Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:24

Манба: Коронавирусга чалинганлар учун контейнер касалхоналарни Тошкент ҳокимига оид ширкат жиҳозламоқда


Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида қуриладиган 20 минг ўринли тиббий шаҳарча учун «контейнер-палата»ларнинг биринчи партияси тайёр бўлгани ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бундан ташқари Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ ва Зангиота туманларидаги муваққат шифохоналар қурилиши якунига етгани ҳам билдирилди.

Маълумотда таъкидланишича¸ 6-7 соатда тайëр бўлаëтган 1600 та контейнернинг ҳар бири кондиционер¸ телевизор¸ санузел ва бошқа маиший техника билан таъминланган.

Контейнерларни жиҳозлашда иштирок этаëтган ишчининг Озодликка билдиришича¸ контейнердаги эшик ромлар Акфа ширкатига¸ маиший техника эса Артел ширкатига оид. Бу ширкатларнинг эгаси Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевдир.

Ўзбекистондаги вазирликлардан бирида ишловчи ходимнинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка билдиришича¸ контейнерлар Бош вазир Абдулла Арипов буйруғи билан Қашқадарëдаги нефт ва газ ширкатларидан олиб келинган.

Минг дона Dry Cube русумли контейнер Қашқадарëдаги газ конденсат билан шуғулланувчи ширкат тарафидан текин берилгани ҳақидаги маълумотга эгаман” ¸ деди бу мулозим.

Унинг иддао қилишича ¸ қолган контейнерларни “текинга топиб етказиб бериш "Ўзбекистон темир йўллари" ширкатига топширилган”.

Айни мулозимга кўра¸ контейнер касалхона қуриш ва жиҳозлаш бўйича тендер ўтказилмаган.

Қашқадарëдаги ширкатлар балансидаги контейнерларнинг Бош вазир буйруғига кўра¸ касалхона қуриш учун текин берилгани ҳақидаги маълумотни газ ва нефт қидириш ширкатида ишловчи муҳандис ҳам Озодликка тасдиқлади.

Муҳандиснинг айтишича¸ контейнерларни Тошкентга етказиб бериш ишларини Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов мувофиқлаштирган.

25 март куни Озодликка Тошкент вилояти ҳудудида коронавирус юқтирган беморларни сақлаш учун махсус контейнер касалхоналар қурилаëтгани акс этган видеотасвир юборилган эди.


Озодликка бу видеони юборган транспорт соҳаси мулозимларидан бири Тошкент ва унинг атрофидаги яқин станциялар¸ хусусан¸ “ Ташкент юк”, Ангрен, Аблиқ, Чуқурсой ва Сергели станцияларидан 40 футлик контейнерларни дислокация қилиб¸ Тошкент вилоятида эҳтимолий бўлажак касалларга шу контейнерлардан мобиль шифохоналар ясалаëтгани"ни айтган эди.

Озодлик суҳбатдоши тахминига кўра¸ “контейнерни текин олиб жиҳозлаб касалхонага айлантирганлар бундан катта фойда кўради”.

Ўзбекистон Молия вазирлигига яқин мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ касалхона барпо қилиш бўйича барча харажатларнинг давлат тарафидан шакллантирилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди¸ Соғлиқни сақлағш вазирлиги ва қисман Тошкент шаҳар ҳокимлиги бюджети тарафидан қопланиши кўзда тутилган.

Контейнер касалхоналарни қуриш ишларини Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов мувофиқлаштирмоқда.

Контейнерларни тайёрлаш жараёнига¸ расмий баëнотда айтилишича¸ 2 300 киши жалб қилинган бўлиб, ҳар бир контейнер уч кишига мўлжалланган.

Коронавирусга қарши контейнер касалхоналар Тошкент вилоятидан ташқари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларда қурилиши режаланган. Маҳаллий матбуот республика бўйича 10 та махсус шифохонани қисқа фурсатда барпо этишга киришилгани, коронавирус юқтиргани аниқланган ҳар бир бемор учун алоҳида палата кўзда тутилганини хабар қилди.

Озодлик суҳбатлашган андижонлик олий тоифали врач Бахтиëр Қурбонов кунлар қизиб бораëтган Ўзбекистон иқлимига темир контейнердан бўлган касалхонанинг умуман тўғри келмаслигини таъкидлайди:

- Covid -19 вируси нафас олиш йўллари яллиғланиши билан боғлиқ вирус. Бундай беморларга кондиционер ëмон таъсир қилади. Темир контейнернинг ичи бемор учун энг маъқул жой эмас. Унинг ички қопламаси стекловатадан экан. Стекловата рак келтириб чиқарувчи¸ дея гумон қилиниб Ғарб қурилиш материаллари рўйхатидан ўчирилган. Стекловата формальдегид смоласидан қилинади. Бу модда иссиқда ўзидан фенол чиқаради. Фенол ўта заҳарли модда. Умуман Ўзбекистондаги мавжуд касалхоналар беморлар карантини учун етарли деб ўйлайман.Масалан¸ Андижонда 200 дан зиёд хусусий тиббиёт муассасаси бор. 126 муассаса стационар шароитда, 162 таси эса амбулатор хизмат кўрсата олади. Айни рақамни бошқа вилоятлар мисолида ҳам айтиш мумкин. Менимча контейнер касалхона қуриш яхши ғоя эмас.

Ҳозирча вирус юқтирганларнинг аксари¸ расмий маълумотга кўра¸ Тошкентдаги республика Вирусология илмий-текшириш институтида даволанмоқда.

Коронавируснинг бирламчи ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида 10 кун ичида 1000 беморга мўлжалланган касалхона қурилгани жаҳон миқëсида шов-шувга сабаб бўлган эди.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG