Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2021, Тошкент вақти: 20:21

“Беларусь гўзали” танловида қатнашишга талабгорлардан ҳукуматга содиқлик талаб қилинмоқда


Бир неча ойдан бери Беларусда миллий гўзаллик танловига кастинглар ўтмоқда. Ўтган йилларда талабгорларни саралаш босқичи ими-жимида ўтиб кетарди – танлов ҳақида фақат давлат ОАВлари ёзар эди. Аммо 2020 йилги президент сайловларидан сўнг ҳатто “Беларусь гўзали” танлови ҳам сиёсийлашди.

Мамлакатнинг энг гўзал қизлари бўлишга даъвогарлар олдига қўйилган талаблар хийла қаттиқ: қизлар 24 ёшдан кичик, эрга тегмаган ва боласиз бўлиши керак. Пирсинг ва тату қилдирганлар, бўйи 174 см.дан паст қизлар танловга қўйилмайди.

Бу йил яна бир муҳим шарт қўшилди: ҳукуматга содиқлик.

“Беларусь гўзали – 2021” саралаш босқичи тафсилотлари танлов ташкилотчиларидан бири, давлатга қарашли ОНТ телеканали махсус лойиҳалар дирекцияси раҳбари Елена Лобач берган интервьюдан маълум бўлди.

У қизлар эндиликда “фавқулодда синчковлик билан” текширилаётганини айтган эди. Бир ишкали бўлмасин деб, ташкилотчилар ҳатто уларнинг “Instagram”даги саҳифаларини ҳам ўрганишаётган экан.

10 сентябрь куни Минскда танловнинг финал босқичи “мамлакатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги” ғояси остида ўтказилади.

“Беларусь образи орқали, жумладан, чинакам беларус қизлари сиймосини очиб берамиз. Ўткинчи ҳаяжонлар билан яшаётган ва бемаза сўзлар ёзилган плакатларни кўтариб намойишга чиқадиганларни эмас”, деган эди Лобач хоним ўша интервьюсида.

Ҳудудларга берилган топшириқлар ва милиция соқчилигида ўтказилган кастинг

“Беларусь гўзали – 2021” танлови ҳақида мустақил матбуот баҳордаёқ, яъни ҳали ҳудудий саралаш бўлаётган пайтда ёзишни бошлаган эди. Бунга танловда иштирок этишни хоҳловчилар рекорд даражада камлиги сабаб бўлди. Масалан, Брест шаҳри бўйича ўтказилган кастингга биттагина қиз келган. Ҳолбуки ўтган йили худди шу кастингда 20 га яқин талабгор қатнашган эди.

Гроднода кастинг тамбаланган эшиклар ортида ва милиция қоровуллигида ўтказилди. Шаҳар бўйича саралашда қатнашгани 23 нафар қиз келди. Ташкилотчилар нодавлат ОАВ журналистларини залга қўймади, уларга танлов иштирокчилари билан гаплашишни ман қилишди. Шаҳарда бунга қадар охирги марта 2018 йилда кастинг бўлган, ўшанда 80 нафар қиз келган ва 30 нафари кейинги турга ўтганди.

Танлов барбод бўлаётганини кўриб, Беларусь мулозимлари, табиийки, маъмурий имкониятларни ишга солди. Апрель ойи охирларида “Оқ халатлар” телеграм-канали Минск туманларидан бирининг маъмуриятига оид ҳужжат суратини эълон қилган эди. Унда Миллий гўзаллик мактабига “Беларусь гўзали” танловида қатнашиш учун шошилинч равишда қизлар зарурлиги, пойтахтнинг ҳар бир туманидан муайян мезонларга мос беш нафардан қиз жўнатилиши лозимлиги ҳақида гап боради.

PR бўйича мутахассис Анна Мирочник ҳудудларнинг “разнарядка”лари ташкилотчиларга бир замонлар мамлакатда жуда машҳур бўлган танловнинг обрў-эътиборини тиклашда ёрдам бера олмайди дейди.

Унинг айтишича, “Беларусь гўзали” танлови муваффақият қозонишни истаган кўплаб қизлар учун яхши имконият эди. Бироқ август воқеаларидан сўнг бу омил ўз аҳамиятини йўқотди: ҳукуматпараст кучларнинг лойиҳасида қатнашиш – ёмон отлиқ бўлиш, дегани эди. Кўп қизлар мана шундан чўчийди.

“Шу тариқа “Беларусь гўзали”, худди “Дажинкі” ва “Славянский базар” сингари умуммиллий миқёсдаги қизиқарли тадбирдан кейин ҳеч кимга кераги бўлмай қоладиганлар танловига айланди. Энди кастинг ўтказиш жойларида турнақатор навбатларни кутманг...”, дейди мутахассис.

Танлов ғолиблигидан – Лукашенконинг протокол хизматига

Умуман олганда, “Беларусь гўзали” танлови ўтган йилги намойишларгача сиёсатдан холи тадбир эди, дейиш унчалик тўғри эмас.

“Ҳамиша, ҳар йили танлов финалига Александр Лукашенко келиб, олд қаторда ўтиради. Сўнг ғолиба қизлар, нима десам экан, унинг даврасида пайдо бўлишади ва ҳатто катта лавозимларга минишади”, дейди Беларусь Мувофиқлаштириш кенгашининг феминист аёллар гуруҳи раҳбари Юлия Мицкевич.

Феминист аёллар гуруҳи “Беларусь гўзали” танловини бойкот қилишга чақирган. Беларусь феминистлари баёнотида гўзаллик танловлари камситувчи тусга эгалиги, Беларусдаги айни вазиятда эса бу таъриф давлатнинг кенг кўламли зўравонлигини ифода этиши айтилади.

“Лукашенко билан бирга у ёқ-бу ёққа бориш таклифини рад этиш қизларга қанчалик оғир кечишини тасаввур қилиш мен учун мушкул. Бу қизлар билан кейин нималар юз беришини, улар Лукашенко даврасида қандай аҳволда бўлишини биз билмаймиз. Биз фақат тахмин қилишимиз мумкин”, дейди Юлия Мицкевич.

Россиянинг “Проект” нашри ва “Белсат” телеканали суриштирувида айтилишича, гўзаллик танловининг собиқ ғолибалари кўп ҳолларда президентнинг протокол хизматига ишга олинади. Яъни бу қизлар оммавий тадбирларда Александр Лукашенкога ҳамроҳлик қиладилар.

Чунончи, 2019 йилнинг ёзида Лукашенко гўзалликда сара қизлар билан бирга ўз чорбоғида тарвуз узган эди. “Ҳашарчилар”дан бирини журналистлар таниб қолишди: у талабаларнинг “Баҳор қироличаси – 2013” танлови ғолибаси Дарья Шманай эди. Қиз 2014 йилдан бери Александр Лукашенко ёнида мунтазам кўриниш беради.

Лукашенко теварагидаги яна бир “гўзал” – Мария Василевич. У 2018 йили миллий гўзаллик танловида ғолиб чиққан; ўшанда ҳам ғолибаларни тақдирлаш маросимида президент шахсан иштирок этганди. Ўшандан бери қизни Лукашенко даврасида дам-бадам кўришади, жумладан, уч йил муқаддам Россияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳам у Беларусь президенти билан бирга борганди.

Лукашенконинг матбуот котиби Наталья Эйсмонтга кўра, президентнинг ўзи қизни “Дунё гўзали” танловида қатнашишга тайёрлаган – у ерда Мария “Европа гўзали” унвонини қўлга киритган эди.

2019 йилда Василевич, ҳеч қандай сиёсий тажрибаси йўқлигига қарамай, Беларусь парламентига сайланиб, энг ёш депутат бўлди. Британиянинг “The Times” нашри ўшанда 22 ёшли Мария Василевич билан Лукашенко ўртасида романтик алоқалар бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Қиз эса бу тахминни “ёлғон маълумот” деб атаган.

Беларус парламенти депутати Мария Василевич. 2019 йил
Беларус парламенти депутати Мария Василевич. 2019 йил

Норозилик чиқишлари бошланган пайтда Василевич жароҳат олган намойишчиларни кўргани Минск тез ёрдам касалхонасига борган эди. Депутатнинг айтишича, у етказилган азият учун улардан узр сўраган.

Бироқ кўп ўтмай у позициясини ўзгартирди. Ҳозирда Василевич террорчилик, экстремизм ва давлат манфаатларига оғир зарар етказганлик учун беларусларни фуқароликдан маҳрум этувчи қонун лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Қонун нормалари, табиийки, биринчи навбатда Беларусдаги норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилади.

“Соғлом одамлар назаридаги “Беларусь гўзали”

Дарвоқе, ҳамма гўзаллар ҳам Лукашенко режими шайдоси эмас.

2008 йилги танлов ғолибаси Ольга Хижинковани интернетда “Соғлом одамлар назаридаги “Беларусь гўзали” ва Беларусь норозилик ҳаракатининг муҳим шахсларидан бири деб аташади. У тинч намойишларда қатнашгани учун 42 суткани қамоқда ўтказган – ўша пайтда бу энг катта маъмурий қамоқ муддати эди.

Хижинковани ўтган йилнинг 8 ноябрида Минскдаги “Халқ ҳокимиятчилиги юриши” акциясида ҳибсга олишган. 2008 йилги “Беларусь гўзали” қамоққа олинишидан бирмунча аввал Александр Лукашенко режимига қарши фикрларини очиқ-ойдин айтган. Фуқаролик позициясини деб сентябрь ойида уни Миллий гўзаллик мактабидан бўшатишди.

2008 йилги танлов ғолибаси Ольга Хижинкова. 2020 йил 20 декабр
2008 йилги танлов ғолибаси Ольга Хижинкова. 2020 йил 20 декабр

Хижинковага кўра, шундай мураккаб иқтисодий ва сиёсий вазият ҳукм сураётган пайтда мамлакатда гўзаллик танлови ўтказишнинг ўзи ножоиз. TUT.BY сайтига интервьюсида у “Беларусь гўзали” унвони ҳозирда шунчаки декоратив мазмун касб этишини, у билан фақат Лукашенконинг протокол хизматию давлат телевидениеси ёки Миллий гўзаллик мактабигагина ишга кириш мумкинлигини айтган.

“Мавжуд воқелик танлов иштирокчилари шаънига доғ тушиши хавфини келтириб чиқармоқда. Йирик беларусь брендлари, “Беларусь гўзали” иштирокчиларидан кўра нейтрал бэкграундли моделлар хизматини афзал кўришади”, дея мулоҳазаларини билдиради Ольга Хижинкова.

Хижинкованинг ўзи 10 йил давомида (2018 йилгача) Беларуснинг “Conte” аёллар пайпоқлари бренди билан ҳамкорлик қилган. Қиз қамоқ муддатини ўтаётганида давлатга қарашли дўконларида унинг маҳсулотлардаги сурати устига нарх ёзилган қоғозчалар ёпиштириб қўйилган. Бренд эса ўзининг кўп йиллик элчисини қўллаб-қувватлаб бирон баёнот бермаган.

XS
SM
MD
LG