Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 11:27

Бош вазир “Мерседес”и Бекободда “Дамас” билан тўқнашиб кетди. Арипов "енгил жароҳат" олди


Бош вазир Абдулла Арипов.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги юқори лавозимли расмийнинг Озодликка норасмий тарзда билдиришича¸ 20 август куни тонгги соат 9 ларда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўтирган “Мерседес” русумли қора машина “Дамас” русумли машина билан тўқнашиб кетган. Озодлик гаплашган воқеа гувоҳлари ва маҳаллий расмийларга кўра¸ авария оқибатида “Дамас” ҳайдовчиси ва йўловчиларидан бири “ўрта даражадаги жароҳат” билан Бекобод туман касалхонасининг Шошилинч тез ëрдам бўлимига ëтқизилган. Расмийларнинг билдиришича¸ йўл-ҳаракати ҳодисаси сифатида кўрилаëтган авария тафсилотларини ИИВ¸ прокуратура ва ДХХ ўрганмоқда.

Гувоҳлар ҳикояси

Озодликка бу воқеа ҳақида ундан саноқли дақиқалар ўтиб хабар берган бекободлик ҳайдовчилардан бирининг айтишича¸ воқеа эрталаб 9.10ларда¸ Бекобод шаҳрига кираверишга икки километрча масофада содир бўлган.

“Мен 120 ларда кетаëтгандим (соатига 120 км. тезлик назарда тутилмоқда – таҳр.). Ëнимдан қора жип учиб ўтиб кетди. Камида 150 эди тезлиги. Озгина ўтиб¸ “Дамас”ни урворди¸ “Дамас” учиб кетди”¸ деди Озодликка хабар йўллаган воқеанинг бевосита гувоҳи.

Унинг айтишича¸ воқеа жойи дарҳол ўраб олинган¸ гувоҳларнинг аварияни видео ëки суратга олишига имкон ҳам¸ рухсат ҳам берилмаган.

Айни авария жойидан эрталабки соат 10 лар атрофида ўтган бошқа бир бекободликнинг айтишича¸ қора “Мерседес”нинг давлат рақами олиб қўйилган ва воқеа жойи "КамАЗлар билан ўраб¸ тўсиб қўйилган.

“Ман олдидан машинада ўтиб кетдим¸ машинани тўхтатишмади. Вазирни машинасини "КамАЗ"лар билан ўраб куйишган¸ "Дамас" йўлнинг ўртасида думалаб ëтувди. Қонни кўрмадим¸ лекин "Дамас" аҳволи ичида одам тирик қолмайдиган даражада ëмон эди. "Мерседес"нинг аҳволиям ëмон эди”¸ деди шахси очиқланишини истамаган бекободлик ҳайдовчилардан яна бири.

Расмий маълумот

Бекобод шаҳар ва туман Ички ишлар бўлими расмийлари воқеа ҳақида расмий хабар чиқмай туриб Озодликка Бош вазир ўтирган "Мерседес" русумли машинанинг "Дамас" билан тўқнашганини тасдиқлади.

“Воқеани ҳозир туман РОВДси прокуратура билан ўрганаяпти. Жароҳатланганлар туман марказий касалхонасига олиб кетилган. Бошқасини бу воқеани бевосита ўрганаëтган раҳбарларимиздан сўрасангиз¸ улар билади буни”¸ деди Бекобод милициясининг Озодлик боғланган расмийлари.

Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган Ўзбекистон ИИВнинг юқори лавозимли расмийси¸ воқеанинг оддий автоҳалокат эканини таъкидлади.

“Арипов тирик¸ воқеа унга қарши суиқасд эмас¸ оддий йўл ҳаракати ҳодисаси. Бу воқеага оид ҳужжатларнинг ҳаммасини Ихтиëрнинг (ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев назарда тутилмоқда – таҳр.) одамлари олди"¸ деди ИИВ мулозими.

Касалхонадан олинган маълумот

20 август куни Озодлик боғланган Бекобод туман марказий касалхонаси мулозимлари¸ Бош вазир машинаси билан тўқнашган "Дамас" ҳайдовчиси ва йўловчисининг касалхонада эканини тасдиқлади.

“Биттасининг елкаси синган¸ иккинчиси бошидан жароҳат олган. Аҳволлари унча оғир эмас. Жипдагиларни бизга олиб келишмади¸ шунга уларнинг аҳволини билмайман”¸ деди жароҳатланганларни бевосита қабул қилган тиббиëт ходимларидан бири.

Озодлик воқеа тафсилотларини ўрганаëтган пайтда Газета.уз нашрида пайдо бўлган қисқа хабарга кўра¸ авария оқибатида Бош вазирнинг ўзи ҳам “енгил тан жароҳати билан касалхонага олиб келинган¸ унинг соғлиғига ҳеч қандай таҳдид йўқ”. Айни хабарда¸ Бош вазир билан битта машинада бўлган яна бир одамнинг ҳам жароҳат олгани айтилади.

Кун.уз нашрининг ëзишича¸ Бош вазир ëнида бўлган ва жароҳат олган шахс унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султоновдир.

Расмий билдирув

Озодликнинг воқеа тафсилотларига оид суриштирувига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасидан билдириш юборилди.

Унга кўра:

Дамас" русмли автомобиль бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетганлиги сабабли тўқнашув юз берган. Иккала автомобиль ҳайдовчилари тан жароҳатлари олган, автомобиль йўловчиларига зарар етмаган”.

Озодлик ҳозирча Бош вазир машинаси билан аварияга айнан "Дамас" ҳайдовчисининг ҳаракати сабаб бўлганини мустақил манбалардан тасдиқлата олмади.

“Ўлганлар бор!”

Воқеа тафсилотларидан хабардор бекободлик тиббиëт ходимасига кўра¸ ҳозирда туман касалхонаси “ички ишлар ва ГАИ ходимлари томондан ўраб олинган”.

Бундай хавфсизлик чораларини изоҳлаган бошқа бир бекободлик касалхонага ëтқизилган иккала жароҳатланганнинг ўлганини иддао қилди.

“Ҳайдовчи ҳам¸ унинг ëнида ўтирган йўловчи ҳам ўлган. Шунга ҳамма ëқ ваҳима бўлиб кетди. Мен авария бўлган "Дамас"ни ўз кўзим билан кўрдим. Унда ўтирганларнинг тирик қолмаслиги шундоқ кўриниб турипти”¸ деди шахси сир қолишини сўраган бекободлик мулозим.

Ҳозирча Озодлик бу маълумотни бошқа манбалардан тасдиқлатишга муваффақ бўлмади.

Бош вазир “Обод маҳалла”ни кўрмоқчи бўлган

Озодлик суҳбатлашган Бекобод туман ҳокимлиги расмийлари¸ 20 август куни Абдулла Ариповнинг шаҳарда қурилаëтган “Обод маҳалла”ни кўздан кечириш учун келганини билдирди.

28 августгача президентнинг келиши кутилаяпти. Шунга бугун Бош вазир президент бориб кўрадиган “Обод маҳалла”ни текшириши керак эди. Эрталабдан ҳамма раҳбарлар ўша ерда эди. Шаҳарда 5-участка дейиладиган “Истиқлол” маҳалласи “Обод маҳалла” бўлаяпти. Бош вазир келмади. Лекин бугун кечки соат 19:45 да Тошкентда видеоселектор ўтказади¸ деган расмий телефонограмма келди бизга. Демак¸ аҳволлари яхши”¸ деди Бекобод туман ҳокимлиги расмийси.

Сўнгги хабарларга кўра¸ 20 август кунга белгиланган видеоселектор йиғилишига президентнинг ўзи раислик қилади¸ унда Бош вазирнинг қатнашиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўринг (10)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG