Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:26

Бухоролик муҳожир аёлнинг Қозоғистонда йўқолган боласи ўлик топилди


Қозоғистоннинг Атирау вилоятига ишлагани борган бухоролик 40 яшар Умида Ҳамроеванинг 2 сентябрда йўқолиб қолган ёлғиз ўғли - 15 яшар Асилбек Ҳамроев ўлик ҳолда топилди. Атирау шаҳар милицияси боланинг жасади 4 октябр куни топилгани ва суриштирув давом этаётганини билдирди. Ҳозирча боланинг кимсасиз чўлда адашиб қолиб, сувсизликдан ўлгани тахмин қилинмоқда.

Бу аёлга иш берган Атирау вилояти, Жилиой туманидаги маҳаллий фермернинг укаси Аслан Жолаев қарийб бир ой ғойиб бўлган боланинг жасади чўлда топилгани, Умида Ҳамроева ўғлининг жасадини олиб, Ўзбекистонга кетганини айтди.

- Бизга қўшни фермадаги чўпоннинг ити топиб олибди. Ўша ҳудуда бир булоқ бор, шу булоқдан 4 километр нарида адашиб қолибди, чамамда. Боланинг жасадини экспертиза қилишди. Бизга айтишларича, жасаддан тажовуз аломатлари топилмаган. Назаримда, сувсизликдан ўлиб қолган шекилли-да. Онасига қўлимиздан келгунча ёрдам пули, йўл пулини қилиб бердик, боласини Ўзбекистонга олиб кетди, - дейди Аслан Жолаев.

Centr1.com сайтининг ёзишича, 15 яшар ўсмирнинг ғойиб бўлганидан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирилиги ва Бош прокуратураси унинг топилишида амалий ёрдам сўраб, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилган.

Ҳозирча, бу борада Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ёки Қозоғистон давлат идораларидан бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Атирау милицияси Асилбек Ҳамроевнинг жасади топилганини тасдиқлади, аммо саволларни очиқ қолдирди.

Бухоролик Умида Ҳамроева Озодлик билан суҳбатда август ойи бошида ўғлини Атираудаги иш берувчининг оиласида қолдириб, Ўзбекистонга кетган ва қайтганида, боласининг ғойиб бўлганини айтишганини даъво қилган эди.

Ўғлининг нобуд бўлгани ҳақидаги маъшум хабар ортидан Озодлик аёл билан яна боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Аслан Жолаевнинг айтишича, Умида Ҳамроева Ўзбекистонга қайтганидан буён алоқага чиқмаган.

Айни пайтда, Аслан 15 яшар боланинг қандай ғойиб бўлгани ҳақидаги қўшимча саволларга ҳам жавоб берди. Унинг айтишича, онаси Ўзбекистонда синглим рак бўлди, деб шошилинч кетган ва боласини тилхат ёзиб, уларга қолдириб кетган.

Онаси кетгач, Асилбек Жолаевлар фермасидаги чўпонларга кўмаклашиб юрган ва бир куни уларни алдаб, фермадан қочиб кетган.

- Катталар кетма, онанг келсин, деб қайтаришган. Шунда у алдаб кетиб қолган. "Чўпонга сув олиб бориб бераман", деган ва сувни олиб борган. Рустам, деган чўпонимиз бор. У ҳам айтган: "Қаерга кетаяпсан, дала-ку, айланамиз чўл", деганда Асилбек мен йўлни биламан, Қулсари шаҳарига (Жилиой тумани маркази - таҳр.) бораман, деб кетиб қолган. Ўзи у жуда чаққон бола эди. Биз унинг дараги Ўзбекистондан чиқса керак, деб ҳам юрган эдик, афсус, ишлар бунақа бўлиб кетди, - деди Аслан Жолаев.

Унинг айтишича, айни пайтда, терговчилар фермага раҳбар бўлган акаси, Асилбек билан суҳбатлашган, ишлаган чўпонлар ва воқеага алоқадор кишилар билан суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Шу тариқа, ёлғиз ўғлидан айрилган бухоролик Умида Ҳамроева аслида Ўзбекистонда оилавий аҳволи оғир, уйсиз-жойсиз бўлгани учун Қозоғистонга ишлагани борганини айтган эди.

Умида август ойида эса синглисининг саратон касалига чалинганини эшитгач, боласини ташлаб кетишга мажбур бўлганини иддао қилган:

- Ўзбекистондан қўнғироқ қилиб, синглимнинг саратон касалига чалинганини айтишди. Кетишга мажбур бўлдим, лекин ўғлимни олиб кетгани пулим йўқ эди. Бунинг устига уни олиб борсам, мактабда ўқиши керак, деб чегарадан қайтиб чиқишига рухсат беришмасди. Хозяиндан (у ишлаб турган оила бошлиғи - таҳр) қолдирсам майлими, деб сўрадим. "Ўзимнинг боламдай қараб тураман, қўй боқиб юради ёнимда", деди. Қолдириб кетгандим. Ўзбекистонда 1 ой қолиб кетдим, порталга уй сўраб, ёзган эдим, жавобини кутдим. Кейин Қозоғистонга қайтсам: "Боланг 2 сентябрда чиқиб кетиб қолди. Қаерга кетганини билмаймиз", дейишди, - дея зор-зор йиғлаган эди аёл.

У 15 яшар ўғли Асилбекни ёлғиз ўзи катта қилгани, 2012 йилдан буён ёрда сўраб, давлат идораларига қилган мурожаатлари эса натижасиз қолганини айтган.

XS
SM
MD
LG