Линклар

Шошилинч хабар
05 март 2024, Тошкент вақти: 03:40

Тимченкога Ўзбекистондаги газ бизнесида ким ёрдам бермоқда?


Геннадий Тимченко
Геннадий Тимченко

Россиялик тадбиркор, миллиардер ва президент Путиннинг яқин сафдошларидан бири Геннадий Тимченко Европа санкцияларини айланиб ўтишга муваффақ бўлган ҳамда ўз дўсти – тадбиркор Иван Егоров шарофати билан халқаро бозорда бизнес юритишда давом этмоқда. Бу ҳақда “Досье” маркази суриштирувида айтилган.  

“Досье” Егоровни Россиядаги тадбиркорлар ичида омма кўзига энг кўринмаси, дея таърифлаган. Бироқ унга оид маълумотлар Егоровга тегишли “Звезда” ширкатининг ички материалларидан топилган. 2014 йили ширкат Тимченко (Forbes рўйхатига кўра, 18,5 млрд доллар бойлик билан Россия бойлари орасида 7-ўринда) томонидан асос солинган Gunvor нефтетрейдерининг Россиядаги активларини сотиб олишда иштирок этган. “Транснефть” олди-соттиси натижасида 2016 йил февралига келиб у Новороссийскдаги нефть терминали эгасига айланган.

“Звезда” маълумотига мувофиқ, Егоров 1959 йили Калининградда туғилган, Москва Давлат университетининг иқтисод факультетини тугатган, 1994 йилда эса Алла Рудковскаяга уйланган. Эр-хотин ҳамда уларнинг Матвей ва Станислав исмли ўғиллари 2017 йил декабрида Мальта фуқаролигини олишган.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

“Досье” Россия куч ишлатар тузилмаларида ишлайдиган манбаси орқали Егоровнинг паспорт учун тушган фотосуратини ҳам қўлга киритган. Журналистнинг яна тўртта суратини топишган: уларнинг иккитасида у Тимченконинг ёнида тургани акс этган. Егоровнинг хорижга чиқадиган паспорти Россия ТИВнинг Москвадаги консуллик департаменти томонидан берилган, ваҳоланки уни бериш билан одатда ИИВ бўлинмалари шуғулланади.

“Досье” журналистлари Егоров ўз фаолиятини ташқи разведка фахрийси Владимир Суродин, Мудофаа вазирлиги “ҳарбий мухбир”и ва продюсер Владимир Пирожок ҳамда СССРнинг Финляндиядаги савдо ваколатхонаси ходими Сергей Шебеко билан бошлаганини аниқлашган. Тимченко ҳам ўша пайтда ўз бизнесини Финляндияда бошлаган.

Егоров йўқ деганда 2000-йиллардан бери Финляндиядаги Crudex гуруҳининг молиявий ва тижорий директори бўлиб ҳисобланади. Россия Федерал солиқ хизматининг 2005 йилга оид маълумотлари ва “Агромашхолдинг” ишининг очилиши шундан далолат беради. Crudex 2011 йилдан буён Россиядан қарийб 32,5 миллиард долларлик нефть маҳсулотлари экспорт қилган, унинг жаҳон бозоридаги асосий ҳамкори эса Тимченко таъсис этган Gunvor нефтетрейдери бўлган.

“Досье” қайдича, 2011 йили Егоров Британиянинг Виргиния оролларида жойлашган Elser Systems офшорининг эгаларидан бирига айланган. Ширкатнинг бошқа акциядорлари Тимченконинг яқин ҳамкорлари – “Ключ” хайрия жамғармаси ҳаммуассиси Владимир Пинчук ва SET Petrochemicals ходими Олег Усачев бўлган. “Ключ” Тимченко ва унинг хотини Еленанинг ташаббуси билан тузилган. SET Petrochemicals ҳам тадбиркор билан боғлиқ бўлиб, Усачёв 2000-йиллар бошларида рўйхатдан ўтган “Олус” фирмасида Тимченконинг ҳамкори ўлароқ кўрсатилган.

Газ: "Путинга ўлгунча қарамлик"- Тармоқлар Озодлик суриштируви ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:17 0:00

2014 йили айнан Егоров Тимченконинг Ложувард соҳилдаги (Франция) вилласини сақлаб қолишга кўмаклашган. Ўшанда Тимченко Қрим аннексиясини дастаклагани ва Кремль билан алоқаси туфайли ЕИ санкциялари остига тушган эди. Вилла 2008 йилдан буён SCI Belize ширкати орқали Тимченко, унинг хотини ва қизига тегишли бўлган. 2014 йилнинг 10 декабридан ширкат Монакода рўйхатга олинган SCP Belize Holdings фирмасига ўтган – бу ширкатнинг бенефициари Егоров оиласи бўлиб ҳисобланади. Худди шундай схема асосида Егоров “Транснефть” ширкатига Новороссийскдаги юқорида зикр этилган терминални сотиб олишга ёрдам берган.

Ҳозирда Егоров Тимченконинг пулларига Ўзбекистондаги Газли конини ривожлантириш билан шуғулланмоқда. 2017 йили президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз”га Газли газ сақлаш омборини уч баравардан кўпроқ кенгайтириш таклифини ҳозирлашни топширган эди. Бу стратегик лойиҳа бўлиб, газ сақлаш омбори Ўзбекистоннинг Россия, Туркманистон, Қозоғистон ва Хитойга кетувчи қувурлар кесишган газ-транспорт тизими қоқ марказида жойлашган, лойиҳа қиймати 1 миллиард доллардан ошади. Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” Россиянинг “Форус” ширкати билан бирга Gazli Gas Storage пудратчи ширкатини тузиш ҳақида шартнома тузган.

2023 йил февралида Озодлик радиоси “Форус” 2017 йилда рўйхатган олингани ҳамда халқаро майдонда Тимченко ва Россия расмийлари манфаатларига хизмат қилишини аниқлаган эди:

“Досье” бу ширкат ҳисоботларини ўрганиб чиқиб, ширкат эгаларидан бири Егоров эканини ҳамда Газли конининг молиялаштирилиши айнан у орқали ўтишини аниқлаган: Ўзбекистондаги Gazli Gas Storage юридик шахси “Форус”дан пул олади, “Форус”га эса маблағ Егоровдан келади. Тадбиркорга эса пул “Веста” ширкатидан келган – 2020 йилдан буён ширкат унга қарийб 7,6 миллиард рубль миқдорида маблағ ўтказиб берган. “Веста”нинг ҳомийси эса Тимченконинг топ-менежери Михаил Семёнов ва “Газпромбанк” бўлиб ҳисобланади.

“Досье” журналистлари ҳисоб-китобига кўра, “Газпромбанк”нинг Ўзбекистон лойиҳасидаги улуши қарийб 74 фоизни, Тимченконики эса 26 фоизни ташкил этади. Тимченконинг бу лойиҳасидаги улуши расман очиқланмайди, бироқ Ўзбекистон нефт-газ секторидаги манбалар лойиҳа тўғрисида гапирарканлар, Тимченкога ишора қилишган.

Форум

XS
SM
MD
LG