Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:39

Афғонистон президенти АҚШнинг ўз мамлакатига доир янги стратегиясини олқишлади


Афғонистон президенти Ашраф Ғани

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Қўшма Штатларнинг Афғонистон бўйича президент Трамп эълон қилган янги стратегиясини қўллаб-қувватлади. 22 август кунги баёнотида Афғонистон раҳбари АҚШ президенти Дональд Трампга ҳамда Америка халқига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Афғонистон президенти фикрича, Қўшма Штатлар билан Афғонистон ҳамкорлиги шу кунда жуда юқори даражага кўтарилган.

Виржиния штатидаги Форт-Майер ҳарбий базасида қилган чиқиши давомида Трамп Афғонистондаги ҳарбий амалиётларнинг якуний муддати чекланмаганлиги тўғрисида баёнот берди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп 21 август оқшомида сўзлаган нутқида АҚШнинг Афғонистондаги янги стратегиясини очиқлади. Янги стратегиянинг асосий мақсади, Трампга кўра, толибларга қарши курашда зафар қозонишдир.

«Давлатимиз берилган қурбонларга муносиб шарафли ва барқарор натижаларга эришиши керак. Бу жангда миллат учун хизмат қилаётган эркаклар ва аёллар ғалаба режасига лойиқдирлар, улар жанг қилиш ва ғалабага эришиш учун ўзлари учун керак бўладиган воситаларга эга бўлишга муносибдир”,- деди Трамп.

2016 йилда Трамп АҚШ президентлигига номзод сифатида Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий кампанияларни ҳаражатлари кўплиги ва самараси камлиги боис танқид қилган эди. Эндиликда у “Қўшма Штатларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши “мақсадга мувофиқ эмас”лигини айтмоқда. Трампнинг фикрича, АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетса, Афғонистонда бўшлиқ ҳосил бўлади ва бу бўшлиқни террорчилар тўлдириши мумкин.

Президент Трамп Афғонистон бўйича янги стратегиянинг деталларига тўхталмади. У АҚШ ҳарбийлари сони қанчага ошиши, улар Афғонистонда қанча вақт қолиши ҳақида ҳеч нарса демади. Америка ҳарбийларининг Афғонистондаги сони бир неча минг кишига ошиши кутилмоқда.

АҚШ Президенти Покистонни ҳам танқид қилди. Трампнинг фикрича, бу мамлакатда “америкаликларни ҳар куни ўлдираётган ташкилотлар бошпана топган”. Президент Трамп Ҳиндистонни Афғонистонга ҳар томонлама иқтисодий кўмак беришга чақирди.

2014 йили НАТО кучларининг катта қисми Афғонистондан олиб чиқилган ва ҳозирда бу мамлакатда 8400 нафар атрофида АҚШ ҳарбийлари бор.

Бундан ташқари АҚШ махсус кучларининг Толибон ва “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашаётган 2000 га яқин аскари бор. Шунингдек, Афғонистонда НАТО га аъзо давлатларнинг 5000 га яқин ҳарбий хизматчиси мавжуд.

XS
SM
MD
LG