Линклар

Шошилинч хабар
08 май 2021, Тошкент вақти: 07:29

COVID-19: AstraZeneca ширкати ЕИга ваъда қилинган миқдорда вакцина етказиб бера олмади


AstraZeneca вакили вакцина етказиш билан боғлиқ муаммолар сабабини изоҳлашдан бош тортган.

AstraZeneca ширкати жорий йилнинг биринчи чорагида Европа Иттифоқига етказиб берилиши кўзда тутилган COVID-19 вакцинаси миқдорини қарийб 30 миллионтага қисқартирди.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, ширкат Иттифоқ билан имзолаган шартномага биноан биринчи чоракда ҳозирлаши шарт бўлган эмдориларнинг учдан бир қисминигина ўз вақтида етказиб беради. Бу эса ЕИнинг шусиз ҳам оқсаётган эмлаш дастурига зарба бўлиши тайин.

10 март куни Брюсселга йўлланган ҳужжатда баён этилишича, AstraZeneca март ойи охирига қадар 30,1 миллион, апрель ойида эса яна 20 миллион доза вакцина етказиб беришни режалаштирмоқда. Ҳолбуки, компания директори Паскаль Сорио 25 февраль куни Европа парламентини март ойи охирига қадар 40 миллион доза вакцина етказилишига ишонтирган эди.

Ширкат январь – март ойлари давомида ЕИга атиги 34 миллион доза эмдори етказишни маълум қилган. Бу эса шартномада кўрсатилган 90 миллион дозанинг ярми ҳам эмас.

Ўтган ҳафта Италия ҳукумати ва Европа Комиссияси AstraZeneca вакциналарини Италиядан Австралияга экспорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор чиқаришга мажбур бўлди.

Ширкат вакили вакцина етказиш билан боғлиқ муаммолар сабабини изоҳлашдан бош тортган.

Вазият билан яқиндан таниш манбага кўра, ширкат вакциналарни глобал миқёсда ташишда юзага келган қийинчиликлар туфайли сўзи устидан чиқа олмаётир.

Аввалроқ ширкат маҳсулот етказишдаги дастлабки узилишларга ЕИ ҳудудида ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлганини айтган эди.

Пайшанба куни кечқурун ЕИ саноат комиссари Тьерри Бретон AstraZeneca ширкати ҳақида Twitter платформасида “Мен ҳаракат кўряпман, лекин у етарлича даражада қатъий ҳаракат эмас”, – деб ёзди.

AstraZeneca ЕИ бозорини қисман АҚШдан олиб келинган вакциналар билан таъминлашни режалаштирган эди, аммо Вашингтон яқин келажакда эмдорилар экспорт қилинмаслигини билдирган.

Шартномага биноан, ширкат декабрдан июнгача Иттифоқни 300 миллион доза вакцина билан таъминлаши керак эди. Брюссель жорий йил январь ойи охирида AstraZeneca вакцинасини ошиғич равишда тасдиқлагани ҳам бежиз эмас.

Қайд этилганидек, ширкат апрель ойида ЕИга 20 миллион доза эмдори етказиб беришни режалаштирмоқда. Уларнинг асосий қисми уч йирик мамлакат – Германия (6 миллион доза, умумий буюртманинг 19 фоизи), Франция (4,7 миллион доза, умумий буюртманинг 15 фоизи) ҳамда Италия (4,4 миллион доза, умумий буюртманинг 14 фоизи) ўртасида тақсимланади.

XS
SM
MD
LG