Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:19

"Одамларга газ сепилди". ИИВ вазири ортидан Қашқадарё ҳокими чироқчиликларни тинчлантирди


"Қора ниқоблилар" одамларга қарши ишлатган баллонча. (Видеодан скриншот)
"Қора ниқоблилар" одамларга қарши ишлатган баллонча. (Видеодан скриншот)

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг Қашқадарё вилоятига сафари бир кун аввал вилоят бўйлаб ўтказилган рейд ва аҳолининг норозилик чиқишлари манзарасида ўтди.

Тармоқларда 27 ноябрь куни Чироқчи туманида “қора ниқоб” таққан ходимлар оддий аҳолига нисбатан "газ ишлатгани" иддао қилинган видео тарқалди. Шу куни бир гуруҳ чироқчилик ҳайдовчилар ИИБ автобуси йўлини тўсиб, ноҳақ олинган ҳужжатлари қайтарилишини талаб қилишди.

Бир вақтнинг ўзида “қора ниқоблилар” отряди чироқчилик ҳайдовчи машинасига дубинкалар билан “ҳужум” қилди.

Ушбу воқеалар манзарасида 28 ноябрь куни вилоятга сафар қилган вазир Пўлат Бобожонов Қашқадарёдаги қатор раҳбарларни ишдан четлатгани ва 33 нафар ходимга интизомий жазо қўллагани маълум қилинди.

Қашқадарёликлар ИИБ ходимлари жазоланганини Чироқчидаги ҳодисаларга жавоб тарзида қабул қилишганини айтишмоқда.

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Озодликка вазирнинг Қашқадарёга сафари олдиндан режаланганини айтди. Айни пайтда норози одамларга қарши "газ ишлатилгани" иддао қилинган видеони изоҳламади.

У ИИБ ходимларининг жазоланиши билан Чироқчидаги воқеалар ўртасида боғлиқлик йўқлигини таъкидлади.

Чироқчиликлар: “Қора ниқоблилар одамларга газ сепди"

27 ноябрь куни ижтимоий тармоқда тарқалган видеода ЙПХ ҳамроҳлигидаги қайси куч тизимига тегишли экани расман очиқланмаган “қора ниқобли” шахсларнинг оломонга қарши "газ ишлатгани" иддао қилинди.

Видеода “қора ниқоб” таққан ва бошдан оёқ қора кийинган икки эркак ЙПХ формасидаги ходим ҳамроҳлигида тўпланиб турган одамлар олдига келгани акс этган.

Видео давомида “қора ниқоблилар”нинг иккаласининг ҳам ўнг қўлида дубинка, чап қўлида эса қандайдир баллонча борлиги кўринади. Баллончалар тахминан 10-15 сантиметр узунликда бўлиб, улар "қора ниқоблилар"нинг панжасига сиғиб турганини кўриш мумкин.

Видеода “қора ниқоблилар”дан бири баллончани ишлатиб, одамларга қаратгани ҳам акс этган. Баллон ишлатилган пайти худди газ сепилганидаги каби овоз ҳам эшитилади. Бу овоз видеода икки марта эшитилган ва бундан баллонча икки марта ишлатилгани англашилади.

"Қора ниқоблилар" одамларга қарши ишлатган баллонча. (Видеодан скриншот)
"Қора ниқоблилар" одамларга қарши ишлатган баллонча. (Видеодан скриншот)

Воқеани тасвирга олаётган йигит “газ баллон билан одамни заҳарлаш мумкинми?” дейди. Видео давомида одамларнинг ҳаммаси бир пайтнинг ўзида йўталаётгани, кўпчилик кийимлари билан оғзини ёпиб олгани ва ёши катта бир аёлнинг ўтириб қолгани кўринади. “Газ баллонни деб, момонинг мазаси қочди”, “скорий чақиринглар”, “шартмиди газ баллон билан одамларни заҳарлаш” деган гап-сўзлар эшитилади.

Тасвирларда йигитлардан бирининг “Тез тиббий ёрдам”га қўнғироқ қилаётгани овози ҳам эшитилади.

Озодлик 29 ноябрь куни ушбу воқеага гувоҳ бўлганлардан бири билан суҳбатлашди. Исми очиқланмаслик шарти билан гаплашган йигитнинг айтишича, воқеа Қашқадарёнинг Чироқчи туманида содир бўлган:

“Шанба куни ГАИ ходимлари “қора маскалилар” билан бирга рейд ўтказди. Айби борми, йўқми демай, кўпчиликнинг машинасини жаримага тиқиб қўйди. Одамлар шунга норозилик билдириб, Чироқчидаги ГАИ пости олдидаги кўприк устига тўпланди. Кейин “қора маскалилар” келиб, одамларга қарши газ баллон ишлатди. Шу ерда турганларнинг ҳаммасининг нафаси қисилди. Бир момониннг мазаси ҳам қочиб қолди”.

Чироқчилик йигит видеодаги тоби қочган аёлнинг ҳозирда соғлиги жойида экани, у касалхонага ётқизилмаганини айтди.

Ҳайдовчилар норозилиги: ИИБ автобуси “қамал” қилинди

Шу куннинг ўзида, ушбу воқеадан бироз ўтиб, Чироқчида содир бўлган яна бир ҳодисанинг видеоси тарқалди.

Видеода бир гуруҳ одам ИИБ автобуси олдини тўсиб тургани акс этган. Тасвирда ўзини Шарофиддин Эргашев деб таништирган йигит, ИИБ ходимлари рейд пайти унинг машинаси сигналида муаммо бор, деган важ билан жарима майдонига олишганини айтади. Бироқ у машинасида сигнал билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлайди.

Видео давомидаги гап-сўзлардан автобус ичида ЙПХ ходими “бекиниб” ўтиргани, тўпланган оломон эса автобуснинг юришига тўсқинлик қилаётгани тушунилади.

Озодлик 29 ноябрь куни машинаси жарима майдонига олинганини айтган ҳайдовчи Шарофиддин Эргашев билан суҳбатлашди. Эргашевга кўра, шу куни одамлар тўполонидан сўнг ЙПХ ходимлари уста чақириб, унинг машинасини қайта текширишган ва машина сигналида муаммо йўқлиги аниқлаб, қайтариб беришган.

“Қора ниқоблилар дубинка билан ҳужум қилган" машина тақдири

27 ноябрь куни Чироқчида содир бўлган яна бир воқеа видеоси тармоқларга тарқалди.

Видеода бир гуруҳ “қора ниқоблилар” ва ЙПХ формасидаги ходимлар "Lacetti"

русумли автомобилни ўраб тургани акс этган. Видео давомида “ҳайда”, “бос” деган ҳайқириқлар эшитилади ва машинани ўраб турган орган ходимлари бир пайтнинг ўзида дубинкалари билан автомобилга ҳар томондан ураётгани кўринади. Шу пайт машина ҳайдовчиси олдини тўсиб турган “қора ниқоблилар”ни “ёриб”, воқеа жойидан “қочиб” қолади.

Ушбу воқеа тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, “қора ниқоблилар” ҳаракати кескин қоралангач, Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси 28 ноябрь ва 29 ноябрь кунлари кетма-кет иккита баёнот тарқатди.

“Чироқчи тумани, Коммуна МФЙ ҳудудидан ўтган ички йўлда ЙПХ ходимлари томонидан Lacetti русумли автомобиль тўхтатилган вақтда, ҳайдовчи қонуний талабни бажармасдан автомобилнинг ойнаси ва эшикларини қулфлаб олдинда турган соҳа вакилларининг устига транспортни бошқарган. Мазкур жараёнда ходимлар томонидан махсус воситалар қўлланилиб, ҳайдовчини тўхтатиш чоралари кўрилганлигига қарамасдан ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳозирда ЙПХ ходимининг билдиргиси асосида бўйсунмай ҳаракатланган ҳайдовчи юзасидан суриштирув олиб борилмоқда”, дейилади баёнотда.

Кейинчалик вилоят ИИБ ахборот хизмати “қочиб кетган” Lacetti ҳайдовчисининг "кечирим сўраган" видеосини ҳам эълон қилди.

29 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги Lacetti ҳайдовчисига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилди:

"Мазкур ҳолат тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳайдовчи Ҳ.А.га нисбатан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган".

Вазирнинг ташрифи: Жазоланган ва ишдан ҳайдалган иибчилар

Чироқчидаги ушбу воқеаларнинг эртасига Қашқадарёга Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов боргани хабар қилинди.

Расмий маълумотга кўра, Бобожонов бошчилигидаги ИИВ ишчи гуруҳи “Қашқадарёда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ва бу борадаги фаолиятни янада жадаллаштириш ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида” бориб, йиғилиш ўтказган.

“Йиғилишда хизмат фаолиятида жиддий камчиликка йўл қўйган 33 нафар раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари белгиланди, 3 нафар ходимлар ички ишлар органларидан бўшатилди, 11 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дея хабар қилади Nasafnews нашри.

Айни пайтда Бобожонов 11 нафар ИИБ ходимини рағбатлантиргани ҳам хабар қилинди.

Nasafnews нашри “Чироқчидаги машмаша ортидан” Қашқадарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ва Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи ишдан олинганини хабар қилди.

Бироқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Озодликка Қашқадарёдаги ишдан олишлар ва интизомий чораларнинг Чироқчидаги воқеаларга умуман алоқаси йўқлигини билдирди.

“Умуман ишдан бўшатишларнинг Чироқчидаги воқеаларга алоқаси йўқ. Ҳаммаси режалаштирилган, доим қилинадиган нарса. Йил давомида сарҳисоб қилинади. Нечта одам ишдан олинган, нечта одам рағбатлантирилган. Бундай тадбирлар доимий равишда ўтказилади. Жиноятчиликни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, ички ишлар профилактикаси мақсадида бундай тадбирлар олдиндан белгиланган режа асосида доимий равишда ўтказилади”, деди Ғиёсов.

Айни пайтда Ғиёсов ИИБ ходимлари аҳолига қарши "газ ишлатгани" ҳақидаги иддаоларни изоҳлаганича йўқ.

“Ҳолат ўрганилмоқда, ҳуқуқий бахо берилганидан сўнг ахборот берилади”, - деди Ғиёсов Озодлик сўровига жавобан.

Ҳоким изоҳи

Қашқадарё вилоятига янги тайинланган ҳоким Муроджон Азимов Чироқчидаги Lacetti ҳайдовчиси воқеасига муносабат билдириб, ИИБ ходимларини оғир, босиқ ва маданиятли бўлишга чақирган.

“Дарё” нашри хабарига кўра, Муроджон Азимов бу ҳақда 29 ноябрь куни ўтган йиғилишда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тайинланган янги раҳбар Азиз Садировни масъулларга таништириш чоғида гапирган:

“Кеча ижтимоий тармоқларда кўрдик. ИИБ ходими қўлидаги таёқ билан фуқаро автомобилини уряпти. Бу нимаси? ИИБ ходими оғир, босиқ ва маданиятли бўлиши керак-ку. Майли, ҳайдовчи айбдор, лекин ИИБ ходими бундай пайтда ақл билан иш тутиши керак”.

Чироқчида қамалган беш иибчи воқеаси

Бу Чироқчида аҳолининг ички ишлар ходимларидан биринчи норозилиги эмас.

Ўтган йил сентябрида Чироқчи туман ИИБнинг 5 нафар ходими фуқаронинг ўлимида айбдор, деб топилган.

32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов 2020 йил январида мол ўғирлаганликда гумон қилиниб, ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиниши ортидан ИИБдаги қийноқлар натижасида вафот этган.

Ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда вазир Пўлат Бобожоновнинг истеъфосига чақириқлар янграган.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига кўра, Чироқчи туман ички ишлар бўлимининг беш ходими 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

XS
SM
MD
LG