Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 08:09

Арманистон: Пашинян муддатидан олдинги парламент сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди


Никол Пашинян

Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян ўз етакчилигидаги “Фуқаролик шартномаси” партияси 20 июнь куни ўтказилган муддатидан олдинги парламент сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди.

Мамлакат сайлов комиссияси барча бюллетенлар санаб чиқилганидан кейин парламент сайловида “Фуқаролик шартномаси” партияси 53,92 фоиз овоз олганини эълон қилди. Бу партиянинг бир ўзи ҳукуматни шакллантиришига 0,08 фоиз овоз етмай қолгани айтилмоқда.

Иқтидордаги партиянинг асосий рақиби — собиқ президент Роберт Кочаряннинг “Айастан” (“Арманистон”) блоки, МСК маълумотларига кўра, 21,04 фоиз овоз билан иккинчи ўринда бормоқда.

Учинчи ўринни собиқ президент Серж Саргсяннинг “Шарафим бор” мухолифат блоки (етакчиси Артур Ванецян) 5,23 фоиз овоз билан эгаллаб турибди.

Арманистон қонунчилигига кўра, Миллий йиғилиш (парламент)да ўз вакилларига эга бўлиш учун партиялар камида 7 фоиз овоз олиши керак.

МСК қайдича, мухолифатдаги партиялардан яна бири — “Гуллаётган Арманистон” 3,96 фоиз овоз олган.

Никол Пашинян “биз Арманистон халқи “Фуқаролик шартномаси”га ва менга мамлакатни бошқариш ваколатини берди, деб хулоса қила оламиз”, дея баёнот берган.

Пашинян ўз ғалабасини унга бошқарувнинг бирмунча қатъий усулларига ўтиш ва мамлакатда “қонун диктатураси”ни ўрнатиш имконини берувчи “пўлат инқилоби” деб атаган.

“Айастан” блоки мағлубиятини тан олишдан бош тортиб, сайловнинг илк натижалари “ишончли эмас”лигини иддао қилмоқда.

Блок иддаосича, 20 июнь кунги овоз бериш чоғида юзлаб қоидабузарликлар ҳақида хабарлар олинган бўлиб, бу “сайлов натижалари олдиндан тузилган режа асосида, келишилган тарзда сохталаштирилганидан далолат беради”.

“Айастан” блоки “барча баҳсли масалаларга ойдинлик киритилиб, шубҳалар тарқамагунча” сайлов натижаларини тан олмоқчи эмас.

XS
SM
MD
LG