Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:45

Бош врач: Сўх аҳолисининг ковид-тест ташвиши бир-икки кунда ҳал бўлади


Фарғона вилоятининг Сўх тумани аҳолиси жорий ҳафта охиридан ковид-тестни ўз туманида топшириши мумкин. Таркибига Шоҳимардон эксклави кирувчи Фарғона туманида бу имконият яратилганига бир ҳафта бўлди.

Бу маълумотни Озодлик Фарғона вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказидан олди.

Ковид-тест топшириш ва натижаларни олиш учун вилоят СЭОМ эшиги олдида ўнлаб одам навбат кутиб тургани акс этган видео куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мулозими ковид эпидемияси шароитида Ўзбекистонга кириш ва мамлакатдан чиқиш тартиби юзасидан Озодлик саволларига жавоб берди.

Темир дарвоза олдидаги навбат

Сўхлик журналист Мирасрор Фарғоний Фэйсбукдаги саҳифасида эълон қилган 46 сонияли видеода тиббиёт рамзи туширилган темир дарвоза ва унинг ортида 10 дан ортиқ эркак ва аёллар тургани акс этган. Олд планда орти билан турган киши дарвозани очиб, қўлидаги қоғозларни тарқатмоқчи бўлиб, фамилияларни айта бошлайди. Шундан сўнг камера дарвозадан ташқарилайди ва яна 10 дан ортиқ эркак ва аёл кўринади. Кадр ортидан Мирасрор Фарғонийнинг овози эшитилади. “Бу ердагиларнинг ҳаммаси Қирғизистон ҳудудидан ўтиб кетиш учун справка олишяпти. Булар ҳали бир қисми холос дейишяпти” , дейди журналист.

Мирасрор Фарғоний 10 декабрда Озодликка видеони Фарғона вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази дарвозаси олдида олганини билдирди.

Мен ўзим сўхликман. Ковид маълумотномалари билан боғлиқ ғалати вазият юзага келган. Сўхдан чиқаркансиз, бундай маълумотнома талаб қилинмайди, бироқ қайтаётганингизда ковид-тест натижаси қайд этилган ҳужжатингиз бўлмаса, Қирғизистон чегарасидан ўтказишмайди, натижада биз сўхликлар уйимизга қайта олмаймиз”, - деди журналист.

"Навбатлар озая бошлади, эрта-индин аҳвол яхшиланади"

Вазият журналист айтаётгандай эканлигини Фарғона вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Аҳмаджон Ёқубов Озодлик саволига жавобан тасдиқлади. Унинг айтишича, эксклавлар - Сўх тумани ҳамда Фарғона туманига қарашли Шоҳимардон аҳолиси ковид-маълумотномани қўшни Қирғизистоннинг талабига биноан олишга мажбур бўлмоқда:

“Қирғизистон расмийлари Ўзбекистоннинг асосий ҳудудига келиб, ортга қайтаётган сўхлик, чўнғоралик, шоҳимардонликлардан ковид-тест справкасини талаб қилмоқда. Улар фақат вилоят СЭОМ берган справкани тан олмоқда.

Бош врачнинг айтишича, натижада тест топшириш учун СЭОМ олдида навбатлар пайдо бўлмоқда, “баъзи кунлари 700 нафаргача одам мурожаат қилди”.

Эрталаб соат 10-11 ларда тест топширган киши натижани кечга яқин, кечроқ топширганлар эртасига эрталаб олади.

Аҳмаджон Ёқубовнинг айтишича, Қирғизистоннинг янги талаби пайдо бўлганига тақрибан бир ой бўлиб қолди. Унгача чегаранинг ўзида натижаси 15 дақиқада чиқадиган экспресс-тест натижаси кифоя эди. Эндиликда эса, қўшни давлат ПЦР тест таҳлили натижасини талаб қилмоқда.

Фарғона СЭОМ бош врачининг айтишича, шу кунда тест топшириш учун навбат кутувчилар сони кескин камайган, чунки "бир ҳафта олдин Фарғона туманига ПЦР аппарати ўрнатилди ва шоҳимардонликлар Водилда тест топшираяпти, бундай аппарат кеча-бугун Сўхда ўрнатиляпти, эрта-индин ишга тушади".

Қирғизистон ковид-тест талабларини нега кескин кучайтирди? Озодлик бу саволни 10 декабрда Қирғизистон Чегара хизматига берди. Хизматнинг ўзини таништирмаган мулозими “тест-маълумотномани текшириш чегарачиларнинг вазифаси эмас, балки тиббиётчиларга мурожаат қилишингиз керакдир”, - деди.

Сўхлик ва шоҳимардонликлар учун тест бепул

Фарғона вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Аҳмаджон Ёқубовнинг айтишича, эксклавлар аҳолисидан ковид-тест учун пул олинмайди. Махсус комиссия қарорига биноан Сўх, Чўнғора, Шоҳимардон аҳолиси учун бу хизмат бепулдир.

Айни пайтда бошқалар учун ковид-тест пуллик. Маълумотларга қараганда, шу кунда тест нархи 200 минг сўм атрофида.

Ковид шароитида Ўзбекистонга кириш-чиқиш тартиби

Ўзбекистонга кириш ва мамлакатдан чиқиш тартиби тўғрисида Озодликка Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мулозими (исми айтилишини истамади) қуйидагиларни айтиб берди:

  • Ўзбекистондан чиқиб кетаётган киши ПЦР-тест топширади ва маълумотнома 72 соатгина яроқли бўлади;
  • Ўзбекистонга кираётганларнинг ҳам қўлида худди шундай маълумотнома бўлиши керак. Чет элдан келаётган киши қўлидаги ковид-маълумотноманинг ҳаққонийлигига шубҳа билдирилмайди. Агар маълумотнома яроқлилик муддати (72 соат) тугаган бўлса, тест олинади;
  • Ўзбекистонда ПЦР-тестдан ўтказиш ҳуқуқи хусусий тиббиёт муассасаларига ҳам берилган, давлат муассасаларида ҳам пуллик тестдан ўтиш мукин. (Андижон вилоят, Жалақудуқ туман СЭОМ ходимининг 10 декабрда Озодликка айтишича, у ишлайдиган марказ бир ойдан буён касаллик аломатлари борларнигина ковид-тестдан ўтказмоқда, чет элга чиқувчилар хусусийларга мурожаат қилиши керак, тест нархи 200 минг сўм атрофида эканини шу ходим ҳам айтди)

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра , 8 декабрь ҳолатига Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 74 206 нафарни ташкил этган. Касалликдан соғайганлар жами 71 482 нафарга етган ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2113 нафар бемордан 179 нафари оғир, 34 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ҳафтадан бери коронавирусдан ўлганлар ҳақида маълумот беришни тўхтатди. Айни пайтда вазирлик коронавирусдан вафот этганлар бўлмаётгани ҳақида ҳам бирор маълумот бермаган.

XS
SM
MD
LG