал мамлакат раҳбарларига ўхшаб иш тутиши тарафдоримиз. Ўтган йил май ойида мен Эрон Ислом Республикаси миллатлар ҳамжамиятига қайтиши учун бажариши зарур бўлган 12 та муҳим масалани баён қилган эдим. Биз ҳар куни кўплаб стратегик масалаларни бажаришга киришамиз ва уларни ҳал этишимизга ишонамиз. Уларни амалга оширсак, бутун Яқин Шарқ, қолаверса, бутун дунёга таҳдидлар камаяди.

Савол: Барча ушбу шартлар, дастлабки шартлар ва хулқ-атворни ўзгартириш ҳақида сиз ҳам, АҚШ маъмуриятининг бошқа амалдорлари ҳам қайта-қайта гапириб келасизлар. Назарда тутилаётган хулқ-атвор Ислом Республикасининг ўзига хос хусусиятидир, уни ўзгартириш режимнинг ўзини ўзгартиртиш билан баробар. Айтмоқчиманки, Эрон Яқин Шарқда, жаҳонда, ўз халқига муносабатига оид мавжуд бирор хулқидан воз кечадиган бўлса, Ислом Республикасидан ҳеч вақо қолмайди.

Жавоб: Аслида ушбу хулқ-атворни қандай ўзгартириш Эрон халқининг қўлида. Эронликлар ўз овози тингланишига мажбур қилади ва бунинг учун кучи борлигини кўрсатади. Улар – донишманд, теран ва ва бой тарихга эга иқтидорли ҳалқ, мамлакати муаммоларини ечишга қодир халқ. Биз ўзгартиришга интилаётган хулқ-атвор бутун Яқин Шарқда хавфсизликни қарор топтириш, Эрон халқининг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган. Биз эронликларни мамлакат ичкарисидаги овози эшитилишига эришиш учун қўлимиздан келган ишни қиляпмиз, токи улар ўзлари истаган тарзда яшасин, лекин бутун Яқин Шарқ ва дунёнинг қолган жойлари аҳолиси ҳаётини хавф ва таҳдидга қўймасин.

Савол: Жаноб давлат котиби, хабарингиз бор, 13 февралда Эронда Ислом инқилоби сипоҳлари корпуси базасига қақшатқич ҳужум уюштирилди ва бу 27 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Твиттерда шундай деб ёзди: “Эроннинг “Варшавадаги цирк томошаси” куни террорчилик ҳужумига дучор бўлгани тасодифмикан?” Бунга сиз нима дейсиз?

Жавоб: Бунга америкаликларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Менинг жавобим шу: кўплаб мамлакатлар, жумладан, Европа мамлакатлари вакиллари Зариф билан учрашади – ҳозир у Мюнхенга йўл олмоқда. Ўша ерда Европа мамлакатлари вакилларининг у билан учрашуви бўлади. Мен ўша вакиллардан жаноб Зариф билан учрашганда ундан, нега бунақа бемаъни гапни гапирдингиз, деб сўрашни илтимос қиламан. Баъзан уни мўътадил киши деб гапиришади. Лекин исроилликлар билан америкаликларни қотилликда айблаш мўътадиллик эмас. Назаримда, бу жаноб Зариф билан президент Ҳасан Руҳоний худди Эрондаги бошқа раҳбарлар сингари инқилобчи эканини кўрсатади.

XS
SM
MD
LG