Линклар

Шошилинч хабар
17 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 02:06

Марказий Осиёда сиёсий мухолифат учун ҳали ҳам имконият борми?

Қозоғистон полицияси Олматидаги митинг чоғида мухолифат намойишчиларини ҳибсга олмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб давлатларида бўлгани каби, Қозоғистонда ҳам сўнгги йилларда ҳақиқий сиёсий рақобат учун майдон тобора торғайиб бормоқда.
Қозоғистон полицияси Олматидаги митинг чоғида мухолифат намойишчиларини ҳибсга олмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа кўплаб давлатларида бўлгани каби, Қозоғистонда ҳам сўнгги йилларда ҳақиқий сиёсий рақобат учун майдон тобора торғайиб бормоқда.

Сайловлар Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ўтказилиб келинмоқда. Сайлов бюллетенларида сиёсий партиялар номи сақланиб қолган. Президентлар эса ҳануз демократик мандатга эга эканини таъкидлайди. Бироқ минтақанинг катта қисмида ҳақиқий сиёсий рақобат тобора камёб ҳодисага айланиб бормоқда.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 1992 йилдан буён мамлакатни бошқариб келади ва дунёдаги энг узоқ муддат ҳокимиятда қолган раҳбарлардан бири ҳисобланади. Туркманистонда эса Сердар Бердимуҳамедов 2022 йилда президентликни отаси Гурбангули Бердимуҳамедовдан қабул қилиб олди. Шу билан бирга, собиқ президент мамлакат сиёсий ҳаётига сезиларли таъсирини сақлаб қолмоқда.

Қозоғистонда эса конституцияга киритилган ўзгартишлар Қосим-Жомарт Тўқаевга яна президентликка номзодини қўйиш имконини берди. Бу аввал қабул қилинган, қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йиллик ягона президентлик муддати тўғрисидаги қоидага қарамай юз берди. Шу билан бирга, бутун минтақа бўйлаб ҳукуматлар тақиқлар, жиноий таъқиблар, қамоқ жазолари ва мажбурий муҳожирлик орқали мухолифат учун сиёсий майдонни изчил равишда торайтириб келмоқда.

Бироқ мухолифат партияларининг деярли йўқолиб кетиши сиёсий норозилик ҳам барҳам топганини англатмайди.

«Фаоллик бутунлай йўқолгани йўқ... у шунчаки бошқа шаклларга ўтди», — дейди Вашингтонда жойлашган Оксус Марказий Осиё ишлари жамияти президенти Эдвард Лемон.

Экспертлар фикрича, бугун Марказий Осиёда сиёсий мухолифат анъанавий партия тузилмаларидан ташқарида — ижтимоий тармоқлардаги кампаниялар, маҳаллий норозилик акциялари ва хориждан фаолият юритаётган мухолифат ҳаракатлари орқали намоён бўлмоқда.

Асосий савол эса шундаки, норозиликнинг бундай парчаланган шакллари келажакда яна ҳақиқий сиёсий муқобилга айлана оладими?

Янги сиёсий воқелик

Минтақанинг бугунги сиёсий манзараси Совет Иттифоқи парчаланиб, мустақилликка эришилган дастлабки йиллардан тубдан фарқ қилади.

Душанбелик собиқ университет профессори хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ошкор этилмаслик шарти билан гапирар экан, ўша даврда Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларида ҳақиқий сиёсий рақобат мавжуд бўлганини айтди.

Кўплаб ёшлар ҳақиқий мухолифат партиясининг очиқ фаолият юритганини ҳеч қачон кўрмаган ҳолда вояга етди. Натижада рақобатли сиёсат янги авлод учун тобора узоқ ва мавҳум тушунчага айланиб бормоқда.
Кўплаб ёшлар ҳақиқий мухолифат партиясининг очиқ фаолият юритганини ҳеч қачон кўрмаган ҳолда вояга етди. Натижада рақобатли сиёсат янги авлод учун тобора узоқ ва мавҳум тушунчага айланиб бормоқда.

«Марказий Осиё мамлакатларининг аксарида, айниқса Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонда фаол мухолифат ҳаракатлари, турли мустақил гуруҳлар ва чиндан ҳам мустақил оммавий ахборот воситалари мавжуд эди», — деди у.

«Мухолифат сайловларда албатта ғалаба қозонмасди — президентликни қўлга киритмас ёки парламентда кўпчиликни шакллантирмасди. Аммо унинг сайловда иштирок этиши сайловларни, ҳеч бўлмаганда маълум даражада, ҳақиқий рақобатли жараёнга айлантирарди. Одамларда танлов бўларди», — дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Шундан бери минтақадаги сиёсий майдон кескин торгайди.

Ўзбекистонда мухолифат етакчилари йиллар аввал мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Тожикистонда эса ҳукумат 2015 йилда Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаолиятини тақиқлаб, мамлакатдаги энг кучли уюшган мухолифат кучини қонуний сиёсий майдондан чиқариб ташлади.

Туркманистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларда кўплаб ёшлар ҳақиқий мухолифат партиясининг очиқ фаолият юритганини ҳеч қачон кўрмай вояга етди. Шу боис рақобатли сиёсат янги авлод учун тобора узоқ ва мавҳум тушунчага айланиб бормоқда.

2005 йилдан бошлаб юз берган халқ қўзғолонлари ортидан минтақадаги энг рақобатли сиёсий тизимга эга давлат сифатида қаралган Қирғизистонда ҳам сўнгги йилларда сиёсий майдон анча қисқарди.

Танқидчилар фикрича, ҳокимият босими энди фақат мухолифат сиёсатчиларига нисбатан эмас, балки фаоллар, журналистлар ва блогерларга нисбатан ҳам кучайган.

Қирғиз журналисти Адил Турдуқулов Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида ҳокимият аста-секин «сиёсий майдонни тозалаб боргани» ва ҳатто танқидий фикр билдириш ҳам жиноий таъқибга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирганини айтди.

Турдуқуловнинг таъкидлашича, ҳатто чекланган ваколатларга эга парламент мухолифати ҳам муҳим вазифани бажариши мумкин эди. Чунки у фуқароларга норозиликларини сиёсий тизим доирасида ифода этиш имконини бериб, уларнинг тизимдан ташқарига чиқиб кетишининг олдини оларди.

Ҳукмдорлар нега ўзларига бу қадар ишонади

Марказий Осиё президентлари коллажи (чапдан ўнгга): Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.
Марказий Осиё президентлари коллажи (чапдан ўнгга): Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.

Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиё ҳукуматларига сиёсий назоратни кучайтириш ва бунда нисбатан кам ташқи оқибатларга дуч келиш имконини берган бир қанча омиллар мавжуд.

«Марказий Осиё давлатлари ички сиёсий барқарорликни миллий хавфсизликнинг асосий устунларидан бири деб ҳисоблайди», — деди сиёсий хатарлар таҳлили билан шуғулланувчи Verisk Maplecroft компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича катта таҳлилчиси Марио Бикарски.

«Минтақа кескин геосиёсий ва геоиқтисодий рақобат чорраҳасида жойлашган. Ички беқарорликнинг ҳар қандай кўриниши ташқи кучларга бу ерда ўз таъсирини кенгайтириш учун имконият яратади», — деди у.

Бикарскининг айтишича, айниқса Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари иқтисодий ўсиш ҳамда аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига таяниб, жамоатчилик норозилигини пасайтириш билан бирга сиёсий назоратни ҳам мустаҳкамлаб келмоқда.

Шу билан бирга, халқаро босим ҳам сусайган.

«Марказий Осиё геосиёсий жиҳатдан тобора муҳим минтақага айланиб, жаҳонда талаб юқори бўлган хомашё захираларига эга ҳудуд сифатида аҳамияти ортгани сайин, бу ердаги демократик жараёнлар устидан ташқи кузатув ва босим ҳам сўнгги йилларда анча заифлашди», — деди Бикарски.

Қувғиндаги мухолифатнинг чекланган имкониятлари

Марказий Осиёдаги энг таниқли мухолифат арбобларининг кўпчилиги учун муҳожирлик ягона йўлга айланган.

Уларнинг айримлари Европа, Туркия ва АҚШга чиқиб кетиб, у ердан туриб сиёсий фаолиятини давом эттиришга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ муҳожиратдаги мухолифат ҳаракатлари учун асосий муаммо фақат сиёсий жиҳатдан омон қолиш эмас. Энг катта қийинчилик — ўзгартириш киритишни истаган жамият билан алоқани сақлаб қолишдир.

Тожикистонда тақиқланган, ҳозирда Тожикистон Ислом уйғониши ҳаракати деб юритилаётган собиқ Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирийнинг айтишича, муҳожирлик мухолифатга мамлакат ичидаги жараёнларга таъсир кўрсатишни ниҳоятда қийинлаштиради.

Кабирийнинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари томонидан сиёсий қўллаб-қувватлов ва грантлар етишмаслиги ҳам хориждаги Марказий Осиё мухолифат гуруҳларининг самарали фаолият юритиш имкониятини чекламоқда.

«Марказий Осиё мухолифат ҳаракатлари бундай қўллаб-қувватловдан маҳрум», — деди у Озодликка. Кабирий бу ҳолатни Беларусь, Россия, Эрон ва Афғонистон мухолифат ҳаракатлари билан таққослади.

Muhiddin Kabiri
Muhiddin Kabiri

Унинг айтишича, Тожикистон ичида алоқаларни сақлаб қолиш ҳам тобора қийинлашиб бормоқда.

Кабирийнинг сўзларига кўра, ҳукумат хориждаги мухолифат вакиллари билан мулоқот қилаётган одамларни бундан қайтариш учун қўрқитиш, қамоқ ва бошқа усуллардан фойдаланган.

«Бу, шунингдек, мамлакат ичидаги одамлар билан боғланишдан ўзимизни тийишга мажбур қилди. Чунки бундай алоқалар уларнинг ҳаётига хавф туғдиришидан қўрқдик», — деди у.

У ижтимоий тармоқларда мухолифатга алоқадор материаллар билан боғлиқ фаоллик қилгани ёки мухолифат вакиллари билан алоқада бўлгани учун қамалган одамлар ҳолатларига ишора қилди.

Норозиликнинг янги шакллари

Расмий мухолифат партиялари заифлашганига қарамай, Лемоннинг айтишича, сиёсий фаоллик янги шаклларга мослашган.

«Биз Қозоғистонда 2019 йилда ҳокимият алмашганидан кейин ёки Қирғизистонда 2020 йилги сайловлар пайтида кўрганимиз каби умуммиллий норозилик намойишларига гувоҳ бўлмаяпмиз», — деди у.

У Қозоғистонда президентлик лавозими алмашганидан кейин бошланган намойишлар ва Қирғизистонда баҳсли парламент сайловлари ортидан юз берган, сиёсий беқарорликка олиб келган воқеаларни назарда тутди.

2020 йил октябрида Қирғизистон намойишчилари парламент сайловлари натижаларига қарши Бишкекда митинг ўтказмоқда.
2020 йил октябрида Қирғизистон намойишчилари парламент сайловлари натижаларига қарши Бишкекда митинг ўтказмоқда.

Марказий Осиё бўйича экспертнинг айтишича, бундай ҳаракатлар яна юз бериши мумкин. Аммо сўнгги йилларда фаоллик тобора кичик кўламдаги, коммунал хизматлар, уй-жой ва мулк ҳуқуқи каби маҳаллий масалаларга қаратилган норозилик намойишлари шаклига ўтмоқда.

Лемон Озодликка айтишича, бундай фаоллик марказий ҳукуматлар учун камроқ хавф туғдиради, чунки у тўғридан-тўғри миллий раҳбариятга қарши қаратилмаган.

Мухолифат ҳаракатлари олдидаги асосий савол шуки, бундай тарқоқ фаоллик шакллари келажакда уюшган сиёсий муқобилга айлана оладими?

Барқарорликми ёки яширин таҳдидлар?

Мухолифатнинг заифлашиши ҳукуматларга қисқа муддатда сиёсий барқарорликни таъминлаш имконини бериши мумкин. Аммо таҳлилчилар бу ҳолат узоқ муддатда хавфларни ҳам келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Расмий мухолифат ҳаракатларини чеклаш ва жамиятнинг айрим қатламларини четга суриш узоқ муддат давомида норозиликнинг жимгина тўпланишига олиб келиши мумкин», — деди Бикарски Озодликка.

У 2022 йилда Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда юз берган беқарорлик ҳолатларини иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳал этилмай қолса, улар охир-оқибат кескин намоён бўлиши мумкинлигига мисол сифатида келтирди.

Унинг айтишича, расмий мухолифатнинг йўқлиги янги қонунлар ишлаб чиқиш жараёни учун ҳам хавф туғдиради. Чунки ҳукуматлар жамиятдан келадиган фикр-мулоҳаза ва танқидий сигналларни камроқ олади.

Бу мақолани тайёрлашда Озодликнинг Тожикистон хизмати мухбири Мирзонаби Холиқзод ҳисса қўшди.

XS
SM
MD
LG