Линклар

Шошилинч хабар
23 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 01:30

Марказий Осиё раҳбарлари Украина масаласида нега эҳтиёткор?

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев яна бир бор Украина босиб олинган ҳудудлардан воз кечмаслиги кераклигини очиқчасига таъкидлади.

Боку учун бу позиция Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича расмий сиёсатга айланган. Бироқ Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг эҳтиёткор баёнотлари фонида Алиевнинг сўзлари алоҳида эътибор тортмоқда.

Нега Озарбайжон президенти уруш ҳақида бундай қатъий фикрларни бемалол айта олади, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари эса бундай очиқ баёнотлар беришдан тийилади?

"Оккупацияга ҳеч қачон рози бўлманг"

2026 йил 13 июль куни Шушада ўтказилган медиафорумда сўзга чиққан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бир йил аввал Киевга берган маслаҳатини деярли такрорлади: «Босиб олинишга ҳеч қачон рози бўлманг".

"Биз Украина ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Унинг суверенитети ва чегаралари дахлсизлигини ҳимоя қиламиз. Ҳеч бир давлатнинг чегараси куч ишлатиш йўли билан ёки ўша мамлакат халқи розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас. Бу борада позициямиз изчил ва қатъий. Украина халқига эса қўлимиздан келганча ёрдам беришга ҳамиша тайёрмиз", — деди Илҳом Алиев.

Боку бу позициясини ўзининг тарихий тажрибаси билан изоҳлайди. Қарийб 30 йил давомида Озарбайжон ўзи босиб олинган деб ҳисоблаган Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудлар устидан назоратни тиклашга интилди. Боку бу ерларни 2020 йил кузида Арманистон кучлари билан бўлган 44 кунлик урушдан сўнг тўлиқ қайтариб олди.

"Иккинчи Қорабоғ уруши бошланганда, ҳамма бизни зудлик билан тўхташга чақирди. Қўрқитишди, таҳдид қилишди, қўнғироқ қилишди. Ҳамма бизни тўхтатиб, ҳаммаси аввалгидек қолишини истарди. Мақсад Озарбайжоннинг ўз ҳудудларини қайтариб олишига йўл қўймаслик эди. Аммо бу мақсадга эришилмади. Чунки мустақилликка, ўзлигини сақлаб қолишга интилаётган халқнинг иродасини синдириб ҳам, уни енгиб ҳам бўлмайди", — деди Озарбайжон президенти.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Шушада ўтказилган медиафорумда
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Шушада ўтказилган медиафорумда

Кремль бу баёнотга дарҳол муносабат билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Озарбайжон президентининг Украина бўйича позициясини "нотўғри" деб ҳисоблашини ва унга "қатъий қўшилмаслигини" билдирди.

Марказий Осиё эҳтиёткорликни танлади

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён Марказий Осиё давлатларининг барчаси бетараф позицияда эканини билдирган. Минтақадаги ҳеч бир давлат Россиянинг 2014 йилда Қримни аннексия қилиши ёки 2022 йилда Украинанинг тўрт вилоятини босиб олиб, ўз таркибига қўшиб олганини тан олмаган.

Шу билан бирга, минтақа президентлари урушнинг ўзига очиқ сиёсий баҳо беришдан деярли тийилиб келмоқда.

Марказий Осиё давлатлари президентлари Чўлпон-Отада, 2022 йил 21 июль
Марказий Осиё давлатлари президентлари Чўлпон-Отада, 2022 йил 21 июль

Бу вазиятда фақат Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2022 йил ёзида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида айтган баёноти ажралиб туради.

У Владимир Путин ёнида саҳнада турган ҳолда, Қозоғистон Украинанинг шарқидаги сепаратистик тузилмалар бўлган "ДХР" ва "ЛХР"ни тан олмаслигини билдирди. Тўқаев уларни квазидавлат ҳудудлари деб атади.

"Агар миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи амалда бутун дунёда рўёбга чиқариладиган бўлса, ҳозир БМТ таркибига кирадиган 193 та давлат ўрнига дунёда 500 ёки 600 дан ортиқ давлат пайдо бўлади. Албатта, бу тартибсизликка олиб келади. Шу сабабли биз Тайванни ҳам, Косовони ҳам, Жанубий Осетияни ҳам, Абхазияни ҳам тан олмаймиз. Назаримизда, худди шу тамойил квазидавлат ҳудудларига нисбатан ҳам қўлланиши керак. Биз Луганск ва Донецкни шундай ҳудудлар деб ҳисоблаймиз", — деган эди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Владимир Путин ва Қосим-Жўмарт Тўқаев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида, 2022 йил 17 июль
Владимир Путин ва Қосим-Жўмарт Тўқаев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида, 2022 йил 17 июль

Ўша пайтда Тўқаевнинг бу сўзлари йилнинг энг кўп муҳокама қилинган сиёсий мавзуларидан бирига айланди. Кўпчилик буни Қозоғистоннинг мустақил позициясини намойиш этиши сифатида қабул қилди.

Бу баёнот гўёки унинг 2019 йилдаги "Deutsche Welle" нашрига берган интервьюсида айтган сўзларини соя остида қолдирди. Ўшанда у 2014 йилда Қримда юз берган воқеаларни "аннексия" деб ҳисобламаслигини айтган эди.

Бироқ кейинчалик расмий Остона риторикаси сезиларли даражада эҳтиёткор тус олди.

"Қосим-Жўмарт Тўқаев уруш масаласида имкон қадар бетараф ифодаларни танлайди. Масалан, ўтган йили у ҳатто Россия жанговар майдонда енгилмаслигини айта бошлади. Бу каби баёнотлар Қозоғистоннинг Россияга боғлиқ эканини кўрсатади. Биздаги раҳбарлар Москва билан қарама-қарши позицияга тушиб қолмаслик, уни қўзғатмасликка ҳаракат қилади", — дейди мустақил "PaperLab" тадқиқот маркази директори, социолог Серик Бейсембаев.

Баёнотларга таъсир қилаётган қарамлик?

Бейсембаевнинг фикрича, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларининг Украина уруши бўйича позицияларидаги фарқ Россияга қай даражада боғлиқ экани билан изоҳланади.

Боку Москвага сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан анча камроқ боғланган. Озарбайжон на Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ таркибига Россиядан ташқари Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради; Арманистон эса аъзолигини тўхтатган), на Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ аъзолари — Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия) аъзо.

Озарбайжон газининг асосий экспорти Грузия ва Туркия орқали амалга оширилади, ташқи сиёсатдаги энг муҳим ҳамкорларидан бири эса Анқара бўлиб қолмоқда.

2024 йил охиридаги авиаҳалокатдан сўнг Озарбайжон ва Россия муносабатлари сезиларли даражада ёмонлашди. Ўшанда "Azerbaijan Airlines" йўловчи самолёти Грозний шаҳрига яқинлашиш вақтида Россия ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилган эди.

Серик Бейсембаев
Серик Бейсембаев

"Қозоғистон, барчага маълумки, нефтини Россия ҳудуди орқали ўтадиган КТК (Каспий қувур йўли консорциуми. — Таҳр.) орқали экспорт қилади. Бу асосий заиф нуқталардан бири ҳисобланади. Чунки Россия турли сабабларга кўра нефть ташишни тўхтатган ҳолатлар бўлган ва бу, табиийки, Қозоғистондаги иқтисодий вазиятга таъсир қилган.

Бундан ташқари, сиёсий жиҳатдан Марказий Осиё давлатлари янада заифроқ ҳолатда. Қозоғистон Россия билан энг узун қуруқлик чегарасига эга. Биз Россия билан КХШТ доирасида иттифоқдошмиз. Бу раҳбарларимизнинг Украинадаги уруш каби ўткир масала юзасидан билдириши мумкин бўлган баёнотларига чеклов қўяди", — дея тушунтиради эксперт.

Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Россияга боғлиқлиги янада сезгир масала бўлиб қолмоқда. Бу давлатлар ёқилғи етказиб бериш бўйича деярли тўлиқ Россияга қарам. Шунингдек, Россия меҳнат бозори кўп йиллардан бери минтақадаги юз минглаб меҳнат муҳожирлари учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб келмоқда.
Қирғизистоннинг Озарбайжондаги собиқ элчиси Қайрат Осмоналиевга кўра, айнан шу сабабли ушбу давлатлар президентларининг ҳар қандай кескин баёноти амалий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кайрат Осмоналиев
Кайрат Осмоналиев

"Тасаввур қилинг, ушбу давлатлардан бирининг президенти ҳам Алиев каби чиқиб, шундай баёнот берса, бу нималарга олиб келиши мумкин? Бошланади таъқиблар, муҳожирларни депортация қилиш (ватанига қайтариш. — Таҳр.), улар қайтиб келади, норозиликлар бошланади. "Узоқни кўра олмайдиган сиёсатчи", "эҳтиётсиз баёнотлар" деган гаплар тарқалиши мумкин. Турли талқинлар бўлади, аммо бу эҳтимолий хавфларга, жумладан норозиликларга олиб келиши мумкин.
Вазият шундай тебраниши мумкинки, бу уларнинг ўзларига ҳам таъсир қилади. Чунки бу ижтимоий-иқтисодий инқирозга олиб келиши мумкин. Бундай инқирозлар эса ҳар доим ҳокимият алмашинувларига туртки бўлади. Шунинг учун улар маълум хавфларни ҳисоблаб чиқади ва, эҳтимол, Алиев каби чиқишни исташса ҳам, бу таваккалчиликли қадам деб ҳисоблайди", — дейди Қайрат Осмоналиев.

Оғзига талқон солган президентлар

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганига тўрт йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари Украина ҳудудларининг босиб олиниши ёки Россиянинг уруш учун масъулияти ҳақида бирор марта очиқ баёнот бермаган.

Уларнинг чиқишлари, одатда, фақат ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва муаммони сиёсий-дипломатик йўллар орқали ҳал қилиш зарурати ҳақида бўлади.

Минтақа давлатлари президентлари урушнинг ўзи ҳақида эса четлаб ўтиб гапиради. Масалан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 6 ноябр куни бўлиб ўтган "Марказий Осиё — АҚШ" саммитида шундай баёнот берган.

Марказий Осиё давлатлари президентлари "АҚШ — Марказий Осиё" саммитида, Вашингтон, 2025 йил 6 ноябрь
Марказий Осиё давлатлари президентлари "АҚШ — Марказий Осиё" саммитида, Вашингтон, 2025 йил 6 ноябрь

"Ўзбекистонда президент Трампни тинчликпарвар президент деб аташади. Сиз жуда кўп ишларни амалга оширдингиз — саккизта урушни тўхтатишга муваффақ бўлдингиз. Ва мен Россия ҳамда Украина ўртасидаги урушни ҳам фақат сиз тўхтата оласиз, деб ишонаман. Биз бунга жуда умид қиламиз", — деган эди ўшанда Мирзиёев Трампга мурожаат қилиб.

Урушнинг илк кунларида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг позицияси атрофида ҳам турлича талқинлар пайдо бўлди. Владимир Путин ва Жапаров ўртасидаги телефон суҳбатидан сўнг Кремль Қирғизистон раҳбари "Донбасс аҳолисини ҳимоя қилиш бўйича Россия ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдиргани" ҳақида хабар берди.

Бироқ Жапаров маъмуриятининг расмий баёнотида бундай ифодалар келтирилмаган эди.

Садир Жапаров ва Владимир Путин Москвада, 2025 йил 7 февраль
Садир Жапаров ва Владимир Путин Москвада, 2025 йил 7 февраль

Кузатувчиларнинг айтишича, бу воқеа Бишкек ҳарбий можарода иштирок этаётган томонлардан бирини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлаш сифатида талқин қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай баёнотдан имкон қадар қочишга интилаётганини яна бир бор кўрсатди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Украинадаги уруш юзасидан бирор марта ҳам очиқ ва тўғридан-тўғри баёнот бермаган.

Постсовет ҳудудидаги истисно

Бугунги кунда Илҳом Алиев, эҳтимол, Россия билан қўшни бўлган постсовет давлатлари раҳбарлари орасида (Болтиқбўйи давлатларини ҳисобга олмаганда) Украина ҳудудларининг босиб олинишини тан олиш мумкин эмаслигини очиқ айтаётган ягона амалдаги давлат раҳбари бўлиб қолмоқда.

Владимир Зеленский ва Илҳом Алиев Булбоакада, Молдова, 2023 йил 1 июнь
Владимир Зеленский ва Илҳом Алиев Булбоакада, Молдова, 2023 йил 1 июнь

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг расмий ташқи сиёсат идоралари давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва халқаро миқёсда тан олинган чегараларнинг дахлсизлиги тамойилларини қўллаб-қувватлаш ўзгармас позиция эканини таъкидлайди.

Бироқ президентларнинг ўзи бу масалада ёки сукут сақлашни, ёки эҳтиёткорроқ риторикани танлайди.

Натижада минтақадаги давлатлар халқаро ҳуқуқнинг бир хил тамойилларига амал қилаётгандек кўринади, аммо бу тамойилларни мутлақо турлича ифодалайди.

Манас Айжигитов

XS
SM
MD
LG