Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2020, Тошкент вақти: 01:22

OzodDayjest: Коронавирус тарқалиши ортидан гўрковларга талаб кучайган


Тошкентдаги қабристонлардан бири.

Ўзбекистонда ўлат тарқалганига оид мишмишлар асоссиз экани айтилди. Тошкентда махсус гўрковлар гуруҳларини ташкил қилиш таклиф этилди. Карантинда нархни оширган киракашлар жазолана бошлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_________________________________________________________

Ўзбекистонда ўлат тарқалгани ҳақидаги овоза рад этилди

Ўзбекистонда коронавирус эмас, балки ўлат тарқалгани ҳақидаги мишмишлар мутлақо асоссиз, деб маълум қилди мамлакатнинг бош инфекционисти Эркин Мусабоев 22 июль куни “Миллий” телеканалда эфирга узатилган “Тез ёрдам” дастурида.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram мессенжеридаги кўплаб гуруҳларда Ўзбекистонда COVID-19 касаллиги эмас, ўлат авж олаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Ўзбекистоннинг бош инфекционисти Эркин Мусабоевнинг айтишича, мамлакатда ўлатга чалиниш билан боғлиқ сўнгги ҳолат 1996 йилда қайд этилган бўлиб, ўшандан буён бирор марта кузатилмаган.

Ўлат (чума) жуда қўрқинчли ҳолат ҳисобланади. Бир неча асрлар аввал кузатилган бу касаллик жуда кўп ўлимларга олиб келган. Ўлат – антропоноз касаллик, яъни унинг тарқалиши учун табиий ўчоқ керак. Бу табиий ўчоқ чўл зоналарида бўлиши мумкин. Унинг тарқатувчилари кемирувчилар – каламуш, бурга кабилар бўлади. Улар микроб тарқатиб, одамларга ҳам юқтиради. Ўзбекистонда кемирувчиларни назорат қилувчи карантин станциялари мавжуд. Кемирувчилар кўпайиб кетган тақдирда, уларни текширишади ва камайтиришади”, деган Э. Мусабоев.

Қайд этилишича, ўлатнинг ўчоғи чўл зонасида. Коронавирус эса шаҳар зоналарида – аҳоли концентрацияси юқори бўлган ҳудудларда кенг тарқалмоқда.

Тошкент ва йирик шаҳарларда махсус гўрковлар гуруҳларини ташкил қилиш таклиф этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус тарқалиши юзасидан тақдим этаётган кундалик статистикага нисбатан ишонч кун сайин сўнмоқда (www.kun.uz, 22 июль). “Бу ерда ҳар икки томон ўзича ҳақ – ССВ аниқ ҳужжатлар асосида иш кўради, беморда айнан коронавирусни қайд этувчи тест натижалари бўлсагина, рўйхатга киритади. Ўлим сонлари ошаётганини кузатиб турган аҳоли эса ўзи эшитган ҳодисаларга кўпроқ ишонади”, деб ёзади журналист Аброр Зоҳидов. Шунга кўра, вазирликка коронавирусга чалингани расман қайд этилмаган, аммо яққол белгиларига кўра COVID-19 экани маълум бўлган марҳумларни ҳам алоҳида эълон қилиш таклиф этилган.

Қайд этилишича, ҳозирги вазиятда гўрковларга ҳам талаб кучайяпти.

Ҳозирги вазиятда ана шундай беморлар вафот этса, шифохоналарнинг катта-кичик ходимлари норасмий равишда уларни дафн қилишга (яъни майитни ўраш, олиб бориш, қабристонга олиб кириш...) жалб қилиняпти. Бу амалиётга чек қўйиш керак. Вақтинча бўлса-да, ҳеч бўлмаса Тошкент ва йирик шаҳарларда махсус гўрковлар гуруҳлари ташкил қилиш ҳамда улар учун қўлланма яратиш керак. Албатта, ишлайдиганларни топиш муаммо бўлиши мумкин. Лекин яхши ҳақ тўланса, албатта, ишчи топилади. Қолаверса, савобталаб ва кўнгиллиларни ҳам унутмаслик керак”, деб ёзади А.Зоҳидов.

Таъкидланишича, махсус гўрковлар гуруҳининг ташкил этилиши тиббиёт ходимларининг қимматли вақтини тежашга хизмат қилади.

Карантин даврида нархни оширган киракашлар жазоланди

Тошкентда карантин вақтида йўлкирани оширган 25 та юридик корхона жаримага тортилди (www.gazeta.uz, 23 июль). Бу ҳақда пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев маълум қилган.

Жамоат транспорти бўлган автобус ва метрога тарифлар ҳокимлик қарори билан қабул қилинади. Таксиларда эса йўл ҳақи ташувчи ва йўловчи ўртасидаги ўзаро келишувга асосан белгиланади. Бироқ айрим такси хизмати корхоналари ва ҳайдовчилари мураккаб вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда”, деган А.Жўраев.

10 июлдан жамоат транспорти ҳаракати чеклангач, йўналишсиз таксиларга бўлган эҳтиёж ошди. Шу боис транспорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари мониторинг тадбирлари ўтказмоқда. Натижада 64 та йўналишсиз таксининг лицензия варақалари бекор қилинди. Бундан ташқари, ўнга яқин юридик корхонага чора кўриш ва 21 таксининг лицензиясини бекор қилишга доир ҳужжатлар судга тақдим этилди.

Солиқ органлари суриштируви натижаларига кўра, такси хизмати учун нархлар икки баробар оширилгани маълум бўлди.

Хабар қилинишича, Тошкент шаҳрида солиқ, транспорт ва санитария мутахассислари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида санитария-эпидемиологик талабларга амал қилмаслик ва ноқонуний хизмат кўрсатиш ҳолатлари аниқланган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG