Линклар

Шошилинч хабар
12 апрел 2021, Тошкент вақти: 01:03

Британия оммавий тадбирларда COVID-19 паспортларини синаб кўрмоқчи


Бош вазир Борис Жонсоннинг консерваторлар партияси аъзолари COVID-19 паспорти жорий этиш режаларига қарши чиқмоқда.

Буюк Британия келгуси ҳафталарда «коронавирус мақоми сертификатларини» синаб кўрмоқчи. Мақсад – бундай гувоҳномалар спорт ареналарида, тунги клубларда ва концертларда оммавий тадбирларни хавфсиз ўтказиш имконини бера олиш-олмаслигини аниқлаш. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.

Жорий ойда ва май ойида бўлиб ўтадиган қатор тадбирлар, шу жумладан, Англия кубогининг асосий ўйинлари томошабинлари тадбирлардан олдин ҳам, кейин ҳам тест топширишлари керак бўлади. Синовлар давомида, шунингдек, шамоллатиш ва ижтимоий масофа сақлашга бўлган турли хил ёндашувлар самараси ҳақида далиллар тўпланади.

Мамлакат расмийлар COVID-19 паспортларини синовдан ўтказишни режаламоқда. Бундай гувоҳномаларда киши вакцина олгани ёки йўқлиги, топширган синовлари ёки ўтган олти ой ичида коронавирус билан касалланганлиги сабабли иммунитетга эгалиги кўрсатилади.

Вакцина паспортини жорий қилиш масаласи бутун дунёда, шу жумладан, АҚШ ва Исроилда қизғин муҳокама қилинмоқда. Ҳукуматлар, иш берувчилар, тадбир ўтказиладиган муассасалар ва бошқа жойлар одамларнинг вируси ҳолати тўғрисида билиш ҳуқуқига эгалиги ёки йўқлиги асосий савол бўлиб қолмоқда. Шахснинг ўз тиббий ҳаёти ва соғлиғини сир сақлашга бўлган ҳуқуқи билан оломон ичидагиларнинг бошқалар томонидан хавфли касалликни юқтирмаслик ҳуқуқи ўртасида қандай қилиб мувозанатга эришиш мумкинлиги тўғрисида муросага келингани йўқ.

Баъзи танқидчиларнинг сўзларига кўра, вакцина паспортлари камбағал одамлар ва вакциналардан фойдаланишга ҳозир бўлмаган қашшоқ давлатлар камситилишга замин яратади.

Буюк Британия расмийларига кўра, бундай рухсатномалар телефон иловалари ёки қоғоз сертификатлар шаклида жорий қилиниши мумкин.

Аммо Буюк Британия Спорт вазири Найжел Хаддлстон журналистларга «энг дастлабки синовлар сертификатлаш элементларини ўз ичига олмаслиги аниқ» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бошида шунчаки тадбирлар бошланишидан олдин ва якунланганидан кейин коронавирус тести олинади.

Ўнлаб британиялик қонунчилар, шу жумладан, бош вазир Борис Жонсоннинг консерваторлар партияси аъзолари бу режаларга қарши чиқмоқда.

Режаларни тузиш учун масъул ишчи гуруҳни бошқараётган вазир Майкл Гов вакцина паспортлари «амалий ва ахлоқий саволларни» туғдиришини тан олди.

Расмийларнинг айтишича, март ойининг охирида Лондоннинг «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтадиган Англия кубоги ярим финали давомида илк синов ўтказилади. Ўйинни 90 минг ўринга эга стадионда 4 минг киши томоша қилади. 15 май куни бўлиб ўтган финални эса 21 минг футбол ишқибози томоша қилади.

Буюк Британияда паблар, ресторанлар, озиқ-овқат маҳсулотларидан бошқа моллар сотиладиган дўконлар ва сартарошхоналар чекловлар юмшатилишига ҳозирлик кўрмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 47 фоизи биринчи вакцина дозасини олган, 5 миллиондан ортиқ киши иккинчи дозани ҳам олган.

Буюк Британиянинг эмлаш дастури ютуқларига қарамай, мамлакатда COVID-19 туфайли қайд этилган ўлимлар сони Европа мамлакатлари орасида энг юқори бўлиб қолмоқда. Мамлакатда бугунга қадар вирус тахминан 127 минг одам ёстиғини қуритди.

Аммо кейинги ҳафталарда Британияда янги инфекциялар сезиларли даражада камайди. Якшанба куни ҳукумат бир сутка ичида 2297 нафар одам вирусга чалингани ва 10 одам вирус туфайли нобуд бўлганини маълум қилди. Январь ойида бир кунда вирус юқтирганларнинг ўртача сони 70 минг, кундалик ўлимлар сони эса 1800 ни ташкил қилган эди.

XS
SM
MD
LG