Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:52

Бош прокуратура аралашувидан сўнг бухоролик тадбиркорларга улар сўраган ечим ваъда қилинди


Қарийб икки йиллик норозилик ва босимлардан сўнг Бухоро ҳокимлиги тадбиркорларга янги қурилаëтган ана шу савдо комплексига туташ дўконлар қуриб беришни ваъда қилди.
Қарийб икки йиллик норозилик ва босимлардан сўнг Бухоро ҳокимлиги тадбиркорларга янги қурилаëтган ана шу савдо комплексига туташ дўконлар қуриб беришни ваъда қилди.

Шаҳар марказидаги “Дилкушо” бозоридаги дўконлари бузилганидан бери ўтган икки йилга яқин вақт давомида идорама-идора юриб ўз норозилигини билдириб келган бухоролик 600 дан ошиқ тадбиркор талаби қисман бўлса-да қондирилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган тадбиркорларга кўра¸ 10 -14 декабрь кунги норозиликлардан сўнг Бош прокуратура назоратига олинган ўз шикоятларига жавобан вилоят ва шаҳар ҳокими “Дилкушо” бозори ҳудудидан ўзларига алоҳида комплекс қуриб беришни ваъда қилган.

Озодлик Бухоро шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосаридан бу ваъда ижросига оид тафсилотларни олишга муваффақ бўла олмади – расмийлар телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Янги ечим¸ янги ваъда

20 декабрь куни Озодлик боғланган бухоролик тадбиркорлар намояндалари ўтган икки ҳафта давомида кетма-кет уюштирилган норозилик тадбирлари ортидан Бухоро вилоят ва шаҳар ҳокими ўз талаблари қондирилишини ваъда қилганини билдирдилар.

Бухоро шаҳар ҳокими Карим Жамолович мажлис қилиб¸ муаммоларингиз ҳал бўлди. “Дилкушо” ҳудудидан сизлар учун қўшимча комплекс қурилади ва ундан бузилган дўконларингизга бошма-бош жой берилади. Сизлар учун ҳар квадрат метр нархни 5 миллион сўм қилиб белгиладик. Бузилган дўконидан каттароқ жой олмоқчи бўлганлар¸ ошиқча квадратурага 12 миллион сўмдан беради. Тўловнинг 50 фоизини январь¸ қолганини мартгача тўлайсизлар¸ деди. Қўшимча комплекс “Дилкушо” ўрнида қуриб бўлинган уч қаватлик гипермаркетга қўшиладиган бўларкан”¸ деди бухоролик тадбиркорлардан бири.

Озодлик суҳбатдошлари айни пайтда¸ 18 декабрь куни шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида берилган бу ваъданинг амалга кўчишини кафолатловчи бирорта қарор¸ расмий ҳужжат тақдим қилинмаганини қўшимча қилдилар.

Бозор бузилгандан бери¸ уч-тўрт хил ваъда беришди¸ бирортасини бажарганлари йўқ. Шунга бу галги ваъдага ҳам дарров ишонаëтганимиз йўқ. Лекин бу сафар масалани Бош прокуратура¸ президент администрациясидаги кураторлар назорат қилаëтгани учун¸ энди алдашмас¸ деган умидимиз ҳам йўқ эмас”¸ дейди бозори бузилганидан бери идорама-идора чопиб юрган тадбиркорлардан бири.

Вилоят прокуратурасидан сўнг Тошкентга юриш

Озодлик 10 декабрь куни юздан ошиқ бухоролик тадбиркорнинг ўз норозилигини билдириш мақсадида Бухоро вилоят прокурори Баҳриддин Валиев олдига боргани ҳақида ўша куни хабар берган ва прокуратура биносида ўтказилган йиғин аудиоëзувини ҳам эълон қилган эди.

Бу йиғинда шаҳар ҳокими айтган гаплардан ҳафсаласи қаттиқ пир бўлган норозилар¸ ўз ораларидан 20 га яқин аëлни вакил қилиб¸ 14 декабрь куни уларни Тошкентнинг Мустақиллик майдонида пикет ўтказишга юборди.

Бу тадбирнинг Озодлик кўрган (сифати яхши бўлмаганидан эълон қилинмаëтган -таҳр.) видеоëзувидан Мустақиллик майдонида аëлларнинг президент администрацияси биносини қўриқлаëтган хавфсизлик ходимларига ўз мақсадларини тушунтиргани ва шундан сўнг уларнинг ичкарига олиб кирилгани кўрилади.

Бизни президент маъмуриятининг Бухоро ва Навоий бўйича вакиллари қабул қилди. Арзимизни тинглашди¸ Бухорога телефон қилиб¸ муаммони ҳал қилишни топширишди. Бухорога боришингиз билан¸ шаҳар ҳокими қабул қилиб¸ ечим топади¸ дейишди. Аммо ҳокимликдан дарак бўлмаганидан кейин¸ 18 декабрь куни биз яна Тошкентга телефон қилдик. Ўша куниëқ соат 4 да шаҳар ҳокими чақиртириб¸ янги ваъда берди”¸ дейди Тошкентга борганлардан бири ҳокимият босимидан чўчиб шахси очиқланмаслиги шарти билан.

Бош прокуратурага миннатдорлик

Озодлик гаплашган бухоролик тадбиркорларнинг ишонишича¸ вазиятнинг боши берк кўчадан чиқа бошлаганига ўз шикоятларининг Бош прокуратура назоратига олингани ҳам муҳим роль ўйнаган.

10 декабрь кунги вилоят прокуратурасидаги тўполоннинг эртасига Бухорога Бош прокуратурадан гуруҳ юборилди. Улар биз билан учрашмади¸ лекин келган ëш мутахассислар бизнинг ҳаққимизни ҳимоя қилишга астойдил ҳаракат қилганини эшитдик. Улар 600 дан ошиқ тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқлари вилоят ва шаҳар ҳокими томонидан қандай бузилаëтганини тасдиқлайдиган ҳамма ҳужжатларни сўраб-суриштирган¸ муҳимларини ўзлари билан олиб кетган”¸ деди тадбиркорлардан яна бири.

Озодлик суҳбатдошлари¸ Бош прокуратуранинг бу жараëнга аралашуви “Дилкушо”дан ҳайдалган тадбиркорларнинг ўз қонуний жойига қайтиб¸ фаолиятини қайта бошлагунга қадар давом этишига умид қилаëтганларини қўшимча қилди.

12 декабрь куни Озодликнинг бухоролик тадбиркорлар шикоятига оид саволига жавоб берган Бош прокуратура матбуот хизмати “уларнинг талаблари ўрганиб чиқилиши ва ижобий ҳал этилиши”ни билдирган эди.

2017 йил баҳорида Бухоро марказидаги қарийб 8 гектарлик ҳудудда жойлашган энг оммабоп “Дилкушо” бозори¸ ўрнида замонавий савдо комплекси қурилади¸ деган иддао билан бузилган ва бу ерда савдо қилиб келган 610 нафар хусусий тадбиркорга қурилажак комплексдан айни катталикдаги дўкон имтиëзли нархда қуриб берилиши ваъда этилган эди.

Аммо тадбиркорлар таъкидича¸ бирор жойда қайд этилмаган¸ ўтмиш фаолияти ҳеч кимга маълум бўлмаган Mustahkam Qurilish Development деган компания “Дилкушо” ўрнида уч қаватли савдо комплекси қуришни бошлаши ортидан¸ ҳокимият бу ваъдасини ўзгартириб¸ дўконсиз қолган тадбиркорларга шаҳар чеккасидаги эски мебель фабрикаси ҳудудида¸ пулини олдиндан тўласа¸ дўкон қуриб беришни айтишга ўтган. Аксар тадбиркорлар бу таклифни қабул қилмагани ортидан¸ ҳокимият ва дўкондорлар ўртасидаги зиддият кучайган эди.

Бухоролик тадбиркорлар Mustahkam Qurilish Development ширкати ортида Бухоро вилояти ҳокимининг яқинлари туришини иддао қилиб келади. Озодлик ихтиëрида ҳозирча бу иддаони тасдиқловчи ҳужжат йўқ - шаҳар ҳокимлиги “Дилкушо” бозори ҳудудининг кимга¸ қайси шартлар асосида сотилгани ëки ижарага берилганига оид келишувни жамоатчиликдан сир тутиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG