Линклар

Гутерриш: Шимолий Корея бўйича ихтилоф сўнгги йиллардаги энг жиддий бўҳрондир


БМТ бош котиби Антонио Гутерриш

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш Шимолий Кореянинг ядровий ва баллистик ракета дастурлари бўйича юзага келган ихтилофни кейинги йиллардаги энг жиддий бўҳрон ўлароқ баҳолади.

Бош котиб Le Journal du Dimanche француз нашрига берган интервьюсида: “Мазкур таҳдиднинг жиддийлиги, кеч бўлмасдан аввал, бизни ақл-идрок йўлига ундашига умид қилишимиз керак”, деди.

“Бу кейинги йилларда биз дучор бўлган энг жиддий бўҳрондир. Ўтмишда хўп ўйлаб кўрилгандан кейин бошланган урушларни кузатганмиз. Аммо айрим конфликтлар мудраш келтириб чиқарган эскалация орқали бошланганини ҳам биламиз”, деди Гутерриш.

БМТ бош котиби Пхеньянни ўз ядровий ва баллистик ракета дастурларини тўхтатишига ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши олдидаги мажбуриятларини бажаришига эришиш муҳим эканлигини таъкидлади.

“Биз нима бўлишидан қатъи назар, Хавфсизлик кенгаши бирлигини сақлаб қолишимиз керак, чунки бу муваффақиятга эришиши мумкин бўлган ягона дипломатик воситадир”, дея қўшимча қилди БМТ Бош котиби.

8 сентябрь куни АҚШ расман Хавфсизлик кенгашини Шимолий Кореянинг навбатдаги ядровий синови учун унга қарши янги иқтисодий санкциялар жорий қилиш резолюциясини кўриб чиқишга чақирди. Резолюцияга Россия ва Хитой эътироз билдирмоқда.

Резолюция Шимолий Кореянинг нефть савдосига эмбарго жорий қилишга, мамлакатнинг мато экспортини ман этишга ҳамда шимолий кореяликларнинг хорижда – асосан Россия ва Хитойда – ишга олинишини тўхтатишга чорлайди.

Резолюция, шунингдек, Ким Чен Ин мулкини музлатиб, унинг саёҳат қилишини чеклашни кўзлайди.

АҚШ расмийларни кескин иқтисодий санкциялар ёрдамида Пхеньянни музокара олиб боришга ундашни истайди.

БМТ дипломатларининг айтишича, АҚШ таклиф қилаётган чоралар Шимолий Кореяга қарши жорий этилган энг кучли санкциялар бўлади.

Reuters ва AFP хабар аганетликларига кўра, БМТ дипломатлари вето ҳуқуқига эга Москва ва Россия Шимолий Кореянинг мато экспортини ман этишдан бошқасига кўнмайди, деб ишонади.

Хитой расмийлари нефть савдосига эмбарго жорий қилиш Шимолий Кореяда тартибсизлик келтириб чиқаришдан хавотирда.

Россия президенти Владимир Путин эса бундай кескин чоралар мамлакат ҳукуматини жазолаш билан бирга, унинг қашшоқ халқини қийин аҳволга солишини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG