Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2020, Тошкент вақти: 22:28

COVID-19: Россия президенти мақтанди, Эрон президенти огоҳлантирди...


Владимир Путин

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, бугунга қадар дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 8 миллиондан, қурбонлар сони эса 435 мингдан ошди. Беморларнинг 4 миллиондан ошиғи эса соғайиб кетди.

Қуйида пандемия Россия, Эрон ва Қозоғистонда қандай кечаётгани ҳақида сўнгги маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

Россия

Президент Владимир Путин Россияда пандемия «минимал йўқотишлар» билан кечди вазият АҚШдагидан анча яхши, деб баёнот берди. Аммо Россияда вирусга чалинганлар ва вирус туфайли нобуд бўлганларнинг расмий сони ҳақида шубҳалар урчимоқда

Путин телевидение орқали кўрсатилган чиқишида Россия «равон иш олиб боряпти, коронавирус вазиятидан ишонч ҳамда минимал йўқотишлар билан чиқяпти», деди.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекциясидан 6 938 нафар одам нобуд бўлди. Россияда касалликка чалинганлар ярим миллиондан ошиқлиги эътиборга олинса, бу кўрсаткич жуда оздир.

Шу сабабдан танқидчилар Россия расмийларини пандемия кўламини озайтириб кўрсатиш мақсадида нотўғри маълумот тарқатишда айбламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходими Россиядаги ўлимлар сони «шубҳасиз, ғайриоддий» эканлигини таъкидлади.

Ташкилотнинг Фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Раян Россиядан фарқли ўлароқ, бошқа давлатларда нобуд бўлганлар сони коронавирусга чалинган, аммо бошқа сабабларга кўра ўлган одамларни ҳам ўз ичига олишини айтди.

Путиннинг «Россия-1» телеканалига берган интервьюсида айтишича, "Россияда федерал ва маҳаллий ҳокимият расмийлари ҳамкорликда ишлагани учун пандемия АҚШдан кўра енгилроқ кечган".

Путин, шунингдек, АҚШда содир бўлган ирқчиликка қарши акцияларни илк маротаба шарҳлади. Президент уларни «чуқур илдиз отган ички бўҳронлар» белгиси дея таърифлади.

Россия президенти афроамерикаликларнинг тенглик учун курашини қўллашини қўшимча қилди. Аммо Путиннинг фикрича, акциялар «хаос ва тартибсизликларга» айланса, мамлакат учун ҳеч қандай яхшилик олиб келмайди.

Путин мамлакат конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича 1 июлга белгиланган овоз бериш ортидан президентлик диктатурасини мустаҳкамлашни режалаштираётганига доир айбловларни рад этди.

Таклиф қилинаётган ўзгаришлар Путинга 2036 йилгача президент бўлиш имконини беради.

Эрон

Бу мамлакатда сўнгги икки ой ичида илк маротаба коронавирус туфайли бир кунда 100 дан ошиқ одам нобуд бўлди.

14 июнь куни Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Сима Садат Лари сўнгги 24 соат ичида 107 нафар одам вирус туфайли нобуд бўлганини билдирди. Бу билан мамлакатда COVID-19 туфайли ўлганлар сони 8 837 га, вирусга чалинганлар сони эса 187 427 га етди.

Танқидчилар бу кўрсаткичлар аслида анча юқори эканлигини таъкидлаб келади.

Эронда апрель ойининг ўртасида карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилина бошлаган эди. Кейинги ҳафталарда мамлакатда вирусга чалиниш ҳолатлари кўпайди.

13 июнь куни президент Ҳасан Руҳоний аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига тўлиқ амал қилмаса, айрим чекловлар қайта жорий қилинишини айтди.

Қозоғистон

Cоғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртановда коронавирус аниқланиши ортидан бош вазири Асқар Мамин уйда ўзини карантинга олди.

Бош вазир матбуот котиби Зарина Нурланова Маминда вирус аниқланмаганини ва у ишлашда давом этишини билдирди.

Мамин 12 июнь куни Биртанов билан Жамбил вилоятига дори-дармон ишлаб чиқарувчи завод очилишида қатнашиш учун хизмат сафари билан борган эди.

Нурланова вазирлар сафар давомида ниқобларини ечишмаганини айтди,

Расмий маълумотларга кўра, бугунга қадар Қозоғистонда 18 898 киши коронавирусга чалинди, уларнинг 77 нафари ёстиғи қуриди.

Қозоғистонда ҳам вирус юқтирганлар ва нобуд бўлганлар сони аслида бундан юқори эканлиги айтилмоқда. Мамлакатда коронавирусга чалиниб, бошқа касаллик туфайли вафот этганлар расмий статистикага киритилмайди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG