Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Карантинда пулсиз ўтирган аҳолига коммунал тўловларни тўламаса, судга тортиш билан таҳдид қилинмоқда


 МИБ ходимлари карантин пайти уйма-уй юриб, аҳолидан коммунал тўловларни ундирмоқда
МИБ ходимлари карантин пайти уйма-уй юриб, аҳолидан коммунал тўловларни ундирмоқда

Самарқанднинг Тойлоқ туманида табиий газ ва электр энергиясидан қарздор аҳолидан карантин бўлишига қарамай қарзларни тўлаш талаб қилинмоқда.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари уйма-уй юриб, қарзни тўлаш учун аҳолига 5 кун муддат беряпти. Акс ҳолда қарзини тўламаганлар судга тортилишидан огоҳлантирилган.

Тойлоқликлар карантин боис уйда пулсиз ўтирганлари сабаб коммунал тўловларни тўлаш имконсизлигини айтяпти.

Коронавирус пандемияси боис Ўзбекистонда кескин чекловлар жорий этилиши ортидан Мажбурий ижро бюроси расмийлари карантин пайти газ-свет тўловлари учун ҳеч қандай имтиёз берилмаслигини таъкидлаган.

Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, Туёқли қишлоғи, Дўстлик маҳалласи, 71- уйда яшовчи Ҳомидовлар оиласи ҳам МИБ ходимлари томонидан огоҳлантирув олганлардан бири.

Оила аъзоси, 26 яшар Абдуносир Ҳомидовга кўра, 19 май куни Мажбурий ижро бюросининг Тойлоқ туман бўлими ходимлари уйига келиб, электр энергиясидан қарзини беш кун муддат ичида тўлашни талаб қилган:

- Электр энергеясидан 324 минг сўм қарзимиз бор экан. Шу пулни беш кун ичида тўлашимизни талаб қилишди. Агар тўламасак, судга беришини ва икки оклад ойлик миқдорида жарима ҳам тўлашимизни айтишди.

Абдуносир карантин сабаб уйдагиларининг ҳаммаси ишсиз ўтиргани боис бу пулни тўлай олмаслигини айтади:

- Уйда олти кишимиз. Ота-онам, икки укам, ўзим ва хотиним. Ҳаммамиз ишсиз ўтирибмиз. Карантиндан аввал Россияга бориб пул ишлаб келардик. Ҳозир бунинг имкони йўқ. Битта укам пул топиш учун Туркияга кетганди. Лекин у ҳам ҳозир у ёқда ишсиз ўтирибди. Томорқага теплица қилиб, бодринг экканмиз. Шуни сотиб, пулини тирикчилик учун ишлатяпмиз. Электрдан қарзимни узишга умуман пулим йўқ. Беш кун ичида бунча пулни тўлаш имконим йўқ.

Мажбурий ижро бюросининг Тойлоқ туман бўлими томонидан Ҳомидовлар оиласига берилган огоҳлантирув хатида:

“Талабнома 5 кун муддатда бажарилмаган тақдирда, хонадонингиз табиий газ, электр энергияси ёки сув таъминотидан узиб қўйилиши ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизмати учун судга даъво ариза киритилиши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилган.

Инспектор Самадов томонидан 19 май куни имзоланган ҳужжатда агар қарздорлик қопланмаса, судга беришдан ташқари оила аъзоларининг турли хизматлардан фойдаланишига чеклов қўйилиши ҳам таъкидланган:

“Йирик битимлар, айрим турдаги молия-кредит хизматларидан ва давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқингиз чекланади”.

Абдуносирнинг ҳамқишлоқларидан икки нафари Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда МИБ ходимлари томонидан худди шундай огоҳлантирув олганларини билдирди.

Абдуносир ва унинг ҳамқишлоқлари қарздорлик карантин ўтгунча кечиктириб турилса, кейин пул ишлаб, ҳамма қарзни биратўла узишларини айтишди.

- Мен молиявий ёрдам сўрамаяпман. Фақат ҳозир имконим йўқлигини айтяпман¸ холос. Ўзим ҳам коммунал тўловлардан қарз бўлишни ёмон кўраман. Қўлимизга пул тушиши билан¸ албатта¸ қарзни узамиз. Лекин ҳозир зўрға рўзғорни эплаб турибман. Кейин агар пул топган тақдиримда ҳам карантин пайти уни қандай тўлайман. Тойлоқ тумани қизил зонага кирган. Қандай қилиб туман марказига бораман? Ҳозир мен каби қарздорлар ҳаммаси йиғилиб, борса, тиқилинч навбатлар юзага келадику! Бу карантин қоидаларига ҳам тўғри келмайди, дейди Абдуносир Ҳомидов.

Абдуносир Ҳомидов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк


Коммунал тўловлар ундириш бўйича Тойлоқдаги мибчилар қўллаётган талаблар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиляптими ёки йўқлиги ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Жорий йилнинг 23 март куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги карантин пайти кечиктирилган коммунал тўловлар учун жарима ва пенялар жорий этилмаслиги, қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритилмаслигини расман билдирган.

20 май куни Озодлик боғланган ушбу вазирлик масъули карантин пайтидаги коммунал тўловлар учун имтиёзларнинг электр ва табиий газга алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Карантин пайтидаги коммунал тўловлар учун имтиёзлар фақат ичимлик сув, канализация ва иссиқлик таъминотига тегишли. Бизнинг вазирлик табиий газ ва электр энергияси учун тўловларни зиммасига олмаган”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб аноним қолишни сўраган вазирлик ходими.

Мажбурий ижро бюроси республика бўлимининг исмини очиқламаётганимиз масъули билан савол-жавоб жуда қисқа бўлди:

“Биз қарздорликни ундириш пайти ҳар бир аҳоли вакилига индивидуал ёндашамиз. Қарздорнинг муаммоси индивидуал ёндашув орқали ҳал қилинади”.

МИБ масъули шу гапни айтиш билан телефон гўшагини қўйиб қўйди, қайта қилган қўнғироқларга умуман жавоб бўлмади.

Мажбурий ижро бюроси директори ўринбосари Шавкат Ҳайдаров 26 март куни АОКАда ўтган брифингда электр ва табиий газ учун ҳеч қандай имтиёз берилмаслигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG