Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Мустақил ОАВ ва блогерлар ови. Мирзиёев мақтанган сўз ва матбуот эркинлигидан нима қолди?


Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий блогерлар билан. Самарқанд, 26 август, 2019
Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий ва хорижий блогерлар билан. Самарқанд, 26 август, 2019

Озодликка маълум бўлишича, шу йилнинг 5 август куни мамлакатдаги қатор ОАВ раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига таклиф қилинган.

Озодлик гаплашган икки манбага кўра, АОКАдаги мажлисда блогерларнинг товламачилик ва фирибгарлик билан боғлиқ фаолияти ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тўплаган материаллар намойиш қилинган.

Жумладан, блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан Фарғона вилояти прокуратураси қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаменти ва Фарғона вилояти ИИБ ўтказган тезкор амалиёт тасвирлари намойиш этилган.

Учрашувда қатнашган маҳаллий нашрлардан бирининг раҳбарига кўра, 10 дан ортиқ камералар билан тасвирга олинган тезкор амалиёт чоғида блогернинг "товламачилик йўли билан талаб қилинган бир неча минг АҚШ долларини жабрланувчилардан олаётгани акс этган".

Олимжон Ҳайдаровнинг укаси Салимжоннинг аввалроқ Озодликка айтишича, акаси у билан қисқа телефон сўзлашувида, унга нисбатан “подстава” бўлганлигини айтган:

“Кеча акам телефон қилди, бир минутча гаплашдик. Мени “подстава” қилишди, дейишди. Бир танишим билан турганимда келишиб, қўлимни қайириб ўша пулни ушлатишди, деди. Шунча гаплаша олдик, холос. Кейин адвокат орқали менга етказди, “шунақа ноҳақлик бўлгани учун очлик эълон қилдим, дебди”, - дейди Салимжон Ҳайдаров.

Унинг айтишича, акаси ҳозир Қўқон шаҳар ИИБ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда ва у билан кўришишга рухсат берилмаган.

Олимжон Ҳайдаровни яқиндан билган ва унинг фаолиятидан хабардор бўлган ижтимоий тармоқ фаолларининг ёзишича, Олимжон Ҳайдаровнинг ўзи, сўнгги пайтларда фаол блогерларни товламачилик айби билан қамоққа олинаётгани учун, унинг ўзи доим бошқаларни огоҳлантириб келган.

АОКА Озодликнинг Олимжон Ҳайдаров иши юзасидан сўровига ҳозирча жавоб қайтаргани йўқ.

Блогерларнинг "қора рўйхати"

Озодлик билан суҳбатда вазиятни кузатаётган блогер Хайрулла Қиличев Ўзбекистонда блогерларнинг "қора рўйхати" шакллантирилган, деб ишонишини айтди.

“Ҳукумат тармоқларда фаоллашаётган, кузатувчилари сони кўпайиб бораётган блогерлар рўйхатини шакллантирди.

Уларнинг назарида блогер қанчалик фаоллашгани сайин унинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам ошиб, кузатувчилари сони ортиб бораверди. Натижада, хуқуқ-тартибот органларининг энг хавфли блогерлар қора рўйхати шаклланиб, уларнинг қисмати аниқ бўлиб қолди”, дейди блогер.

Унинг айтишича, айрим доиралар блогер ва эркин журналистлардан ўз мақсадларида, бир-бирини синдириш ёки обрўсизлантириш, лавозим эгаларини алмаштириш каби сиёсий интригаларда фойдаланмоқда.

“Шахсан ўзим 3 йилдан буён блогерларни бир уюшма остида бирикишга чақириб, бунинг қонуний асослари бўйича тавсиялар ишлаб чиқдим, устав ҳужжатларини эълон қилдим. Афсуски, ижтимоий тармоқ фаолларида тарқоқлик мавжуд, жамоавий ҳаракатланиш истаги йўқ”, - дейди Хайрулла Қиличев.

Қарийб ярим миллионлик обуначига эга “Сирожиддин медиа” канали эгаси Сирожиддин Адиловга кўра, Ўзбекистонда Ютуб монетизацияси тўхтатилгани блогосфера бошини берк кўчага киритиб қўйган.

Мирзиёев блогерларга “хиёнат” қилди…ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:25 0:00

“Блогерлар мурожатчилардан пул олиб ишлашга мажбур бўлишмоқда. Шу боисдан ҳам бир томонлама, яъни мурожаатчининг тарафига ишлашга мажбур бўлишади. Авваллари Ютубдан яхшигина маблағ олиш мумкин эди. Ҳозир блогерлар чойчақага ҳам рози бўлиб қолишган” дейди Сирожиддин Адилов.

Халқаро матбуот ташкилотлари 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи яхшиланганини эътироф этган, аммо сўнгги пайтларда вазият мавҳум қолаётганини таъкидламоқда.

Бундан аввал сўз эркинлиги билан боғлиқ қатор шов-шувли ҳолатларда вазиятга ё президент Мирзиёевнинг ўзи ёки унинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева мудохала қилган, хусусан, Мирзиёева-Алламжонов тандеми матбуот эркинлиги ҳимоясига чиққан эди.

Охирги ҳибсга олишлар манзарасида Мирзиёев ҳам, унинг администрацияси ҳам сукут сақламоқда.

Шу йилнинг 27 июнь куни матбуот ходимларига табрик йўллаган Мирзиёев Ўзбекистон сўз эркинлиги соҳасидаги ислоҳотларда ортга қайтмаслигини таъкидлаганди.

Аммо давлат нашрида фаолият юритаётган маҳаллий журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, журналист ва блогерларга қарши охирги ҳибсга олиш кампанияси манзарасида президент Мирзиёевнинг ваъдалари "ҳеч нарсани англатмайди".

Мирзиёев ўзининг сўнгги президент сайловолди учрашувларида охирги 6 йилда Ўзбекистонда "одамлар қўрқувдан халос бўлгани"ни иддао қилган. Аммо охирги ойларда 10 га яқин блогер босим ва хавфсизлик сабаблари боис блогерлик фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

Мустақил ОАВлар ёпилмоқда

Шу йилнинг 6 август куни “Азон медиа” гуруҳи раҳбари Алишер Турсунов (Тармоқларда - Мубашшир Аҳмад) гуруҳга кирувчи барча лойиҳаларининг тўхтатилганини эълон қилди. “Азон медиа” 2017 йилда диний-маърифий йўналишда фаолият юритувчи онлайн медиа тармоғи сифатида ташкил қилинганди.

Ижтимоий тармоқларда 1,2 миллион обуначисига эга бўлган “Азон медиа” таъсисчиси ўз фаолиятининг якунланганига оид сабабларга изоҳ бермаган. Унинг таъкидлашича, кейинчалик бу сабаблар очиқланиши мумкин.

Ҳозирги пайтда сайтдаги барча диний контентлар ўчирилган ва сайт ходимлари “Fikrat” номли янги лойиҳа устида иш бошлаганини маълум қилишган.

2021 йилда “Азон медиа” гуруҳининг 4 нафар раҳбарлари бир қанча диний контент ва материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси назоратидан ўтказмай чоп қилгани учун суд томонидан йирик миқдорда жаримага тортилган эди.

OzodNazar: Азон.уз ёпилди; Кредитини тўлолмаётган 300 минг мигрант
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:49:58 0:00

Дин ишлари қўмитасининг тегишли рухсатисиз диний мазмундаги материалларни чоп қилган Kun.uz сайти ҳам жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди қарори билан жаримага тортилган.

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари мамлакатда яна бир неча сайт ва ижтимоий тармоқ каналлари ўз фаолиятини якунлаши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Кўзгу” ва “Kompromatuzb” иши

“Кўзгу” Ютуб-канали асосчиси, журналист Абдуқодир Мўминов 4 август куни товламачилик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этишда айбланиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани суди ҳукми билан 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Унга жазо ўтаб бўлинганидан сўнг 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш тақиқланди.

Айни кунларда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судида “Kompromatuzb” лойиҳаси бўйича ёпиқ маҳкама давом этмоқда. Суднинг қора курсисида журналистлар Мавжуда Мирзаева, Хуршид Далиев ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ собиқ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовлар ўтирибди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг товламачилик, туҳмат, ноқонуний даромадларни легалаштириш ҳамда ОИТС касаллигини юқтириш сингари айбловлар билан судланаётган журналистлар, айбловларга қаралса, узоқ йиллик қамоқ жазоларига юз тутмоқда.

Шу йилнинг 29 июлида ҳибсга олиниб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг товламачилик моддаси билан сўроқ қилинаётган блогер Олимжон Ҳайдаров норозилик сифатида очлик эълон қилган.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг очлик эълон қилгандан кейинги тақдири, саломатлиги бўйича жамоатчиликка бирор маълумот бергани йўқ. Ҳайдаров яқинларининг унинг тақдиридан хавотир билдириб ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

"Ҳамма хавотирда". Мавжуда Мирзаева ва “Kompromatuzb иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

Блогер яқинларининг Озодликка билдиришича, ҳибсда унинг соч-соқоли олиб ташланган.

"Нега жимсизлар?"

Маҳаллий журналистлардан бири Озодлик билан суҳбатда ҳибсдаги ҳамкасбларини қўллаётган журналистларнинг бирдамлиги тармоқлардаги "постлардан нарига ўтмаётганига" эътибор қаратди.

Журналист Илёс Сафаров ўтган вақт давомида блогер Олимжон Ҳайдаровнинг аҳволи борасида нега маълумот берилмаётгани хусусида ёзаркан, унинг тақдиридан хавотир билдирди.

“Олимжон Ҳайдаровнинг айни пайтдаги аҳволи қандай, тирикми ўзи? Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳар бир ҳисоботда эълон қилаётгани каби қийноқлар унга қўлланмаяптими?

Тергов жараёни-ку ёпиқ бориши керакдир, лекин биз унинг аҳволи ҳақида маълумот олишни истаймиз, нега жимсизлар?

Шунингдек, Олимжон Ҳайдаров ўз фаолиятини адашмасам АОКА берган тасдиқ гувоҳномаси асосида олиб борарди. Қани бу ўринда АОКАнинг журналист ва блогерларнинг ҳимоя қилаётгани? Ҳеч бўлмаса, шу каби муносабат ва маълумотларни сўраб турмайдими?” деб ёзди журналист Илёс Сафаров.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов йил бошидан бери таъқибга учраган, қамалган 20 дан ортиқ блогер ва журналистларнинг кейсларини ўрганганини иддао қиларкан, ҳибсга олиш ва айбловлардан мақсад уларни "маргиналлаштириш" эканини урғулайди.

“Блогерларни овлаш жараёнларида процессуал камчиликлар кўп. Уларнинг ҳимояси, тергов сифати ва суд жараёнларида кўп ҳолларда шаффофлик етишмайди. Аксарият блогерлар мавжуд бюрократиянинг қурбонларидир”, дейди Ташанов.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz нашри ўтказган суҳбатда айтишича, Ўзбекистон журналист-блогерларнинг ҳибсга олинишидан катта сиёсий капитални йўқотмоқда.

Озодлик сўнгги ҳибсга олиш ва суд жараёнлари юзасидан ўзбек расмийларидан ҳозирча бирон расмий изоҳ ололгани йўқ. Шу йил майида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётганини қайд этган. Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.

Форум

XS
SM
MD
LG