Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2021, Тошкент вақти: 09:20

Мигрантлар ҳимоячиси Валентина Чупик Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин


Асли ўзбекистонлик Валентина Чупик Россия давлат идоралари томонидан ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётган мигрантларга қонун доирасида қарши туриш тизимини ишлаб чиққан.

Ўтган шанба Москванинг Шереметьево аэропортида ҳибсга олинган мигрантлар ҳимоячиси Валентина Чупик 28 сентябрь куни Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин. Бу ҳақда Озодликка сешанба куни эрталаб асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолининг ўзи маълум қилди.

"Tong Jahoni" инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари, 48 яшар Чупик 25 сентябрь тунида Арманистондан Москвага учиб келган пайт Шереметьево аэропортида ушланган ва аэропортнинг F - терминалидаги спецприемник - махсус ҳибсхонага жойлаштирилган. У билан суҳбатлашган ФСБ ходими Чупикнинг қочқинлик мақоми бекор қилингани ва унга 2051 йилгача Россияга кириш тақиқланганини айтган. Инсон ҳақлари фаолига бу ҳақдаги расмий билдирги топширилган.

Чупик "Қочқинлар тўғрисида"ги қонуннинг 9 -моддаси, 2-банди ("қочқин мақомини олиш учун қасддан ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш") асосида қочқинлик мақомидан маҳрум қилинган.

Россиялик ҳамкасблари Чупикнинг ушланиши мигрантлар ҳимоячисидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун олинаётган қасос эканини айтишмоқда.

Улар Чупикни ватанида махсус хизматлар тақиби ва эҳтимолий қийноқлар кутаётганини хавотир билдириб, инсон ҳақлари фаолини учинчи давлатга юбориш кераклигини айтишган.

"Нима кутгандингиз?"

28 сентябрь куни эрталаб Озодлик билан қисқа телефон мулоқотида Валентина Чупик ўзини Ўзбекистонга депортация қилиш ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.


- Мени бугун соат 16:00да Ўзбекистонга юборишлари мумкинлиги тўғрисида гап-сўз пайдо бўлди. Соат 17:35да бугун Қаршига рейс бор. Мен сўраганимда, менга “қайтишга сертификат” тайёрлашга буюртма беришмаган экан. Улар мени қандай қилиб жўнатишар экан, деган савол туғиляпти? Мени компьютеримни олган одам бугун соат 16да уни олиб келиб бериши керак, чунки мени жўнатиб юборишар экан, дейилди. Шундан келиб чиқиб, бугун жўнатиб юборишлари мумкин, деган хулоса қилдим.

Валентина Валентиновнанинг Озодликка айтишича, ФСБ зобитларидан бири унинг Россиядан чиқариб юборилаётганини бевосита мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлаган.


- "Сиз нима истардингиз! Сиз Ички ишлар вазирлиги тизимидаги коррупция ҳақида жуда кўп гапирдингиз, доимо муҳожирларни ҳибсга олишда полиция ходимлари устидан шикоят қилардингиз. Улар ҳам доимо устингиздан шикоят қилишарди. Хўш, биз қандай муносабатда бўлишимиз керак?"


Шу ерда суҳбат узилди. Шереметьево аэропортидаги 3 кишилик камерада қолаётган 48 яшар Валентина Чупик электр токига уланиш имкони йўқлиги сабабли телефонини қувватлантира олмаётганини билдирди.


Кўп йиллардан бери меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келаётган Чупик Москва вилоятида ёлғиз қолган 84 ёшли онасидан хавотирда эканини ҳам айтди.

Бир кун олдин у онаси билан яшаб келган уйга бир нечта полиция ходимлари ташриф буюрган.

- Онамга нима бўлишини билмайман. У 84 ёшда, оғир остеопороз, фақат қўлтаёқда ҳаракатлана олади, юраги чатоқ, буйраги яхши ишламайди. Бундан ташқари, мен уйдаги қаровсиз қолиб кетган мушук ва итларимнинг ҳоли нима кечишини ҳам билмайман.

Аммо асли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолининг асосий ташвиши - мигрантлар ва уларга нима бўлиши.


- Мени Россиядан чиқариб юборишса ҳам муҳожирларга ёрдам беришда давом этаман. Аммо менсиз ишхонамда жуда ёмон бўлади - ходимларим бир ўзи ишни уддалай олмаслиги, зўравонликка дош беролмаслиги мумкин. Муҳожирларим ёрдамсиз қолиб кетадику!

Озодликка маълум бўлишича, Россия полицияси Валентина Чупик билан ҳамкорликда ишлаётган "Tong Jahoni" ташкилотининг Москвадаги идорасини ёпган ва бошқа ходимларни ҳам сўроққа тутган.

Валентина Валентиновнанинг ушлаб қолинишидан бир ҳафта олдин ташкилотнинг тожикистонлик муҳожирлар билан ишловчи ҳамкори, юрист Каримжон Ёров ўзига қарши очилган жиноят иши туфайли Европа давлатларидан бирига чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

Асли тошкентлик Валентина Чупик Ўзбекистон ватандошлигини сақлаб қолган. У 2006 йилда Андижон қирғинидан кейин мамлакатни тарк этган ва 2009 йилда Россияда қочқинлик мақомини олган.

Ўзбекистонлик аёл охирги йилларда халқаро грантлар ҳисобига меҳнат муҳожирларига бепул ҳуқуқий ёрдам бериб келган. Бир неча йил олдин у юридик фанлари бўйича докторлик даражасини ҳам олган эди.

Чупик полиция ва Россиядаги бошқа давлат идоралари томонидан ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётган мигрантларга қонун доирасида қарши туриш тизимини ишлаб чиққан. 2020-21 йилларда 70 мингга яқин муҳожирга ҳуқуқий кўмак берганини айтган Валентина Чупик ҳозирда ўзи ёрдамга муҳтож.

Ўзбекистон расмийлари Валентина Чупикнинг ҳибсга олиниши ва Ўзбекистонга депортация қилиниши ҳақидаги хабарларни шарҳлаганича йўқ.

XS
SM
MD
LG