Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:18

Бурятияда ўзбекистонлик аёллар қулликдан озод этилди


Бурятия бўйича Россия Тергов қўмитаси расмийларига кўра¸ Бурятия ўлкасида ўндан ортиқ ўзбекистонлик аёл қулликдан озод этилган. Ушбу иш бўйича қўлга олинган икки нафар бурятиялик ва бир ўзбек аёлига нисбатан “ноқонуний миграция ташкил этиш ва қул меҳнатидан фойдаланиш” моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Россия тергов қўмитасига кўра¸ ўзбекистонлик аёл икки нафар бурятиялик шериклари билан ўндан ортиқ ўзбекистонлик аёлни Бурятиянинг Прибайкальский туманидаги “Гранд Текс” номли қўлқоп тайёрлаш фабрикасига ишга келтиришган.

Аёллар фабрика ичидан ташқарига эркин чиқиш имкониятидан маҳрум этилган, улар ҳужжатлари тортиб олинган. Аёллар қўлқоп тикишга мажбурланган. Ишдан бўйин товлаганлар жисмоний жазолаш билан қўрқитилган”, дейилади Россия Тергов қўмитасининг Бурятия республикаси тергов бошқармаси расмий хабарномасида.

Бурятия республикаси тергов бошқармаси навбатчиси Озодлик мухбирига ўзбекистонлик аёлларни қулликда ушлаганларга нисбатан тергов иши энди бошлангани боис¸ ҳозирча тафсилотлар очиқланмаслигини билдирди:

- Ҳозирча тергов иши сир саналади. Тергов энди бошланди. Бу ҳақда берилиши лозим маълумот бизнинг сайтимизда ёзилган. Бундан ортиқ бирор нарса айтишга ҳаққим йўқ, деди ўз исмини очиқламаган навбатчи зобит.

Терговчилардан олинган маълумотларга биноан, қўлга олинганларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322.1 (Ноқонуний миграцияни ташкил этиш), 127.2 (Қуллик меҳнатидан фойдаланиш) моддалари асосида жиноий иш қўзғатилган.

Бундан уч ҳафта олдин Астрахань вилоятининг Актюбинск тумани яшовчиси Дмитрий Романов Ўзбекистон фуқаросини қулликда сақлаб, мажбуран ишлатгани учун суд қарори билан беш ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Россияда қул меҳнатидан фойдаланиш учун 6 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Жиноят бир гуруҳ шахсларга нисбатан амалга оширилган бўлса, 3 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Кузатувчилар фикрича, Россияда ўзбекистонлик муҳожирларнинг қулликка тушиб қолиш ҳоллари олдинги йилларга қараганда камаймаган ва деярли барча минтақаларида учрайди.

“Ўзбекларнинг қулликка тушиб қолишларига¸ асосан¸ ҳамюртлари сабаб бўлади” дейди Халқаро Миграция ташкилоти (МОМ) консультанти, қуллик масалалари бўйича эксперт Турсуной Алимардонова:

- Ўзбекистонликларнинг қулликка тушиш ҳоллари жуда кўп. Мисол, ҳозир бизга тушган мактубда ўзбекистонлик она Самара шаҳридаги қурилишда оғир аҳволда тушган 20 ёшли ўғли ҳақида ёзади. Онага кўра, ўғлини хоразмлик йигит алдаб келтирган ва қуллика солган. Яқинда Волгоград, Краснодар ва Самара қурилиш ва далаларида маош бермай, қуллик шароитда ушланган бир неча ўзбек аёл-эркак қутқарилди. Уларни ўзбекистонлик воситачилар олиб келгани аниқланди. Биздаги далиллар бўйича, асосан аёллардан иборат бундай воситачилар, Ўзбекистонда қишлоқларга юриб, “Россияда мана шундай иш бор, шунча маош беради, шароитлари яхши, истасанг олиб бораман” деб гап тарқатиб, одам йиғишади. Ана шундай одам йиғиб, Россияга олиб келаёткан воситачиларнинг кўпчилиги, биздаги маълумотга биноан, афсуски хоразмликлардан иборат. Азият чекканлар орасида ҳам хоразмликлар кам эмас, деди Турсуной Алимардонова.

Айрим экспертлар фикрича, Россияда қулликка оид айбловларни маҳкамада тасдиқлаш ўта қийин кечади ва қулликка оид далиллар бўлганда ҳам ҳакамларнинг бу жиноят учун арзимаган жазо тайинлаши кўп кузатилади.

Москвадаги “Тожикистон” жамғармаси раҳбари, ҳуқуқ фаоли Гавҳар Жўраева фикрича, ҳуқуқ-тартибот органларидаги коррупция қулликка тушиш ҳолатларининг кўпайишига шароит яратади:

- Россияда ноқонуний муҳожирларни ишга жалб этган ширкатларга катта жарима белгиланган. Шунга қарамасдан, баъзи ширкатлар ноқонуний меҳнат муҳожирларини ишга олишади. Уларни оғир шароитларда ишлатиб, бир тийин тўламай, ҳайдаб юборишади. Бу ҳам қулчиликнинг бир тури ҳисобланади. Ана шундай ширкат эгалари ёки бошқача айтганда, “қулдорлар” катта даромад манбаидан айрилмаслик учун нопок терговчиларга пора беришади, деиди Гавҳар Жўраева.

Халқаро The Walk Free Foundation ташкилоти эълон этган сўнгги ҳисоботга кўра, Россияда 1 миллион 48 минг қул мавжуд ва бу аҳоли умумий сонининг 0,73 фоизини ташкил этади. Бугунги кунда Россия қуллар сони жиҳатдан 167 давлат орасида 7 ўринга кўйилган.

Ўзбекистонга эса, ушбу рўйхатда Шимолий Кореядан кейинги иккинчи ўрин берилган.

XS
SM
MD
LG