Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

АҚШ рус дипломатлари биносини назоратга олди, Москва норозилик билдирди


Россиялик дипломатлар 48 соат ичида учта ваколатхонани бўшатиб, чиқиб кетгандан сўнг АҚШ ҳокимият идоралари биноларни ўз назоратига олди. Бунга жавобан Кремл АҚШнинг етакчи дипломатини чақириб, қўлига норозилик нотасини тутқазди. Унда АҚШ идораларининг ҳаракати “мисли кўрилмаган тажовузкор хатти-ҳаракат, деб қораланган.

Россия томони АҚШ раҳбариятидан ўз дипломатларига тегишли бўлган биноларни қайтаришни сўрамоқда ва бу ҳаракатларни "ошкора душманона ҳаракат" деб баҳоламоқда.

"Биз АҚШ раҳбариятини ўзига келиш ва Россия дипломатик корпуси биноларини дарҳол қайтаришни талаб қиламиз. Акс ҳолда, АҚШ томони давлатларимиз ўртасидаги алоқаларда давом этаётган ортга кетиш учун масъул бўлади", дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги 3 сентбяр куни тарқатган баёнотда.

АҚШ Давлат департаменти Россиянинг Сан-Франциско шаҳридаги консуллиги ҳамда Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларидаги савдо ваколатхоналарини 2 сентябр маҳаллий вақт билан соат 14:00 га қадар ёпишни буюрган эди.

Расмий Москва август ойида АҚШ ҳукумати олдига сентябрь ойигача Россиядаги дипломатия ваколатхоналари ходимларидан 755 кишини қисқартириб, 455 кишини қолдириш талабини қўйган эди. Вашингтоннинг бу қарори ўша талабга жавобан қабул қилинди.

Россиянинг Вашингтон шаҳридаги савдо ваколатхонасида ўша муҳлат тугагандан сўнг нима воқеа рўй бергани хусусида АҚШ ва Россия томонлари турлича изоҳ бермоқда.

Москва, АҚШ расмийлари “ваколатхона эшигини бузиб кириш” билан таҳдид солди, Федерал тергов бошқармаси (ФРБ) “бинода тинтув ўтказди”, деб иддао қилди.

Давлат департаменти эса бу иддаоларни рад этди. Унинг ходими фикрича, АҚШ расмийлари Россия вакиллари билан бирга дипломатлар чиқиб кетган-кетмаганини текшириш учун учта ваколатхонанинг барчасини кўрикдан ўтказган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Москвадаги элчихонаси раҳбари ўринбосари Энтони Годфрини чақириб, норозилик билдирди.

Энтони Годфри эса: “Ҳали ҳам Россиянинг АҚШдаги димломатик мол-мулки АҚШнинг Россиядаги дипломатик мол-мулкидан кўп. Россиянинг Америка Қўшма Штатларидаги консуллигини ёпиш ва улар сонини тенглаштириш тўғрисидаги қарор муносабатларимизнинг бундан буён ҳам кескинлашишига барҳам бериш учун қабул қилинди”, деб изоҳ берди.

Россиянинг АҚШ пойтахтидаги савдо вакили Александр Стаднюкнинг давлат назоратидаги ТАСС ахборот агентлигига билдиришича, АҚШ ҳокимият идоралари Вашингтон шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган бинони маҳаллий вақт билан соат 14:00 да ўз назоратига олган. Шу билан бирга у расмий Вашингтонни “жоҳиллик”да ва “Россиянинг чет элдаги мулкига ҳужум қилганлик”да айблади.

АҚШ ҳокимият идоралари дипломатик корпус биноларида тинтув ўтказиш нияти борлигини оммага маълум қилгани йўқ.

Россия Ташқи ишлари вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова 1 сентябр куни АҚШнинг номаълум идоралари вакиллари Сан-Франциско шаҳридаги консуллик ва айрим дипломатлар яшаб турган хонадонларда тинтув ўтказишни режалаштираётганини айтди. Унинг фикрича, бу Россия ватандошларининг ҳаётига “бевосита таҳдид”дир.

Россия расмийлари Сан-Францискодаги дипломатлар ва оилалари яшаб турган уйларни бўшатиш учун бор-йўғи 48 соат вақт берилгани хусусида шикоят қила бошлади. Бунга жавобан АҚШ расмийлари оилаларга буюмларини жўнаб кетиш учун тайёрлаш ва консуллик ҳудудидаги хонадонларни бўшатиб қўйишига “етарли вақт” бериш учун “алоҳида келишув”га эришилганини маълум қилди.

Давлат департаменти вакили ушбу вазирлик барча мол-мулкдан фойдаланишни назорат қилишни, биноларнинг хавфсизлиги ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун масъулиятни зиммасига олишини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров олдинроқ ўз ҳукумати АҚШнинг ваколатхоналарни ёпиш талабини ўрганиб чиқаётганини ва бунга қандай жавоб бериш хусусида кейинроқ қарор қабул қилиши ҳақида баёнот берган эди.

“Президент Владимир Путин кўп марта айтиб келади: Биз Америка Қўшма Штатлари билан жанжаллашишни истамаймиз. Биз ҳар доим Америка халқига нисбатан дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаганмиз. Манфаатларимиз мос келадиган соҳаларда конструктив ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Икки мамлакат ўртасидаги сиёсий муҳит нормаллашишини чин дилдан истаймиз. Лекин танго рақсига тушиш учун шерик кераклигини биласизлар. Назаримда, АҚШлик ҳамкорларимизякка ўзи брейк-данс рақсига тушмоқда”, деди Сергей Лавров.

Москва билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар Россия Украинага тажовуз қилгандан ва унинг 2016 йили бўлиб ўтган АҚШ президент сайлови кампаниясига аралашгани хусусида гумонлар пайдо бўлгандан сўнг кескин ёмонлашди.

XS
SM
MD
LG