Линклар

Шошилинч хабар
03 феврал 2023, Тошкент вақти: 18:50

Болгарияликлар электрсиз қолган украинларга генераторлар етказиб бермоқда


Болгариялик кўнгиллилар.

Яқин кунларда Болгариядан Украинага 100 дан ортиқ электр генераторлари юборилади. Россия армияси Украина энергия инфратузилмасини нишонга олаётгани учун миллионлаб украиналик электр энергиясидан маҳрум бўлди ёки узилишлардан азият чекмоқда.

Генераторларни сотиб олиш учун маблағ Манол Пейков томонидан ташкил этилган акция доирасида тўпланган. Пейков ношир, таржимон ва марказ-ўнг қанот партиялар бирлашмаси ҳисобланувчи «Демократик Болгария» альянсининг собиқ депутатидир.

Саккиз кун ичида 2 мингдан ортиқ одам 500 минган ортиқ лев ($268 680) хайрия қилган. Европа Иттифоқининг энг қашшоқ мамлакати бўлмиш Болгария учун бу катта суммадир: мамлакатда ўртача ойлик даромад тақрибан 900 долларни ташкил қилади.

«Мен учун бу ақл бовар қилмайдиган нарса», - деди Пейков мамнуният билан Озодлик радиосининг булғор хизматига.

Пейковнинг сўзларига кўра, кўрсатилган хайрихоҳлик Болгарияда содир бўлаётган ўзгаришлардан ҳамда Болқон мамлакатида ниҳоят фаол фуқаролик жамияти шаклланаётганидан далолат беради.

Манол Пейков.
Манол Пейков.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Россия Украина инфратузилмасига зарба бераётгани халқаро ва инсонпарварлик қонунларга зиддир. Ҳужумлар туфайли бугунга қадар Украина электр тармоғининг ярмидан кўпи зарар кўрди ёки бутунлай вайрон қилинди.

7 декабрь куни БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари Мартин Гриффитс БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғинида сўзлар экан, миллионлаб украиналик совуқда иситиш хизмати ҳамда электр ва сув таъминотидан мунтазам фойдалана олмаётганини, айримлар эса бутунлай бу хизматлардан маҳрум бўлганини айтди.

Шу боис мамлакатда дизель генераторларга эҳтиёж каттадир. Генераторлар уяли телефон миноралари, ресторанлар ва, айниқса, шифохоналар ишлаши учун қўлланилмоқда. Пейков бошлаган кампанияга ўхшаш маблағ тўплаш акциялари Грузия каби мамлакатларда ҳам йўлга қўйилган.

Россия 24 февраль куни Украинага бостириб кирганидан бери Пейков Украинадаги воқеаларни диққат билан кузатиб келади. Тўплаган маълумотларини эса ўз Facebook саҳифасида улашмоқда.

Болгарияда Россиянинг Украинага босқини ҳақида объектив маълумот тарқатаётганлар «руспараст қарашларнинг доимий оқими» билан курашишга мажбур бўлмоқдалар.

Пейков хабар тўплашдан ташқари Украинадаги аскарлар учун дори-дармон, кийим-кечак ва пойабзал, шунингдек, тиббий бандажлар йиғиб, Украинага юбориш учун хайрия акцияларини ташкил қилиб келади.

Пейков қайси буюмларга эҳтиёж катталигини аниқлаш учун Болгария ва Украинадаги кўнгиллилар билан мунтазам мулоқот қилади ҳамда Интернетда маълумот излайди.

Фаолга генератор харид қилиш учун маблағ тўплаш ғоясини дўсти берган. Унинг сўзларига кўра, дўсти Украина ғарбидаги Ровно шаҳри генераторларга муҳтож эканлигини айтган.

«Ҳозир Украинада генератор йўқ, шунчаки қолмаган», - деди Пейков.

«Борларининг барчаси аллақачон бирон жойга юборилган».

Украинага босқин: 292-кун | АҚШ Украина энергетикасига 53 миллион доллар беради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:56 0:00

Бир неча ҳафта олдин Европа Иттифоқи Киевга инсонпарварлик ёрдами ўлароқ 550 та генератор беришга қарор қилган эди. Жорий ой бошида эса иттифоқ қўшимча 40 та генератор юборилишини маълум қилди.

Ўша пайтда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель:

«Россия Украина энергия инфратузилмасига ҳужум қилиш ва қишдан тинч аҳолига қарши қурол сифатида фойдаланиш орқали украиналикларни руҳий тушкунликка туширишга уринмоқда», -деган эди.

Грузияда ҳам худди шундай акция уюштирилди. «Ёруғликни улаш» кампанияси ҳамон давом этмоқда. Озодлик грузин хизматинг хабар беришича, акция ташкилотчилари декабрь ойи ўрталарига қадар Украинага бир неча юз генератор юборишга умид қилишмоқда.

Пейковнинг сўзларига кўра, бошида у акция давомида қанча пул тўпланишини билмаган, аммо натижалар уни ҳайратда қолдирган.

«Етти ухлаб тушимга кирмаган натижа бўлди», - деди у.

Дастлаб маблағ тўплаш кампаниясини етти кунда тугатишни режалаштирган. Аммо хайрия оқими тўхтамагани сабабли Пейков акцияни яна бир кунга, 5 декабрь куни тушликка қадар узайтирган.

Ўша пайтгача 534 710 болгар леви тўпланган. Пейковнинг айтишича, 2 мингдан ортиқ одам хайрия қилган.

«Бу жуда ажойиб», - деди у ҳаяжонини яширмай.

Унинг сўзларига кўра, энг катта хайрия тахминан 30 минг лев, энг ози эса 1 еврони ташкил қилган.

«Аммо қалбимда уларнинг барчаси бир хил қийматга эга», деб ёзди Пейков ўз Facebook саҳифасида.

Кампания тугагандан сўнг, Пейков батафсил ҳисобот эълон қилди. Унда эътироф этилишича, 5 декабрга қадар жамланган пулга 118 та генератор харид қилинган. Уларни Украинага жўнатиш келгуси ҳафтадан бошланади.

Битта генератор аллақачон Украинага етиб борган. Биринчи генератор Украина жанубидаги Болград шаҳрига юборилган. Шаҳарда кўп сонли этник болгарлар яшайди. Генератор маҳаллий кинотеатр учун энергия ишлаб чиқармоқда. Пейковнинг сўзларига кўра, бундан мақсад энергия тақчиллигидан азият чекаётган одамларга бироз нормал ҳаёт бағишлашдир.

Генераторни болградлик этник болгар Татьяна Станиева олиб кетган. Станиева Софияга ватанида ҳар йили уюштирадиган кинофестивалда намойиш қилинган фильмларни кўрсатиш учун борган бўлган.

Станиева Болградда ғолиб фильмларни намойиш қилишга умид қилган, лекин театр совуқ бўлса, ҳеч ким келмаслигини яхши билган.

Уйга отланган Станиева Пейковнинг кампанияси ҳақида хабар топган ва Болграддаги театр учун генератор бера олиши ёки йўқлигини сўраш учун у билан боғланган.

Пейков Станиеванинг қайтиш йўлида жойлашган Русе шаҳрида генератор борлигини айтган.

Фильм намойишлари тугагач, Станиева генераторни шаҳридаги муҳтож муассасалардан бирига совға қилишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, у Пейковни Одесса вилоятидаги бошқа этник болгарлар билан таништирган.

Ушбу алоқалар ёрдамида Пейков Болградга, жумладан, 1858 йилда ташкил этилган ўрта мактабга генератор юборишни режалаштирмоқда.

Пейков Херсондаги шифохоналарга ҳам генератор юборилишини айтди.

Пейковнинг таъкидлашича, демократик давлатларда асосан президентлар ёки бош вазирлар эмас, балки фуқаролик жамияти етакчилик қилади. Унинг фикрича, Болгария кучли фуқаролик жамияти бўлмагани учун қийинчиликларга дучор бўлиб келади.

Форум

XS
SM
MD
LG