Линклар

Шошилинч хабар
04 апрел 2020, Тошкент вақти: 20:40

«Avto 60 oy» раҳбари қамоқдан чиқарган хатида ИИБ ходими $900 минг пора сўраганини иддао қилди


Жамшид Баҳодиров

19 мингга яқин мижоздан 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғиб¸ фақат 100 нафар мижозгагина машина бергани ортидан жиноят иши фигуранти бўлган «Avto 60 oy» МЧЖси раҳбари¸ 24 яшар Жамшид Баҳодиров қамоқдан мактуб чиқарди.

Нусхаси Озодликка юборилган қўлда ëзилган мактубда Жамшид Баҳодиров қамоқда ўзига нисбатан қийноқ қўллангани ва 900 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилинганини иддао қилади.

Ўтган йил октябрида Жиноят кодексининг 1881-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятда айбланган Баҳодиров¸ эҳтиëт чораси сифатида судгача қамоқда сақланмоқда.

Баҳодировнинг онаси 50 яшар Малоҳат Зокирова Озодлик билан 4 март кунги суҳбатда бу мактуб ўғли тарафидан қамоқда ëзилиб¸ ўзига етказилганини айтади.

Қамоқдан чиқарилган мактуб
Қамоқдан чиқарилган мактуб

- Ўғлим бу хатни менга ëзган. Уни 2019 йил 5 ноябрга ўтар кечаси «Тоштурма»дан олиб келиб тазйиқ қилишган. Ўша ерда Алишер «опер» деган ИИБ ходими ўғлимдан 900 минг доллар талаб қилган. 900 минг доллар берсанг, сени суддан чиқариб юборамиз¸ деган.

Малоҳат Зокирова бу шикоятини 2 март куни айни масала юзасидан Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида очиқлаганини ҳам айтади.

Зокирова шикояти ортидан хизмат текшируви тайинланган.

Матбуот анжумани
Матбуот анжумани

Маҳаллий мухбирлар билан учрашув пайтида ИИВ Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбеков ушбу иддаолар бўйича қайтадан хизмат текшируви тайинланишини маълум қилди.

Озодлик Малоҳат Зокированинг ўғли қамоқдан чиқарган мактубдаги иддаолари бўйича Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Маъмуржон Раҳматуллаев билан боғланди.

Жамшид Баҳодиров ва «Avto 60 oy» МЧЖнинг уч нафар ходими устидан очилган жиноят ишини тергов қилаëтгаан Раҳматуллаев бу иддаолардан хабари борлиги ва хизмат текшируви тугамагунича изоҳ беришдан чекланишини билдирди.

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа маркази бошлиғи - бош бошқарма бошлиғининг матбуот котиби капитан Ирина Сайфутдинова ҳам иддаолар борасида Озодликка изоҳ билдирмасликни маъқул кўрди.

МММнинг ўзбекча кўчирмаси?

«Avto 60 oy» ширкати раҳбари Жамшид Баҳодировнинг онаси Малоҳат Зокированинг Озодликка айтишича¸ ўғли бу ширкатни 2019 йилнинг май ойида очган:

- Қисқа муддатда республиканинг аксар шаҳарларида филиаллар очди. Лекин ўзининг уйи ҳам¸ машинаси ҳам йўқ эди ўғлимнинг. Сотиладиган машиналарни уч кун-уч кун миниб юрарди мақтаниб. Нияти яхши эди ўғлимнинг¸ дейди суҳбатдош.

Жамшид Баҳодиров ширкатининг ижтимоий тармоқлaрда тарқатган рекламаси шакл ва ижро жиҳатдан ўткан асрнинг 90-йилларида халқни чув туширган МММ ширкати рекламаларига ўхшайди.

«Avto 60 oy» рекламасида гулдор Бойсун дўппи кийган содда бир қишлоқи одам шаҳар марказидаги офисга келиб¸ ойига арзимаган пул тўлаш шарти билан янги машинани миниб кетади.

Чув тушган мижозлар

Озодлик «Avto 60 oy»дан жабр кўрган мижозлардан бири билан гаплашди. Озодликка барча тўлов ҳужатларини тақдим қилган наманганлик мижоз «Avto 60 oy» Наманган филиалига пул тўлаганидан 5 ой ўтиб ҳам машинасини ола олмаганидан шикоят қилади.

2 март куни айни масала юзасидан Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида «Avto 60 oy» билан боғлиқ жиноят иши бўйича қарийб 17 минг киши сўроқ қилингани айтилди.

Анжуманда ИИВ Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбеков очиқлаган маълумотга кўра, «Avto 60 oy» МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари одамларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, машина русумига қараб 2 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача пул олган. «Avto 60 oy» бутун республика бўйлаб 19 мингга яқин мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғиб олган.

Расмийнинг айтишича¸ жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат. Камомад 23 миллиард 264 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Ойбек Қулбеков таъкидича айбланувчи ортида бошқа кучлар бор.

«Бу жиноятни Жамшид Баҳодиров бир ўзи содир қилган деб айтолмаймиз. Унинг жиноий шериклари бор ва улар биргаликда шу схемани ўйлаб топиб амалга оширишган. Пул маблағларини йиғиш, одамларни жалб қилиш, турли шартномалар тузиш – буларни Ҳарвардни тугатган бўлса ҳам битта инсоннинг қўлидан келмайди, жисмонан ҳам улгурмайди¸ деган ИИВ расмийси Баҳодировнинг жиноий шериклари кимлиги ҳақида гапирмади.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг мансаб фаолиятида матбуотга гапириш ҳуқуқ бўлмагани боис исми эфирда айтилмаслиини сўраган ходимининг Озодликка билдиришича¸ Жамшид Баҳодиров “одамларни чув тушириб¸ пулини ўзлаштирадиган лохотрон пирамидасини яратган”.

Жамшид Баҳодировнинг ўтган йили босқинчилик айби билан судланиб¸ шартли жазога ҳукм қилинганини қўшимча қилган ИИББ ходими бу иш тафсилотларини очиқламади.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG