Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2021, Тошкент вақти: 18:52

Британиялик олимлар: Қиттай-қиттай олиб туриш юрак учун фойдали


Тадқиқотлар оз миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиш соғлом одамлар юраги соғлиғи учун ижобий таъсир қилишини кўрсатган.

Аммо бугунга қадар спиртли ичимлик истеъмол қилиш касалликдан азият чекадиганлар, хусусан, юрак-қон томир касалликларига чалинганлар соғлиғига қандай таъсир кўрсатиши ўрганиб чиқилмаган эди.

Шунинг учун Лондон университети коллежи олимлари спиртли ичимлик истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликларидан азият чекаётганлар соғлиғига қандай таъсир қилишини ўрганиб чиқди. Тадқиқот натижалари “BMC Medicine” журналида чоп этилди.

Тадқиқотчиларнинг хулоса қилишича, юрак-қон томир касалликларидан азият чекадиганлар оз миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилса, бу уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилмайди. Аксинча, оз миқдорда алкоголь истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликларидан азият чекадиганлар орасида юрак хуружи ва ўлим эҳтимолини озайтиради.

Тадқиқот натижаларига кўра, юрак-қон томир касалликларидан азият чекадиганлар кунига ўртача 6 грамм спиртли ичимлик ичса, уларда юрак хуружи эҳтимоли умуман спиртли ичимлик ичмайдиганларга қиёслаганда 50 фоизга озроқ бўлади.

Тадқиқот натижаларига кўра, кунига ўртача 8 грамм спиртли ичимлик истеъмол қилганларнинг юрак хуружи, инсульт ёки стенокардиядан ўлиш эҳтимоли 27 фоизга озроқдир. Кунига 7 грамм спиртли ичимлик истеъмол қилганларнинг ҳар қандай сабабга кўра ўлиш эҳтимоли 21% га озроқ экани аниқланган.

Шу билан бирга, спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилиш (кунига ўртача 15 граммгача) бу хавфларни озайтирмаслиги аниқланган.

Шунингдек, спиртли ичимликларни истеъмол қилмайдиганлар билан солиштирганда, кунига 62 граммгача алкоголь истеъмол қилганларда юрак хуружи ёки ўлим хавфи ортмаслиги кузатилган.

Ҳаммаси бўлиб тадқиқот учун 48 мингдан ортиқ одам ҳақида маълумот тўпланган.

Ушбу хулосаларга қарамай, тадқиқот муаллифлари спиртли ичимликларни истеъмол қилмайдиганларни ичишга чорлаш керак эмас, дея таъкидладилар. Сабаби алкоголь истеъмол қилиш организмга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш саратон касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари Англия ва Шотландиянинг соғлиқни сақлаш хизматлари маълумот базалари ҳамда бошқа тадқиқотлар натижаларидан фойдаланишган.

XS
SM
MD
LG