Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тасарруфидаги коттежлардан адиблар чиқарилмоқда


"Дўрмон" ижод уйи
"Дўрмон" ижод уйи

Озодликка маълум бўлишича, охирги тўрт ой ичида етти нафар адиб оилалари ўзлари яшаган “Дўрмон” қишлоғидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қарашли коттежлардан чиқариб юборилган. Бу ҳақда маълум қилган ижодкорларнинг айтишича, адибларни чиқариб юбориш қарори Ёзувчилар уюшмаси талаби асосида Тошкент вилояти Чирчиқ туман суди ажрими билан олинган.

Коттежлардан чиқариб юборилган адибларнинг баъзилари Озодликка батамом уйсиз қолиб кетишларидан қўрқаётганликларини айтди.

"Борар жойим йўқ"

65 яшар шоира Бибисора Туробова икки нафар ногирон ўғли билан “Дўрмон” ижод уйи коттежларидан бирида икки йилдан буён истиқомат қилиб келаётганди.

Аммо, Ёзувчилар уюшмаси талаби билан шоира 6 ноябрь куни коттеждан мажбуран чиқарилган ва ўзининг айтишича, “доимий яшаш жойи топиш шарти билан” икки ой вақтинча яшаш учун ижод уйи меҳмонхонасига жойлаштирилган.

Аммо Бибисора Туробова “борар жойим йўқ”, дейди.

- Борар жойим йўқда. Йўқ. 18 йил олдин ҳамма нарсам сотилиб кетган. Қарзга кетган, қарзга, - дейди Бибисора Туробова.

Бибисора коттеждан чиқарилган ягона шахс эмас.

Бу рўйхатда июнь ойидан буён Ўрозбой Абдураҳмонов, Нортўхта Қилич, Ражаббой Рауф, Сайфиддин Рафиддин ва бошқа адиблар ҳам бор.

Озодлик ҳозирда "Дўрмон" ижод уйида камида бешта коттеж бўш турганини аниқлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ходими уюшма раҳбариятининг ижодий сафарда эканини билдириб, Дўрмондаги коттежлардан адибларнинг чиқарилишига изоҳ бермади.

Аммо, исми ошкор этилмаслик шарти билан Озодликка гапирган ўзбекистонлик адиблардан бири, Ёзувчилар уюшмаси қарори қонуний эканини айтди:

"Йигирмадан ортиқ коттеж ва уч қаватли меҳмонхона уюшма тасарруфидадир. У ерда баъзилар муддатидан ортиқ яшаган, ўзича қўшимча қурилишларни қилган. Коттежлари олиб қўйилганлардан баъзиларининг Тошкент шаҳрида ўз квартиралари ва ҳовлилари бор," деди ўзбек адибларидан бири.

"Дўрмон" ижод уйи

Ўзбекистон президентининг 2010 йил 26 февралдаги қарорига асосан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фонди ташкил этилганди.

Фонд "Дўрмон" ижод уйи коттежлари ва меҳмонхона хоналарини уюшма аъзоларига ижодий хизмат сафарлари учун фойдаланишга бериш тартибини ишлаб чиққан.

Озодликка маълум бўлишича, Ёзувчилар уюшмаси коттежларни фақат уюшма аъзоларига ва узоғи билан бир йилга беришга қарор қилган.

2011 йилда "Дўрмон" қишлоғидаги адибларнинг 3 қаватли 58 ўринли ижод уйи қайта реконструкция қилиниб, замонавий мебель жиҳозлари, маиший буюмлар, алоқа воситалари билан таъминланган эди.

Шу йилнинг 3 августида видеоселектр йиғилиши ўтказган президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир вилоятда ижодкорлар учун иккитадан ижод уйи барпо этишга топшириқ берди.

Мирзиёев вилоятлардан пойтахтга келган ижодкорларнинг пропискаси юз фоиз ҳал қилинишини ҳам айтган.

Пенсия ёшидаги ижодкорларга эса пенсияни ҳам, гонорарни ҳам тўлиқ беришга ваъда қилди.

"Катта эшитса, бизни бу аҳволда қўймайди. У кишига бу хабарни етказадиган одам йўқда," дейди президент Мирзиёевнинг ёрдамига умид қилаётган шоира Бибисора Туробова.

XS
SM
MD
LG