Линклар

Шошилинч хабар
06 май 2021, Тошкент вақти: 22:19

BBC мухбири Хитойни тарк этди. У таҳдид ва тўсиқларга учраганини айтмоқда


BBC Пекин бюроси логоси - 12 февраль, 2021.

Чоршанба куни Британиянинг BBC телерадиокорпорацияси Хитойдаги журналистларидан бири Жон Садворт Тайванга кўчиб ўтганини маълум қилди.

Садворт BBC радиосига берган интервьюсида оиласи билан кўчиб ўтганини айтди. Журналистнинг сўзларига кўра, у мунтазам равишда кузатув остида бўлган, ўзига қарши қонуний чоралар кўрилиши ҳақида таҳдидларни олган, тўсқинлик ва қўрқитишларга дучор бўлган.

«Биз шошилинч тарзда жўнаб кетдик. Аэропортда рўйхатдан ўтганимизча фуқаро кийимидаги полициячилар изимиздан қолмади», - деди у.

Reuters агентлигининг ёзишича, чоршанба куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги Садворт кетаётгани тўғрисида маълум қилмаганини билдирган. Вазирлик, шунингдек, BBC агентлигининг Шинжонда уйғурлар ва бошқа озчилик мусулмонларга муносабат, COVID-19 пандемияси ва Гонконгда демократия ҳаракати бостирилиши ҳақидаги хабарларини кескин қоралади.

Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин кундалик янгиликлар брифингида:

«Биз унга ҳеч қанақа таҳдид солганимиз йўқ. Нима учун кетганини билмаймиз, чунки у биз билан хайрлашмади», - деди.

BBC Садворт агентликнинг Хитой бўйича мухбири бўлиб қолишини билдирди.

Агентлик эълон қилган баёнотда «Жоннинг ишлари Хитой ҳукумати дунё билишини истамаган ҳақиқатни фош қилди», дейилади.

Ўтган ойда Хитой ББС жаҳон янгиликлари хизматини мамлакат ҳудудида эфирга узатишни тақиқлаган эди. Лондондаги Хитой элчихонаси агентликни Хитойдаги ҳодисаларни ёритишда тинимисиз «аср уйдирмаларини» ўйлаб топишда айблади.

BBC февраль ойида Шинжонда концентрация лагерларидаги аёллар зўрлаш, жинсий зўравонлик ва қийноқларга дучор бўлаётгани ҳақида хабар бергани Пекин ғазабини келтирган эди.

Хитой бир неча бор BBC ҳисоботи ёлғон эканини айтиб, ғарбий ҳукуматлар ва ҳуқуқ ташкилотларининг Шинжонда инсон ҳуқуқлари топталаётгани ҳақидаги бошқа даъволарини зўр бериб рад этиб келади.

Садворт Шинжон ҳақидаги ҳисоботга ҳисса қўшганлар орасида бўлмаган. Аммо журналист Хитой ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Хитой ҳукумати ва Коммунистик партияси қўллаб-қувватлайдиган оммавий ахборот воситалари танқидига учраб келади.

Яқинда Хитой давлат матбуоти Шинжонда исми ошкор қилинмаган шахслар ва ташкилотлар BBC агентлигининг минтақага оид хабарлари борасида судга мурожаат қилишга ҳозирланаётгани ҳақида хабар берган эди.

«Менимча, бу одамлар ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини қонуний йўллар билан ҳимоя қилишга уринмоқда, аммо бундай ҳаракатларнинг Хитой ҳукумати билан ҳеч қандай алоқаси йўқ», - деди котиб Хуа.

Хитойдаги чет эллик мухбирлар клуби Садворт 23 март куни рафиқаси, Ирландиянинг RTE телеканали журналисти Ивонн Мюррэй билан мамлакатни тарк этганини билдирди.

«Садворт ва унинг BBCдаги ҳамкасбларига тазйиқлар Хитойда хорижий мухбирлар ишига ҳалақит беришга қаратилган кенг кўламли қўрқитишнинг бир бўлагидир», дейилади клуб баёнотида.

«Биз Хитойни мамлакатда тўсиқсиз хабар берилишга йўл очиб бериш бўйича мажбуриятини бажаришга чақирамиз».

2020 йилда Хитой АҚШ оммавий ахборот воситалари учун ишлайдиган ўндан зиёд чет эллик журналистни мамлакатдан бадарға қилди.

XS
SM
MD
LG