Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 01:52

Беларусь – Оқ ва қизил пайпоқ кийиш ва рақсга тушиш жиноятга тенглаштирилган давлат


2020 йил августида бўлиб ўтган мунозарали президентлик сайловларида “Европанинг сўнгги диктатори” – Беларусни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко олтинчи муддатга сайланди. Натижада мамлакатда мисли кўрилмаган норозилик тўлқини бошланиб кетди.

Намойишлар ҳатто авторитар Беларусь учун ҳам ошиқча шафқатсизлик билан бостирилди. Бугунга қадар 30 мингдан ортиқ беларус ҳибсга олиш жараёнини бошдан кечирди. Мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар сони 540 нафардан ошди. Улар орасида 20 дан зиёд журналист бор.

Беларуслар норозиликнинг ҳар қандай шакли учун жаримага тортилиши ва ҳатто қамалиши мумкин. Шунингдек, демократик мухолифат рамзига айланган қизил ва оқ рангли кийиш учун ҳам муаммога дучор бўлиш мумкин. Бу икки ранг 1918 йилда қисқа муддат яшаган Беларусь Демократик Республикаси байроғи рангларидир.

Номақбул пайпоқлар

Наталья Сивцова-Сидушкина март ойида ҳайдовчилик дарсига кетаётганида уни Минск полицияси тўхтатди. Унга кийими ножўя эканини айтишди. Сабаби унинг пайпоқлари қизил ва оқ рангда эди. Мамлакатда мухолифат рамзига айланган оқ-қизил байроқ амалда тақиқланган. Сивцова-Сидушкина қизил рангли пойабзал ҳам кийиб олган экан. Бу ҳам полиция эътирозига учради. Шунингдек, полиция уни ўткинчи ҳайдовчиларга инглизча “ғалаба” сўзининг бош ҳарфи V белгисини ишора қилганликда айблади.

Любов Сарлай
Любов Сарлай

Сивцова-Сидушкина рухсатсиз намойишга чиқишни тақиқловчи қонунлар бўйича жиноий жавобгарликка тортилди ва 2 320 беларус рубли (900 доллар) миқдорида жаримага тортилди. Судья Сивцова-Сидушкинанинг қонунни бузган пайпоқлари ва пойабзали ўша пайтда у калта жинси шим кийиб олгани учун шундоқ кўзга ташланиб турганини таъкидлади.

Сивцова-Сидушкина пайпоғи туфайли тўхтатилганидан бир кун олдин квартирасига полиция келганди. Полиция унинг балконида ёйиб қўйилган қизил ва оқ рангдаги баннерни йиртиб ташлаганди. Кейинчалик у “ноқонуний пикет” уюштиришда айбланиб, 2 030 рубль (794 доллар) миқдорида жаримага тортилди.

Сивцова-Сидушкина ўшанда Озодликнинг беларус хизматига берган интервьюсида:

“Энди менинг қарзим 4 350 рубль. Ишлаётган бўлсам ҳам, жарималарни тўлаш учун бунча пулим йўқ”, деганди.

Сивцова-Сидушкина бундай муаммоларга дучор бўлган ягона беларус эмас. Мамлакат ғарбида жойлашган Гродно шаҳрида Любовь Сарлай қизил-оқ шим кийгани учун жаримага тортилди ва бир кун панжара ортида ўтирди. У январь ойида кафедан машинасига қараб кетаётганида полиция томонидан ҳибсга олинган.

“Полициядан нима учун мени ҳибсга олишганини сўрадим”, деди у “Настояшчее время”га берган интервьюсида.

“Ва улар: “Хўш, иштонингиз билан бир нима демоқчи бўлмадингизми”, дейишди”.

Бошқа “рангли жиноятлар”

Беларус ғарбида жойлашган Иваново шаҳри турғуни Андрей Дражин март ойида ўз уйи олдига қизил ва оқ рангга бўялган белгини ўрнатгани учун жаримага тортилди. Полиция буни ноқонуний пикетнинг бир шакли деб топди.

“У ўз яшаш жойида бўлган пайтда уйининг олд томонига оммавий намойиш мақсадида, ҳаммага кўринадиган қилиб Беларусь Республикасида рўйхатдан ўтмаган, оқ-қизил-оқ трафарет билан ёзилган белгини илиб қўйган”, дейилади полиция хабарида.

Оқ-қизил-оқ байроқ Беларусда расман тақиқланмаган. Аммо бу судьяга Дражинни 450 доллар жаримага тортишига тўсқинлик қилмади.

Ҳатто гулдаста ҳам расмийлар эътиборини тортиши мумкин. Новополоцклик Алена Винокурова қизил ва оқ ранг гулларни қизининг туғилган кунига олиб кетаётганида қўлга олиниб, 350 доллар эквивалентида жаримага тортилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси ва “Америка овози” ҳамкорликда ишга туширган “Настояшчее время” нашри хабар берди.

Шунингдек, бугунги кунда Беларусда қутилар ҳам шубҳа туғдириши мумкин. Апрель ойида Андрей Пархоменко Минскдаги кўп қаватли уйининг балконида қизил ва оқ баннерни намойиш қилгани учун ҳибсга олинди. Пархоменко балконида қизил ва оқ рангли телевизор қутиси бўлганини айтиб, унга қўйилган айбловни рад этди.

Пархоменко 14 кунга қамалди. У жазо муддатининг айрим қисмини Минскдаги Окрестина ҳибсхонасида ўтказди. Окрестинада нозирлар маҳбусларни даҳшатли қийноқларга тутгани ҳужжатлаштирилган. Пархоменко яқинда Лукашенко ҳукумати нишонга олган “Весна” нодавлат ташкилотига берган интервьюсида қамоқда COVID-19 юқтирганини сўзлаб берди.

Тузумни қўлловчи прокурорга уйини ижарага беришдан бош тортиш

Бошқа беларуслар муайян ишлардан бош тортгани учун жазоланди.

Ольга Синелёванинг Минскда квартираси бор. Квартирани сиёсий асосга эга ишларда, шу жумладан, Екатерина Андреева ва Дарья Чульцованинг шов-шувли суд жараёнида иштирок этиб ном чиқарган прокурор Алина Касьянчик ижарага олган бўлган.

Синелёва Касьянчикдан квартирани бўшатишни сўраган. Прокурор эса бунга рози бўлган. Аммо Беларусь ҳукумати бундан хабар топиб, ғазабланди ва Синелёвани Касьянчикнинг ҳуқуқларини бузганликда айблади.

Икки ёш боланинг онаси Синелёванинг суди ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Унинг адвокати эса лицензиясидан маҳрум бўлди. 30 июнь куни судья Анжела Кастюкевич Синелёвани икки йил чекланган озодликка маҳкум қилди.

Беҳаё рақс?

Сентябрь ойида Брест кўчаларида қўшиқ куйлагани ва рақсга тушгани учун ўнлаб одам ҳибсга олинди. Кейинчалик Лукашенко ҳукумати уларни “йўл ҳаракати хавфсизлигига” таҳдид солишда айблади.

Умуман олганда, ушбу иши бўйича 70 дан ортиқ киши жавобгарликка тортилди. Айбланувчиларнинг бир нечтасига аллақачон ҳукм чиқарилди. Уларнинг айримлари икки йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Беларусларга Европа Инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилишда кўмаклашиб келаётган “Юридик ташаббус” нодавлат ташкилоти ходими Сергей Устинов Беларусда қонун устуворлиги оёғости қилинаётганини айтди.

“Қонун ҳам худди шу тарзда ишлайди”, деди Устинов “Настояшчее время” нашрига берган интервьюсида.

“Агар сиз сиёсий маҳбус бўлсангиз, на судга ва на прокуратурага шикоят қилиш билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Аммо сиз полициячи бўлсангиз, одамлар сизни итариб юборгани ёки тирноғини теккизгани учун беш йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум қилинади”.

Президентлик сайлови бўлиб ўтганидан бери Беларусда минглаб норозилик намойишларида қатнашган айбланувчининг бирортаси ҳам оқланмади. Қолаверса, мамлакат хавфсизлик хизматларининг бирорта ходими ҳам намойишлар шафқатсизларча бостирилгани учун жиноий жавобгарликка тортилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG