Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2018, Тошкент вақти: 14:52

Трамп Конгрессда қилган чиқишида Хитой билан Россияни “рақиблар” деб атади


Трампнинг Конгрессдаги нутқи 1 соату 23 дақиқа давом этди. 2018, 30 январь.

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой билан Россияни рақиблар деб атади ҳамда уларга “енгиб бўлмайдиган куч” билан қарши туриш зарурлигини уқтирди. Трамп, шунингдек, Конгрессни 2015 йилда Эрон билан ядро дастури борасида эришилган битимнинг “асосий камчиликлари”ни тузатишга чақирди.

Бу фикрларини АҚШ раҳбари 30 январь куни Конгресс палаталари қўшма мажлисида қилган мамлакатдаги аҳволга оид маърузасида билдирди.

Маърузада асосий эътибор АҚШнинг таназзулга юз тутаётган инфратузилмасини қайта қуриш, айрим минтақаларда хавфли тус олаётган наркотиклар эпидемияси ва иммиграция билан боғлиқ қонун-қоидаларни ислоҳ қилишга қаратилди.

Аммо маърузада Қўшма Штатлар дуч келаётган йирик ташқи сиёсат муаммолари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Президент “қаллоб режимлар, террорчилик гуруҳлари, манфаатларимиз, иқтисодиётимиз ва қадриятларимизга хавф туғдираётган Хитой ва Россия каби рақиблар”ни ҳам эслаб ўтди.

Трамп яна Эроннинг ҳокимият тепасидаги диний раҳнамоларига қарши қаратилган ва бутун мамлакатни қамраб олган норозилик намойишларини ҳам тилга олди. У Конгрессни 2015 йили ядро дастури бўйича эришилган битимга тузатишлар киритиш бўйича янги қонунни қабул қилишга чақирди.

Трамп ҳам, кўплаб республикачилар ҳам Барак Обама маъмурияти имзолаган битимни тинмай танқид қилиб келади.

Президентга кўра, Шимолий Кореянинг ядро ракеталари яратишга “тинмай интилиши” тез орада Қўшма Штатларга ҳам таҳдид қилиши мумкин. Шунинг учун ушбу мамлакатга қарши тинмай босим ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Президент маърузасида янграган яна бир муҳим жиҳат Кубанинг Гуантанамо кўрфазидаги АҚШ ҳарбий ҳибсхонасини сақлаб қолиш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақидаги хабар бўлди.

Бир пайтлар уни собиқ президент Барак Обама ёпмоқчи бўлган эди.

Трамп билан республикачи тарафдорлари солиқ сиёсатини қайта кўриб чиқишга эришган, ишсизлар сони камайиб, иқтисодиётда ижобий ўзгаришлар рўй бераётган бўлса-да, президентликнинг дастлабки йили осон кечгани йўқ.

Айниқса, Россиянинг 2016 йилги АҚШ президенти сайловига аралашуви, Трамп ёрдамчилари билан Россия ҳукумат вакилларининг алоқа қилгани борасида гумонлар жиноий ва Конгресс суриштирувларига сабаб бўлди.

Трампнинг 4 нафар ёрдамчиси турли жиноятларни содир этганликда, жумладан, ФТБ терговчиларини алдаганликда айбланмоқда. Улар орасида президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича илк маслаҳатчиси Майкл Финн ҳам бор.

Шу сабабли Трамп сиёсатини маъқулловчилар сони бир йил ичида кескин камайиб кетди.

Синчилар ва сиёсий таҳлилчиларнинг қайд этишича, Трампнинг маърузаси парламентга олдинги мурожаатномалар билан бир ўринда мос тушади: унда ҳам партияларни ҳамжиҳат ишлашга даъват қилинади. Бироқ Трампнинг давлат раҳбари айтиши мумкин бўлмаган гапларни гапираверишга мойиллиги ҳамжиҳатлик руҳи сақланиб қолишига монелик қилади. Чунки жорий йил ноябрида Конгрессга навбатдаги сайлов бўлиб ўтади.

XS
SM
MD
LG