Линклар

Шошилинч хабар
04 апрел 2020, Тошкент вақти: 11:39

Европада машҳур ўзбек созандаси виолончели боис Тошкент аэропортидан чиқарилмади (ВИДЕО)


Қатор халқаро мукофотлар совриндори Дилшод Назаров 25 йилдан бери Европада яшаб¸ ижод қилиб келмоқда.

Қатор халқаро мукофотлар лауреати¸ Париж олий консерваториясини битирган биринчи ўзбекистонлик созанда Дилшод Назаров 3 март куни Тошкент-Франкфурт йўналишида парвоз қиладиган учоққа чиқарилмади.

Бу ҳақда ўз Facebook саҳифасидаги 11 дақиқалик видеомурожаат орқали хабар қилган Назаров¸ болалигидан бери чалиб келган эски виолончель асбоби боис Тошкент аэропортидаги божхона ходимлари томонидан Ўзбекистондан чиқарилмаганини билдирди.

“Ниҳол” мукофоти совриндори бўлган Дилшод Назаров¸ айтишича¸ 25 йилдан бери Европа¸ хусусан Германияда яшаб¸ ижод қилиб келаяпти.

Дилшод Назаров Ўзбекистоннинг энг машҳур бастакорларидан бири Анор Назаровнинг ўғлидир.

Дилшоднинг айтишича¸ отаси вафот этганининг (Анор Назаров 2019 йил 16 январь куни 69 ëшида вафот этган – таҳр.) бир йиллиги муносабати билан ўз ташаббуси билан Тошкентда хотира концерт ўтказишга келган.

Маданият вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган бу ташаббус амалга ошган – Тошкентда иккита концерт қўйилган ва бу тадбир маҳаллий телеканаллар¸ хусусан “Ўзбекистон 24” каналида ëритилган.

Унинг виолончелини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкентга бепул олиб келган.

3 март куни саҳар соат 4 да айни чолғу асбоби билан Франкфуртга учиб кетиш учун Тошкент халқаро аэропортига келган Дилшод Назаровни божхона ходимлари тўхтатган.

- Олдимга Шавкат деган божхона лейтенанти келиб: "Бу нима?" деб сўради. Виолончель¸ дедим. "Қайси асрда ясалган"¸ деди. 19-асрнинг охири¸ 20-аср бошлари¸ дедим. Шундан сўнг у мендан сертификат талаб қила бошлади. Мен унга Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан берилган виолончелнинг паспортини бердим. Божхоначи мендан бу асбоб “қандайдир тарихий ва маданий қимматга эгалиги боис”¸ Ўзбекистон ташқарисига олиб чиқиш учун бериладиган махсус сертификат талаб қила бошлади¸ дейди Дилшод Назаров.

Шундан сўнг таниқли чолғучи ўз виолончели тарихини ҳикоя қилади. Унга кўра¸ ўзи болалигидан бери чалиб келаëтган бу асбобни ўзбек аëллари орасида биринчи виолончель созандаси бўлган онасига 1974 йили бобоси совға қилган.

- Бу Германияда ясалган виолончель. Ҳеч қандай тарихий қимматга эга эмас. Ҳа¸ у жуда яхши жаранглайди¸ чунки уни мен чаламан¸ дейди Дилшод Назаров.

Видеомурожаатда Назаров¸ божхоначилар билан тортишув узоқ давом этгани¸ ўзининг кимлигини айтгани¸ 25 йилдан бери бирор давлатда чолғу асбоби учун махсус сертификат сўрашмаганини тушунтиришга уринганини айтади.

Назаровга кўра¸ божхоначилар бу асбобни олиб чиқиш-чиқмасликни Даврон исмли ўз экспертлари ҳал қилиши¸ акс ҳолда “ўзларини қамашларини” айтишган¸ бошлиқларига боғланишган ва шундан сўнг оворагарчиликлар занжири бошланиб кетган.

Махсус тилхат билан рухсат бериш сўрови ҳам¸ июнь ойида мастер-класс учун Тошкентга қайтиб келиш ҳақидаги маълумот ҳам¸ божхоначиларни ҳовуридан туширмаган ва бу тортишувлар сўнггида¸ Назаров тонгги соат 6 да учиб кетган Франкфурт рейсига чиқарилмаган.

Уч марта инфарктни бошдан кечирган онасини асабийлаштирмаслик учун рейсдан қолишга мажбур бўлган Дилшод Назаров¸ ўз чолғу асбобини ўз ватанидан олиб чиқиш учун сертификат сўралишидан қаттиқ ҳайратда эканини айтади.

3 март куни Тошкент вақти билан кечки соат 8 да Озодлик Дилшод Назаровнинг ўзи билан боғланди

- Мен ҳалиям Тошкентдаман. Бугун эрталаб 10:30 дан 18:30 гача куним қоғозбозлик билан ўтди. Давлат филармонияси раҳбари ëнимда юриб¸ виолончелимни олиб чиқиш учун талаб қилинадиган сертификатни қилишга ëрдам берди. Маданият вазирлиги ëрдами билан олдим бу қоғозни. Кечаги билетим куйиб кетди. Душанба кунги рейсга ўз ҳисобимдан билет олиб¸ учиб кетаман¸ деди Дилшод Назаров Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик 3 март куни Дилшод Назаров видеомурожаатига муносабат сўраб Давлат Божхона қўмитасига мурожаат қилди. Кун давомида қўмита расмий сайтида эълон қилинган баëнотда¸ Дилшод Назаров билан боғлиқ воқеада¸ божхоначиларнинг қонунга мувофиқ иш тутгани таъкидланди.

Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига асосан маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Дилшод Назаров билан боғлиқ ҳолатда “Тошкент халқаро аэропорти” чегара-божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходими маданий бойликлар юзасидан соҳа мутахассиси бўлмаганлиги сабабли йўловчига тегишли чолғу асбобининг маданий бойликлар сирасига кириши ёки кирмаслигини аниқлаш юзасидан Маданият вазирлигининг аэропорт ҳудудида хизмат олиб бораётган ваколатли мутахассисига мурожаат қилган. Шунингдек, мазкур мутахассис ва йўловчи Дилшод Назаровнинг телефон орқали мулоқотини ташкиллаштирган.

Ўзаро суҳбат давомида Маданият вазирлигининг мутахассиси ушбу чолғу асбоби маданий бойлик ҳисобланишини ва уни сертификат олгандан кейингина олиб чиқиш мумкинлиги тўғрисида маълумот берган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона пости ходими ўз хизмат ваколатларидан четга чиқмаганлиги ва амалдаги қонун доирасида ҳаракат қилганлигини маълум қиламиз"¸ дейилади қўмита расмий баëнотида.

Озодлик билан суҳбатда Дилшод Назаров¸ Тошкент аэропортидаги Божхона ходимлaрини қонунни бузганлик эмас¸ балки нопрофессионалликда айблашини айтди:

- Тарихий ва маданий қимматга эга нарсаларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши олдини олиш керакдир. Божхона ходимлари ëзилган қонунни бузмагандир. Лекин мени уларнинг нокомпетентлиги¸ юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини қидириш истагининг йўқлиги ларзага солди. Бу вазиятдан чиқишнинг бир неча йўли бўла туриб¸ бирортасини ўйлаб ҳам кўришмади, таклифларимга қулоқ ҳам солишмади. Божхона қўмитаси ўз ходимлари ҳаракатини оқлаганидан ҳайрон бўлмадим. Воқеа учун оддий бир узр сўрашни ҳам ўзларига эп кўришмади.

Дилшод Назаров душанба кунга қадар Тошкентда ëш чолғучилар учун мастер-клас ўтказиши ва президент Мирзиëевнинг хориждаги иқтидорли ўзбек профессионалларига қилган чақириғига жавобан¸ Ўзбекистонда бундай сабоқ беришни яна давом эттиришини айтади.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG