Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

“Бу ўз жонига қасд қилиш эмас”: Россия ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқхонадаги қийноқлар ҳақидаги видеоларни эълон қилди


Видеолардан бирида Федерал жазони ижро этиш хизматининг ходимлари икки маҳбусга учинчи маҳбусни калтаклаш ва зўрлаш бўйича кўрсатма бераётгани акс этган.
Видеолардан бирида Федерал жазони ижро этиш хизматининг ходимлари икки маҳбусга учинчи маҳбусни калтаклаш ва зўрлаш бўйича кўрсатма бераётгани акс этган.

Россиянинг Gulagu.net инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сибирдаги қамоқхона шифохонасида сил касалига чалинган маҳбуслар қийноққа солингани акс этган видеоларни эълон қилди.

Гуруҳ 20 декабрь куни Красноярск шаҳридаги 1 сонли сил касалхонасида ёзиб олинган видеотасвирларни “YouTubе”га жойлаган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, видеолар Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ва Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) архивидан олинган бўлиб, инсайдер уларни мамлакатдан олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ҳозирча на ФСБ ва на ФСИН расмийлари видеоларга изоҳ берди.

Видеолардан бирида Федерал жазони ижро этиш хизматининг ходимлари икки маҳбусга учинчи маҳбусни калтаклаш ва зўрлаш бўйича кўрсатма бераётганини кўриш мумкин. Кейинчалик хонага ёш маҳбусни олиб келишади, у ерда икки маҳбус уни калтаклайди. Улар уни каравот остига итариб юбориб, кейин тўшак ва адёл билан уни бўғишади.

Видеода маҳбуснинг деразадан қулагани ҳам кўрсатилган. Gulagu.net гуруҳи асосчиси Владимир Осечкиннинг айтишича, маҳбус вафот этган.

“Бу ўз жонига қасд қилиш эмас эди”, дейди Осечкин.

Осечкин интернетга жойланган видеолар унинг гуруҳи қўлга киритган сўнгги материалларнинг бор-йўғи 1 фоизини ҳам ташкил қилмаслигини маълум қилган.

Ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган Осечкин октябрь ойидан бери маҳбуслар қўриқчилар, жазони ўташ муассасаси ходимлари ва бошқа маҳбуслар томонидан калтаклангани ва қийноққа солингани акс этган яна бир қанча видеоларни жойлаган.

Ноябрь ойида у Саратов шаҳридаги касалхонада ёзиб олинган зўрлаш ҳолатлари тасвирланган видеоларни жойлаштирган эди. Осечкиннинг айтишича, маҳбусларни зўрлаган ва қийноққа солган эркаклар қамоқхона шифохонаси томонидан маъмурий менежер ва ҳамшира сифатида ёлланган.

Осечкин улар ФСИН ва ФСБнинг минтақавий бўлимлари ва бошқармаларига тегишли шахслар эканини ва уларнинг баъзилари шахсини аниқлаганини билдирган.

Тасвирлар касалхона маъмуриятига топширилган, кейин эса видеолар махфий материал сифатида ФСИН ва ФСБга ҳам юборилган. ФСБ ва ФСИН офицерлари жабрланувчиларни маълумот етказиб турувчи хуфия бўлишга мажбурлаган. Aгар улар бош тортадиган бўлса, видеолар бошқа маҳбусларга тарқатилишини айтиб қўрқитган.

Россия ва пост совет республикаларининг аксариятидаги жазони ўташ муассасаларида зўрланган маҳбуслар таҳқирланиши ва чиркин ишларни қилишга мажбурланиши одатий ҳол.

Октябрь ойида Осечкин ва унинг гуруҳи ФСБ ва ФСИН зобитлари маҳбусларни уларга ишлашга кўндириш учун зўрлаш ва бошқа қийноқларни қўллагани акс этган кўплаб видеоларни қўлга киритган.

Жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган материаллар “YouTube”да эълон қилинганидан сўнг, ФСИН дирекцияси ва Саратов вилоятидаги жазони ўташ муассасаларида тергов ўтказилди.

XS
SM
MD
LG