Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 00:23

IntelliNews: АҚШ Ўзбекистонда ўз кучларини жойлаштириш ниятидан қайтгани йўқ


АҚШ ва Ўзбекистон ҳарбийлари.

“bne IntelliNews” нашри Афғонистонда режим алмашиши ортидан АҚШнинг Марказий Осиё давлатларида террорчиликка қарши кучларни жойлаштириш бўйича саъй‑ҳаракатлари ҳали давом этаётгани ҳақида мақола чоп қилди.

15 октябрь куни Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсий концепциясига мувофиқ, мамлакат ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлади.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сўзчиси Баҳром Зулфиқоровга кўра, "Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШнинг аксилтеррор кучларини жойлаштириш таклифини олмаган ва буни режалаштирмаган, бу конституция билан тақиқланган ва мамлакат мудофаа доктринасида кўзда тутилмаган”.

Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг баёноти Байден маъмурияти ҳамон Ўзбекистон ҳудудида қуролли кучлар жойлаштиришга интилаётгани ҳақидаги хабарлар манзарасида янгради. Бир вақтнинг ўзида Россия президенти Владимир Путин Афғонистон шимолида 2000 нафарча Ислом давлати жангчиси борлигини айтиб чиқди.

Россия президенти "Исломий давлат" (ИД) жангарилари Марказий Осиё давлатларига қочқин қиёфасида кириб келиб, диний ва этник зиддиятларни алангалатишни режалаётганини даъво қилган.

13 октябр куни “Politico” нашри Пентагон АҚШ аксилтеррор кучларини Ўзбекистонда жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилишни режалаётгани ва Вашингтон маъмурияти ҳам бир неча ойдан бери Ўзбекистон ва қўшни Тожикистон ҳамда Туркманистон билан шу каби музокараларни олиб бораётгани ҳақида ёзди.

“Аҳамияти ортди”

“Афғонистондан ҳарбийлар олиб чиқилгач, Ўзбекистоннинг аҳамияти ортди. Икки мамлакат қўшни ва Ўзбекистон қочқинларни қабул қилишда очиқ бўлган ҳамда (ўтмишда) АҚШ кучларини жойлаштирган эди. Аммо ҳозирча икки томон ҳам қониқаётгани йўқ. Ҳамон айрим қонунчилар Ўзбекистон АҚШнинг минтақавий манфаатларига ёрдам бериш учун энг қулай нуқтада жойлашган, деб ҳисоблайди”, деб ёзди “Politico” АҚШ расмийларига иқтибосан.

“The Wall Street Journal” ҳам сентябрь охирида Пентагон раҳбарлари рус ҳарбийлари билан Афғонистондан келадиган хавфга қарши туриш учун Путиннинг Марказий Осиёдаги Россия ҳарбий базаларидан биргаликда фойдаланиш бўйича таклифини муҳокама қилгани ҳақида хабар берган эди. Россия Тожикистон ва Қирғизистонда ҳарбий базага эга.

Шу ҳафта бошларида Путин Сурия ва Ироқдаги жангларда қатнашган ИДга алоқадор жангарилар Афғонистонга кўчгани, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Толибонни бу хавфга қарши туришга ундагани ҳақида гапирди.

Россия ва АҚШ жосуслик хизматлари Афғонистонда кучайиб бораётган террор хавфи даражасини кузатиш ва баҳолаб боришга уринар экан, вазият ўта ўзгарувчан қолмоқда, дейилади “bne IntelliNews” мақоласида.

13 октябрь куни АҚШ Вакиллар палатаси ташқи ишлар қўмитаси раиси Грегори Микс Ўзбекистонга сафардан қайтди. Эълон қилинган пресс‑релизга кўра, “делегация ўзбек ҳукумати раҳбарлари билан кўришиб, Ўзбекистоннинг АҚШ етакчилигидаги эвакуация тадбирларига кўмак бергани учун миннатдорлик билдирган ва минтақавий хавфсизлик муаммоларини муҳокама қилган.”

Вакиллар палатасининг ташқи ишлар қўмитаси аъзоси Август Пфлюгер АҚШ Афғонистондаги ўзгаришларга кўз‑қулоқ бўлиб туриши кераклигини таъкидлади. “Террорчиларнинг эҳтимолий хавфсиз бошпанасига яқин жойда дўстинг бўлиши тактик ва стратегик жиҳатдан муҳимдир”, деган у.

Пентагон расмийларининг шу ойда Ўзбекистонга борадиган делегацияси хавфсизлик бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши кутилади. Кун тартибидаги энг муҳим масала – АҚШнинг Афғонистонни кузатиб, керак пайтда зарба бера олишига имкон берадиган аксилтеррор кучларини мамлакатда жойлаштириш масаласи бўлиши таъкидланмоқда.

Москва ҳам шу ҳафта Афғонистондаги вазият бўйича халқаро мулоқотга мезбонлик қилмоқчи. 19 октябрга мўлжалланган илк муҳокамаларда АҚШ, Хитой ва Покистон вакиллари қатнашиши режаланган. Толибон ва бошқа минтақавий ўйинчилар кейинги кунларда муҳокамага қўшилади.

Путин 15 октябрь куни Толибонни расман тан олишга шошмаслик керак деб ҳисоблаши, аммо “улар билан мулоқот қилиш заруратини тушунишлари"ни айтди.

Афғонистонга қўшни Марказий Осиё давлатлари орасида Туркманистон ва Ўзбекистон толиблар билан очиқ мулоқот тарафдори. Афғонистон Миллий қаршилик фронти аъзоларига бошпана берган Тожикистон эса Толибондан турли миллат вакилларидан ташкил топган инклюзив ҳукумат тузишни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG