Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2025, Тошкент вақти: 17:28

АҚШ Эроннинг ҳарбийлашган қўшинига нисбатан санкция жорий қилмоқда


Эроннинг “Басиж” ҳарбийлаштирилган гуруҳи жангчилари.
Эроннинг “Басиж” ҳарбийлаштирилган гуруҳи жангчилари.

Сешанба куни АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг “Басиж” ҳарбийлаштирилган гуруҳи билан бир қаторда ушбу ташкилот билан молиявий алоқалари бўлган 20 дан ошиқ компанияга нисбатан санкциялар жорий қилди.

Чоршанба куни эса, Эрон ўзининг “Басиж” гуруҳига АҚШ жорий қилаётган санкцияларни “кўр-кўрона ўч олиш” деб атади.

‒ Американинг янги санкциялари халқаро ва ҳуқуқий механизмларни оёқ ости қилишнинг ёрқин белгиси ҳамда Америка ҳукуматининг Эрон халқидан кўр-кўрона ўч олиши натижасидир, ‒ деди ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Баҳром Қосимий.

У Вашингтоннинг “халқаро ҳуқуқий механизмларни менсимаслиги”ни нафақат “Эрон халқи манфаатлари, балки жаҳон барқарорлиги ва хавфсизлигига” таҳдид деб атади.

АҚШ май ойида Эрон 6 та етакчи мамлакат билан 2015 йили унинг ядро дастури бўйича эришган битимдан чиққан эди. Энди расмий Вашингтон Теҳронга қарши санкцияларни қайта жорий қилмоқда ва бу билан президент Доналд Трамп таъбирига кўра, уни “яхшироқ битим тузиш”га ундамоқда.

Эроннинг сешанба куни санкция жорий қилинган энг йирик “Муборакеҳ” пўлат ишлаб чиқариш компанияси инвесторларига бунақа чоралар “янгилик” эмаслигини ва ишига таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди.

“Муборакеҳ” Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги энг йирик пўлат ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, Эроннинг “Меҳр Эқтесод” инвестиция компаниясини қўллаб-қувватлагани учун айбланмоқда. АҚШ Молия вазирлиги инвестиция компаниясини Эроннинг Инқилоб сипоҳиларига алоқадор деб ҳисоблайди.

Пўлат ишлаб чиқариш масалалари бўйича теҳронлик эксперт Мўжтаба Ферейдуний санкциялар “Муборакеҳ”га зиён етказиши, аммо унинг экспортини тўлиқ тўхтатиб қўя олмаслигиги айтади. Унинг фикрича, пўлатни учинчи мамлакатлар орқали сотиш мумкин.

‒ Компания фақат чет элдан молиявий маблағ жалб қилиш ва ўша ерларда банк ҳисоб рақамлари очиш муаммосига дуч келади, ‒ деди Ферейдуний.

“Муборакеҳ” компанияси вакиллари ишлаб чиқариш линияси чет элга боғлиқ эмаслигини айтмоқда. Ферейдунийга кўра, компаниянинг электрод графитини тайёрлаш учун асосий хом ашё ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводи бор, графит эса асосан Ҳиндистондан импорт қилинади.

Жаҳон пўлат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси маълумотига кўра, Эрон дунёда қуйма пўлат ишлаб чиқариш бўйича 10-ўринда туради.

Ҳукумат март-сентбярь ойиларида 2,53 миллиард риёллик пўлат маҳсулотларини ишлаб чиқарилганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 фоиз кўпдир.

XS
SM
MD
LG