Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:22

Эронда Британия ва Эрон ватандоши бўлган аёл устидан яна бир суд иши бошланади

  • Озодлик

Британия ва Эрон ватандоши Нозанин Зағарий-Ратклифф/

Эрон маъмурлари Британия ва Эрон ватандоши Нозанин Зағарий-Ратклифф устидан суд маҳкамаси санасини белгилади. Бу ҳақда аёлнинг турмуш ўртоғига таяниб, Guardian газетаси хабар қилди.

Ричард Ратклиффнинг газетага билдиришича, 10 декабрь куни суд маҳкамаси мажлиси бўлади. Нозанин Зағарий-Ратклифф тарғибот ишлари билан шуғулланганликда айбланмоқда.

2016 йил апрелида ҳибсга олинган Зағарий-Ратклиффга миллий хавфсизликка дахл қилиш билан боғлиқ айб қўйилиб, беш йилга кесилган эди ва айни пайтда қамоқ жазосини ўтамоқда.

Унга Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон 1 ноябрь куни мамлакат парламенти қўмитасида берган баёнотидан сўнг янги айб қўйилади. Жонсон Зағарий-Ратклифф Эронда “журналистларни ўқитиш” билан шуғулланган, деб айтди.

Жонсон кейинчалик берган баёноти учун кечирим сўради ва у нотўғри бўлди, Зағарий-Ратклифф Эронга фақат қариндошларини кўргани борган эди, деди.

Аммо 4 ноябрь куни Зағарий-Ратклифф кутилмаганда суд мажлисига олиб келинди ҳамда Жонсоннинг баёнотидан аёлга “давлат тузимига қарши тарғибот юритиш” деган янги айблов эълон қилиш учун фойдаланилди.

Ричард Ратклифф, Жонсоннинг баёнотидан олдин умр йўлдоши қамоқдан озод этилиши кутилаётган эди, деб айтди.

Зағарий-Ратклиффнинг иш берувчиси Томсон Рейтерс жамғармаси унинг Эронда ишламаганини маълум қилди.

Жонсон яқинда Теҳронга сафар қилмоқчи ва Зағарий-Ратклифф билан учрашиш ниятида эканини билдирди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG