Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2022, Тошкент вақти: 18:55

Дудаевга ҳайкал қўйгани учун Рамзан Қодиров Туркияга таҳдид қилди


Туркиянинг Кўрфез шаҳрида чечен айирмачилари етакчиси Жоҳар Дудаевга ҳайкал ўрнатилиши муносабати билан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Туркия раҳбариятини кескин танқид қилди ва уни террорчиларни яширишда айблаб чиқди.

Шунингдек, у Туркияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Курдистон ишчи партияси асосчиси Абдулла Ўжалан шарафига Грозний шаҳрида ҳайкал ўрнатиш билан пўписа қилди, деб хабар беради Озодликнинг Шимолий Кавказ хизмати.

Кўрфез шаҳрида Дудаев ҳайкали ва унинг номи билан аталувчи боғ декабрь ойида очилган эди. Уни шаҳар мэри – Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон раҳбарлик қиладиган иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партиясидан сайланган Шенер Сўгют очиб берган. У Дудаевни “жасур қўмондон” деб атаган, маросимда айирмачилар тарафида Россия федерал кучларига қарши урушган собиқ жангчилар ҳам бўлган.

Кўрфез шаҳрида каттагина чечен диаспораси истиқомат қилади. 1990-йиллар охирида Туркияга Чеченистондан 100 мингдан ортиқ аҳоли қочиб келган. Илгари Туркияда чеченларнинг собиқ дала қўмондони Имрон Абдулазимов таъсис этган “Imkander” фонди фаолият юритарди. У айирмачиларни даволаш учун пул йиғар ва сиёсий акциялар ўтказарди, дея эслаб ўтган Озодликнинг Шимолий Кавказ хизмати.

Қодиров 21 декабрь куни ижтимоий тармоқларда унга Чеченистон парламенти, кучишлатар идоралари ва уламолар вакиллари турк ҳукуматининг хатти-ҳаракатларига муносабат билдиришни илтимос қилиб мурожаат этишаётгани ҳақида ёзди. Россия Туркияга террорчиларни очиқча дастаклаётган мамлакат мақоми бериши мумкинлиги билан Эрдўғонга таҳдид қилди, шунингдек, Дудаев ҳайкали масаласида “жавоб чорасини кўриш ҳуқуқини ўзимда қолдираман”, деб айтди.

22 декабрда Қодировнинг баёнотига Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков изоҳ берди. У республика раҳбарининг сўзларини “ҳассос, аммо тушунарли” деб атади, дея хабар беради Би-би-си рус хизмати.

“Бу Россия ҳудуди раҳбарининг ўта эҳтиросли, лекин тушунса бўладиган реакцияси. Россиянинг бу ҳудуди – уни босиб олишга уринган террорчилар қутқуси билан бошланган бир неча урушни бошидан кечирган”, деди Песков.

Кремль воизига кўра, “бу террорчиларнинг раҳнамоси қачонлардир Дудаев бўлган”. Унинг айтишича, Туркия ҳудудларидан бирида очилган истироҳат боғи “террорчи номи билан” аталгани “барча чеченлар учун” жуда аламлидир.

Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмат Қодиров Дудаев раҳбарлик қилган айирмачи республика муфтийси бўлган, Рамзаннинг ўзи эса Дудаев тарафида жанг қилган. 2001 йилда тўнғич Қодиров “Парламентская газета”га берган интервьюсида Дудаев 1996 йилда ўлдирилмаганини, яшаётганини, аммо Москва билан келишувга биноан яшириниб юрганини айтган, аммо бирон далил-исбот келтирмаган эди.

Қодиров ҳайкал қўймоқчи бўлаётган Ўжалан бир пайтлар Россиядан сиёсий бошпана сўраган. У асос солган Курдистон ишчи партияси Россияда террорчи ташкилот деб топилмаган, бироқ Туркиядан ташқари, АҚШ ва Европа Иттифоқидаги қатор мамлакатларда ҳам “қора рўйхат”га киритилган.

XS
SM
MD
LG