Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 18:37

Бишкекда аёллар маршига номаълум шахслар ҳужум қилди, ташкилотчилар қўлга олинди (ВИДЕО)


Аёллар марши қатнашчиси қўлга олинмоқда, 8 март, 2020, Бишкек

Бишкекда 8 мартга белгиланган навбатдаги «Аёллар бирдамлиги марши» ўтказилмай қолди.

Номаълум кишилар тадбир иштирокчиси бўлган аёлларга ҳужум қилди. Милиция эса марш ташкилотчиларини ҳибсга олди.

Озодлик қирғиз хизмати мухбирининг хабар қилишича, марш ўтказилиши керак бўлган Ғалаба майдонида, маҳаллий вақт билан соат 11:45 ларда, ташкилотчилар иштирокчиларга транспарантлар тарқата бошлаган.

Юриш бошланаётган пайтда эса ниқоб тақиб олган кишилар ташкилотчилар ва марш иштирокчиларига ҳужум қилган.

Мухбирга кўра, ҳужумчилар айрим аёлларни тепган, транспарантларини отиб юборган.

Аёллар маршига ҳужум, 8 март, 2020, Бишкек
Аёллар маршига ҳужум, 8 март, 2020, Бишкек

Айни чоқда можаро рўй берган жойга милиция ходимлари етиб келиб, марш ташкилотчилари ва қатнашчиларини қўлга ола бошлаган. Қўлга олинганлар автобусларда олиб кетилган.

Аёллар марши қатнашчиси қўлга олинмоқда, 8 март, 2020, Бишкек
Аёллар марши қатнашчиси қўлга олинмоқда, 8 март, 2020, Бишкек

Ҳужум қилганлар эса милиция етиб келиши билан воқеа жойидан қочиб кетган.

Айтилишича, 70 га яқин одам қўлга олинган. Қўлга олинганлар орасида журналистлар ва фаоллар бўлган. Улар Свердлов туман ИИБга олиб борилган.

Милициядагилар вазият юзасидан кечроқ изоҳ беражагини маълум қилган.

Ҳибсга олинганларнинг айтишича, туман ИИБда улар билан «суҳбат ўтказмоқчи» бўлишган ва милициядагилар қўлга олиш сабабини ҳануз очиқламаган.

Бир неча киши, жумладан, журналистлар, вояга етмаганлар ва чет элликлар бироз ўтиб қўйиб юборилди.

Бу орада Свердлов туман ИИБ биноси олдида бир неча ўн киши тўпланди. Улар ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб этиб, «Милиция шарманда!» деб бақиришди.

Бош вазир ўринбосари Олтиной Ўмурбекова ИИВ раҳбариятига аёллар марши вақтида қўлган олинганларни қўйиб юборишни сўраб, мурожаат киритганини маълум қилди.

Мен ҳибсга олинганлар жиноят қилгани йўқ, дедим. Улар баённома тузиб, қўйиб юборишини айтди. Эртага ҳаммани йиғамиз, вазиятни ўрганамиз ва бирор тўхтамга келамиз, − деди бош вазир ўринбосари.

Ушбу тадбир ташкилотчилари 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунида мамлакатдаги аёлларнинг муаммолари - келин ўғирлаш, оиладаги зўравонлик ва гендер тенглиги билан боғлиқ қатор муаммоларни кўтариб чиқишни ният қилган эди.

Бишкек администрацияси ташкилотчилар марш ўтказилиши учун тегишли тартибда рухсат олмаганини айтмоқда. Айни пайтда, пойтахт раҳбарияти аёлларга ниқобда ҳужум қилган шахслар жазоланиши ваъда қилмоқда.

Аёллар ҳуқуқлари ҳимояси талаб қилинган марш 8 март куни Қозоғистондаги Алмати шаҳрида ҳам бўлиб ўтди. Бу маршда бирор тартибсизлик ёки тўқнашув бўлганига оид маълумот йўқ.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG