Линклар

Шошилинч хабар
10 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:05

Россия томонида урушиб ҳалок бўлган камида 229 нафар ўзбекистонликнинг шахси аниқланди

Украина Қуролли кучлари озод қилган Киев вилоятининг Дмитровка қишлоғидаги йўл четида ташлаб кетилган Россия ҳарбий кийими
Украина Қуролли кучлари озод қилган Киев вилоятининг Дмитровка қишлоғидаги йўл четида ташлаб кетилган Россия ҳарбий кийими

Би-би-си ва «Медиазона» журналистлари Россиянинг Украинага қарши урушида Россия қўшинлари сафида жанг қилган 3,5 мингдан ортиқ хорижликнинг шахсини аниқлади.

Би-би-си хабарига кўра, улардан 2 304 нафари Шимолий Корея фуқароларидир. Улар шахси Би-би-сининг Корейс хизмати томонидан сунъий йўлдош суратлари ҳамда Пхеньяндаги янги ҳарбий ёдгорлик фотосуратлари таҳлили асосида аниқланган.

Журналистик суриштирувга кўра, қолган 1 285 нафар ҳалок бўлганлар дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакати фуқароларидир. Улар орасида Қозоғистоннинг 339 нафар, Ўзбекистоннинг 229 нафар, Тожикистоннинг 199 нафар ва Қирғизистоннинг 89 нафар фуқароси бор. Шунингдек, Озарбайжон, Куба, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Яман ва бошқа давлатлар фуқаролари ҳам қайд этилган.

Журналистлар таъкидлашича, ҳалок бўлган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи Россия қамоқхоналаридан фронтга жалб қилинган шахслардир.

Терговга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон Украинада Россия томонида жанг қилиб ҳалок бўлган фуқаролари энг кўп бўлган МДҲ давлатлари учталигидан ўрин олган.

Журналистлар аниқланган шахслар Би-би-си ва «Медиазона» юритаётган Россия ҳарбийлари қурбонлари рўйхатининг бир қисми эканини таъкидламоқда. Ҳозирга қадар ушбу рўйхатга 233 033 нафар ҳарбий киритилган.

НАТО маълумотларига кўра, Россия армияси сафида 44 давлатдан тахминан 24 минг нафар хорижлик жанг қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Би-би-сининг Рус хизматига альянснинг Анқарадаги саммитида иштирок этган юқори мартабали вакили маълум қилган.

Аввал ҳам Россиянинг Украинага қарши урушига хорижликлар жалб этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Улар орасида Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Минтақанинг айрим давлатлари ҳокимияти ўз фуқароларини Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш хавфи ҳамда ёлланмачилик учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган.

Би-би-си ва «Медиазона» бундан аввал ҳам Россия армиясининг йўқотишлари ҳақидаги суриштирувларни расмий хабарлар, маҳаллий ҳокимиятлар маълумотлари, некрологлар ва ҳалок бўлганлар яқинларининг эълонлари каби очиқ манбалар асосида эълон қилиб келган.

XS
SM
MD
LG