Линклар

Шошилинч хабар
14 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 11:31

Яқин Шарқдаги уруш Марказий Осиёнинг Хитойга қарамлигини нега кучайтирмоқда? Кен Мориясу билан интервью

Карачи портидаги контейнер терминаллари. Эрон портлари хавфсизлигига оид хавотирлар кучайиб борар экан, Покистондаги муқобил портлар Марказий Осиё савдоси учун денгизга чиқиш эшигисифатида тобора кўпроқ кўриб чиқилмоқда, дейди Ҳадсон институти тадқиқотчиси Кен Мориясу.
Карачи портидаги контейнер терминаллари. Эрон портлари хавфсизлигига оид хавотирлар кучайиб борар экан, Покистондаги муқобил портлар Марказий Осиё савдоси учун денгизга чиқиш эшигисифатида тобора кўпроқ кўриб чиқилмоқда, дейди Ҳадсон институти тадқиқотчиси Кен Мориясу.

Как конфликт с Ираном меняет стратегическую карту Центральной Азии? Исследователь Института Хадсона (Hudson Institute) Кен Мориясу объясняет, почему правительства стран региона все чаще обращают свой взор за пределы Ирана — в сторону Пакистана, Афганистана и Китая — в поисках торговых связей, транспортных путей и доступа к мировым рынкам.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий кескинлик ҳозирча пасайган бўлиши мумкин, аммо унинг геосиёсий оқибатлари эндигина намоён бўла бошламоқда.

Ҳурмуз бўғозидаги ноаниқлик ва минтақавий хавфсизликка оид хавотирлар шароитида Марказий Осиё давлатлари савдо, транспорт йўлаклари ва жаҳон бозорларига чиқиш бўйича ўн йиллар давомида шаклланган стратегик ёндашувларини қайта кўриб чиқмоқда.

Ҳадсон институти тадқиқотчиси, Евроосиё бўйича мутахассис Кен Мориясу яқинда Марказий Осиёга сафарида бўлиб қайтди. Унинг айтишича, бир вақтлар Эронни денгизга чиқиш учун энг табиий йўл деб ҳисоблаган минтақа давлатлари эндиликда бошқа муқобилларга кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Озодлик: Сиз яқинда Марказий Осиёдан қайтдингиз. Эрон билан можаро фонида минтақа ҳукуматлари амалга ошираётган энг муҳим стратегик ўзгариш нимада?

Кен Мориясу: Мен учун энг муҳим хулоса — Эронга муносабатнинг ўзгарганидир.

Йил бошида, февралдаги можародан кейин март ойида таҳлил марказларида Эронда барқарорлик тикланса, қандай имкониятлар очилиши муҳокама қилинаётган эди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар Эрон бизнес учун очиқроқ сиёсат юритувчи ҳукуматга эга бўлса, бу Марказий Осиё давлатларига музламайдиган портларга энг қисқа йўлни таъминлаган бўлар эди. Эронда вазият барқарорлашса, катта имкониятлар пайдо бўлиши ҳақида жиддий оптимизм мавжуд эди.

Бироқ бу галги сафарим давомида Марказий Осиё давлатлари бу вариантдан узоқлашаётгани менга аниқ бўлди. Улар Покистон ва Афғонистон ҳақида, хусусан, Афғонистон орқали Покистонга чиқиш йўллари ҳақида кўпроқ гапирмоқда.

Афғонистон ва Покистоннинг ўз муаммолари бор. Аммо минтақа давлатлари бу муаммоларни ҳал қилиш Эронда ҳокимият алмашиши ёки Исроилни ҳужумларни тўхтатишга ундайдиган даражада барқарорлик қарор топишини кутишдан кўра реалроқ, деб ҳисобламоқда. Улар учун бу ҳозир анча узоқ истиқбол бўлиб кўринмоқда.

Шунинг учун улар аввал Афғонистон орқали йўлларни кўриб чиқмоқда. Агар бу амалга ошмаса, навбат Хитой–Покистон иқтисодий коридорига (CPEC) келади. Қоғозда CPEC жуда жозибадор ғоя. Аммо амалда у кутилган даражада ривожланмади. Шунга қарамай, Марказий Осиё давлатлари учун Хитой–Покистон йўналиши Эронда вазият яхшиланишини кутишдан кўра анча реал вариант бўлиб кўринмоқда.

Озодлик: Афғонистон ҳали ҳам беқарор мамлакат бўлиб қолмоқда. Нега Марказий Осиё давлатлари уни энди муаммонинг бир қисми эмас, балки ечимнинг бир қисми сифатида кўра бошлади?

Кен Мориясу: Марказий Осиёдаги энг катта муаммолардан бири — сув.

Минтақадаги сув захираларининг катта қисми Тожикистон ва Қирғизистондан бошланиб, кейин Ўзбекистон ва Қозоғистонга оқиб боради.

Афғонистон жиддий хавотир уйғотмоқда, чунки у ерда ушбу сув тизимидан сув оладиган янги канал қурилмоқда. Техник жиҳатдан қараганда, Марказий Осиё давлатлари Афғонистондан норози бўлиши керак ва менимча, улар ҳақиқатдан ҳам норози.

Бироқ Афғонистон барқарор муносабатлар ўрнатилса, муҳим стратегик афзалликларни ҳам таклиф этади. Шу боис сув масаласидаги зиддиятларга қарамай, мен Афғонистон билан яқинроқ ҳамкорлик қилишга қизиқиш кучайганини ҳис қилдим.

Озодлик: Покистон Марказий Осиёнинг узоқ муддатли савдо стратегиясида қанчалик муҳим аҳамият касб этмоқда?

Кен Мориясу: Покистон географик жойлашуви жиҳатидан ноёб мамлакат. У ҳам қуруқлик, ҳам денгизга чиқиш имкониятига эга давлатдир.

Бу жиҳатдан у Ҳиндистондан кескин фарқ қилади. Ҳиндистон амалда Ҳимолай тоғлари ва Покистон орқали Евроосиёдан ажралиб қолган. Унинг Марказий Осиёга тўғридан-тўғри чиқиши йўқ.

Покистон эса Марказий Осиё билан тўғридан-тўғри боғланиш имкониятига эга. Шунингдек, унинг денгиз билан туташган йирик Карочи ва Гвадар портлари мавжуд.

Покистон армияси қўмондони Осим Мунир АҚШ президенти Дональд Трамп билан яхши муносабатларга эга. Трамп буни англаб етди ва Покистонга таянишга қарор қилган кўринади. Бу фақат Эрон билан муносабатларда воситачи сифатида эмас, балки Хитой ва Россия иштирок этаётган Евроосиёдаги кенгроқ стратегик рақобатда муҳим ҳамкор сифатида ҳам кўрилмоқда..

Кен Мориясу
Кен Мориясу

Озодлик: Хитой–Покистон иқтисодий коридори (CPEC) Марказий Осиё учун Эронга нисбатан афзал муқобилга айланмоқдами?

Кен Мориясу: Бу ерда Покистоннинг тутган йўли жуда қизиқ. У АҚШ билан муносабатларни фаоллаштирмоқда, аммо бу Хитойдан узоқлашаётганини англатмайди. Америкаликлар шуни тушуниши керакки, Покистон Вашингтон билан яқинлашар экан, амалда Хитойни Хитой–Покистон иқтисодий коридорига янада кўпроқ сармоя ва эътибор қаратишга ундамоқда.

Покистон икки томон билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда ва бу ёндашув ўз самарасини бермоқда. Масалан, июль ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Покистоннинг юқори раҳбарияти билан Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўртасидаги учрашувда Пекин Покистоннинг Эрон ва АҚШ ўртасидаги воситачилик саъй-ҳаракатларини юксак баҳолашини ва бу ҳаракатларни имкон қадар қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бу июль ойида айтилди. Ундан икки ой аввал эса Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашганида, Пекин анча эҳтиёткор позицияда эди. Хитой Покистоннинг саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган, аммо қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирмаган.

Атиги икки ой ичида Хитойнинг муносабати сезиларли даражада ўзгарди. Менимча, бу Покистоннинг президент Дональд Трамп билан яқинлашганининг бевосита оқибатидир.

Озодлик: АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан можароси охир-оқибат Марказий Осиёда Хитой таъсирини кучайтирмоқдами?

Кен Мориясу: Менга Марказий Осиё давлатлари Россияга қарамлик ўрнини Хитойга қарамлик эгаллашидан хавотирда экани ҳақида фикрлар билдирилди. Аммо амалда Хитой тобора ягона амалий вариантга айланиб бормоқда.

Буни Қозоғистон мисолида кўриш мумкин. Мамлакатнинг Қора денгизга чиқувчи асосий нефть қувури, эҳтимол, Украинанинг Россия инфратузилмасига қарши кампанияси доирасидаги дрон ҳужумлари туфайли деярли тўхтаб қолди. Одатда Қозоғистон нефть экспортининг қарийб 80 фоизи Қора денгиз орқали амалга оширилади.

Қозоғистонда икки муқобил йўл бор. Биринчиси — Каспий денгизи орқали Озарбайжонга чиқувчи Ўрта йўлак. Иккинчиси эса Хитойга борувчи мавжуд қувурдир.

Албатта, Қозоғистон Ўрта йўлакни афзал кўрар эди. Аммо бу ҳолда нефть аввал танкерларда Каспий денгизи орқали Бокуга ташилиши керак, бу эса ташиш ҳажмини чеклайди.

Энг тезкор ечим — Хитойга кўпроқ нефть йўналтириш. Менимча, айнан шу содир бўлади.

Демак, Марказий Осиё давлатлари Хитойга ортиқча қарам бўлиб қолишдан хавотир билдирса-да, агар АҚШ ва Япония Қозоғистон билан Озарбайжон ўртасида нефть ташиш имкониятларини кенгайтирадиган Каспий инфратузилмасига сармоя киритмаса, бу қарамлик янада кучаяди.

Озодлик: Теҳрон нуқтаи назаридан қараганда, Марказий Осиёни йўқотиш Эрон учун санкциялар жорий этилганидан бери энг катта стратегик зарбага айланиши мумкинми?

Кен Мориясу: Ҳа. Эрон бу урушда ютқазмаслик учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Аммо ўз ҳаракатлари оқибатида Марказий Осиёни қўлдан бой бермоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиёни Эрондан фақат Эроннинг ўзи эмас, АҚШ сиёсати ҳам узоқлаштирмоқда.

Масалан, Ҳиндистон Гвадар портига муқобил сифатида ривожлантириш учун сармоя киритган Эрон жанубидаги Чобаҳор порти атрофида ҳам ҳужумлар бўлди. Бу воқеалар Эрон орқали ўтувчи савдо йўлларининг Хитой–Покистон иқтисодий коридори билан рақобатлашишини анча қийинлаштирди.

Шу маънода, бу қисман Эроннинг ўз ҳаракатлари оқибати бўлса, қисман АҚШ сиёсати натижасидир. Ҳар икки омил биргаликда Эрон орқали ўтувчи йўналишнинг стратегик аҳамиятини пасайтирмоқда.

XS
SM
MD
LG