Линклар

Россияга қарши санкциялар бўйича қонун имзо учун Трампга тақдим этилди


Владимир Путин ва Дональд Трамп

27 июль куни АҚШ Сенати Россия, Эрон ва Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди ва уни президент Дональд Трампга имзолаш учун юборди.

Лойиҳани қўллаб 98 сенатор овоз берди. Атиги икки сенатор қарши овоз берди.

Янги лойиҳа Россия АҚШ президенти сайловига аралашгани ҳамда Украинадаги агрессияси учун унга қарши жорий қилинган санкцияларни қонунлаштириб, Москванинг Суриядаги амалиётлари учун янги чораларни белгилайди. Бундан ташқари, янги лойиҳада мазкур санкциялар бекор қилиниши учун президент Конгресс маъқуллигини олиши керак, дейилган.

Оқ уй Россия, Эрон ва Шимолий Кореяга қарши санкцияларни қўллашини билдириб келса-да, президент қўлининг боғлаб қўйилишига қаршидир.

Президент Трамп ўз сайлов кампанияси давомида Россия билан айрим соҳаларда, жумладан, “Ислом давлати” жангари гуруҳини йўқ қилишда ҳамкорлик қилишни ваъда қилган эди.

27 июль куни кечқурун Оқ ой президент ҳали қонун лойиҳасини имзоламаганини билдирди.

Лойиҳа Конгресснинг вакиллар палатасида ҳам 419-3 овоз билан маъқулланди. Яъни, президент уни вето қиладиган бўлса, Конгресс аъзолари унинг ветосини бекор қилиши муқаррар.

Мазкур хабар ортидан президент Владимир Путин АҚШнинг Россияга нисбатан санкцияларни кучайтириш ҳаракатига Москва ҳозирча босиқлик билан муносабатда бўлаётганини, аммо ўрни келганда Вашингтонгга жавоб қайтаришга тайёр эканини билдирди.

Финландия президенти Саули Ниинистё билан Савонлинна шаҳридаги учрашувидан сўнг 27 июлда ўтган матбуот анжуманида Путин АҚШнинг санкция жорий этиш ҳаракатини “иқтисодий рақобатда устунликка эга бўлиш учун геосиёсий устунликдан фойдаланиш”, деб баҳолади.

Конгресс аъзолари эса Россия АҚШ президенти сайловга таъсир ўтказишга уринганини кўрсатувчи далиллар етарлича эканлигини, шу сабабли мазкур қонун керак эканлигини таъкидлашмоқда.

АҚШдаги таниқли сенатор Жон Маккейн: “Америка Қўшма Штатлари Владимир Путин ва бошқа ҳар қандай агрессорга ўз демократиямизга ҳужум қилинганда қараб ўтирмаслигимизни кўрсатишимиз керак”, деди.

Трампнинг партиядошлари президент қонун лойиҳасини вето қиладиган бўлса, Конгресс ветони бекор қилишини айтиб, президентни уни имзолашга чақирди.

Янги қонунда Путин ва унга яқин олигархларга қарши чоралар белгиланган. Россия иқтисодининг муҳим секторлари, жумладан, қурол-аслаҳа ҳамда энергетика соҳалари ҳам мўлжалга олинган.

Шимолий Кореяга қарши санкциялар эса мамлакатнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришга қаратилган ҳаракатларига ҳалал беришни кўзлайди.

Ниҳоят, Эронга қарши санкциялар эса, мамлакатнинг баллистик ракета дастурига ҳамда терроризмни қўллашда айбланаётган Эрон инқилобий гвардиясига қарши чораларни ўз ичгиа олади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG