Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2020, Тошкент вақти: 23:04

Шаффоф жисмларни сониясига 1 триллион марта суратга олишга қодир камера ихтиро қилинди


Калифорния технология институти.

Ўтган йилда Калифорния технология институти ходими, тиббий муҳандислик ва электротехника профессори Лиҳонг Ванг дунёдаги энг тез камерани ихтиро қилган эди. Унинг камераси бир сонияда 10 триллион сурат олишга қодир. Бу камера шунчалик тезки, ҳатто ёруғлик ҳаракатини кузатиш имконини беради.

Эндиликда олим шаффоф жисмлар суратини олувчи камера яратди. Сониясига кўриш мушкул бўлган жисмларнинг 1 триллион суратини олувчи камера ҳақида Science Advances журналида эълон қилинди.

Ванг “Фазаларни сезувчи сиқилган ультратез фотография” (Phase-Sensitive Compressed Ultrafast Photography, pCUP) деб номлаган камера технологияси нафақат шаффоф жисмлар, балки шок тўлқинлари ва ҳатто нейронлар орқали ўтувчи сигналлар суратини олишга қодир.

Ванг ҳамкасблари билан ишлаб чиққан технология ўзи ишлаб чиққан тез суратга олиш услуби билан аввалдан маълум бўлган фаза-контраст микроскопия чатишмаси эканлигини айтди.

Фаза-контраст микроскопия бундан деярли бир аср муқаддам нидерландиялик физик Фриц Цернике томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ҳужайра каби шаффоф жисмларни кўриш ва суратга олиш имконини беради. Мазкур технология ёруғлик жисмдан ўтаётганида тезлиги ўзгаришига таянади. Масалан, ёруғлик нури шиша парчасидан ўтаётганида унинг тезлиги озаяди, ойнадан чиққанидан кейин эса қайта тезлашади. Тезликдаги бундай ўзгаришлар тўлқинларни ўзгартиради. Шунинг учун муайян йўллар билан шиша орқали ўтган ва ўтмаган ёруғликни фарқлаш мумкин. Натижада ойна каби шаффоф жисмни кўриш анча осонлашади.

- Биз стандарт фаза-контакт микроскопияни жуда тез суратга олиш имконига қўлга киритиш учун адаптация қилдик. Бу эса бизга шаффоф материаллардаги ультратез ҳодисаларни суратга олиш имконини беради, деди Ванг.

Янги камерага бағишланган илмий мақолага Ванг сувда ҳаракатланаётган тўлқин ҳамда кристалл жисм орқали ҳаракатланаётган лазер пульси суратларини илова қилди.

Олим мазкур технология ҳали мукаммал эмаслигини, шундай бўлса-да, келажакда физика, биология ва кимё соҳаларида қўл келиши мумкинлигини айтди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG